Замонавий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда исломнинг бузиб талқин этилиши
Muallif: . .
Sana: 26.09.2019
1248

Ҳозирда йирик ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар сони миллионлаб, миллиардлаб кишига етган. Улар ўзаро мулоқот қиладилар, сайтларга ўзларининг, яқинларининг фотосуратлари, видеоларини қўядилар, у ёки бу мавзуда фикр алмашадилар. Кимлардир бу сайтларда ўзларининг унутилиб кетган танишларини ва болаликдаги дўстларини топадилар.

Ҳар яхшининг бир камчилиги бўлганидек, тармоқларнинг ҳам бир қанча ёмон томонлари бор. Аввало, ижтимоий тармоқлар – психологик қарамлик ҳисобланади. Кўпгина фойдаланувчилар бундай сайтларга бир киргач, кун бўйи қолиб кетадилар. Натижада уларнинг онгида ҳақиқий ҳаёт билан виртуал олам аралишиб кетади. Инсон виртуал олам бу хаёлот эканиги, реал ҳаётга доим ҳам тўғри келавермаслигини унутиб қўяди. Бунинг оқибатида аянчли ҳодисалар юз беради.

Эндиликда ижобий ёки салбий мазмундаги фикрларнинг глобал тармоққа чиқиши учун бир сония кифоя. Хабарингиз бор, бундан бир қанча муддат муқаддам Янги Зеландияда фожиали теракт юз берди.

Янги Зеландиядаги иккита масжидда отишма содир этилди.

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда жума намозидан кейин содир этилган отишма оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди. Шифохоналарга 30 га яқин ярадор ётқизилди. Дастлаб отишма бир масжидда содир этилгани ва 6 киши яралангани маълум қилинган эди. Маълумотларга кўра ушбу отишмани қуролланган кишилар маҳаллий вақт билан соат 13:45 да ёнма-ён жойлашган “Ал-Нур” ва “Линвуд” масжидига бостириб кириб, чиқиш эшикларини ёпган ҳолда, намозхонларни ўққа тута бошлаган. Отишма содир бўлган вақтда масжидда 300 га яқин киши бўлган.

Ню Зеаланд Ҳералд хабарига кўра, Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ҳужум қилганлардан бири Aвстралиялик 28 ёшли Брентон Таррантдир.

Таъкидланишича, Таррант “Aл-Нур” масжидига ҳужумни ижтимоий тармоқларда жонли трансляция қилган, у 17 дақиқа давом этган.

Нашрдан қўшимча қилинишича, ҳужумдан бироз олдин Таррант ижтимоий тармоқларда Германия канслери Ангела Меркел ва Туркия президенти Реджеб Тайиб Эрдоғанни ўлдиришга чақирган.

Аввалроқ, оммавий ахборот воситалари манбаларга таянган ҳолда ҳужум оқибатида 27 киши қурбон бўлганини хабар берган эди. Кейинчалик жиноятчилардан бири “Aл-Нур” масжидига ҳужумни онлайн трансляция қилгани аниқланди.

Трансляция ижтимоий тармоқларда ҳам олиб борилгани маълум бўлди. Шу жумладан, Facebook ижтимоий тармоғида ҳам ушбу қатлиом онлайн олиб берилгани ҳақида интернет сайтларида хабар берилди.

Бундан ташқари, бу фожиада ҳам мусулмонларни айбдор деганлар топилди. “Euronews” берган хабарга кўра, Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида жума намози пайтида икки масжидда юз берган терактлардан кейин австралиялик сенатор Фрайзер Эн ўз баёнотида ҳужумларнинг сабаби мусулмон аҳоли сонининг ортиши ва иммигрантлар эканини айтди. Унинг фикрича, Янги Зеландиядаги ҳужумлар жамиятда мусулмонларга нисбатан ортган қўрқувнинг белгисидир.

“Бугун Янги Зеландия кўчаларида қон тўкилишининг асл сабаби мутаассиб мусулмонларнинг Янги Зеландияга кўчишига имкон берган иммигратсия сиёсатидир”, - дейди сенатор. Сўзининг охирида у: “Очиқ гапирайлик, бугунги ҳужумнинг қурбонлари мусулмонлар бўлса-да, умуман олганда асл жиноятчилар улар бўлади ва мусулмонлар дунё бўйлаб ўз динлари номидан одамларни ўлдиряпти”, - деди. Шунингдек, исломофоб сенатор ислом дини зўравонлик мафкурасига таянганини иддао қилди.

Кейинроқ Австралия бош вазири Скотт Моррисон унинг сўзларини “жирканч”, унинг нуқтаи назарини эса мамлакат парламенти учун номуносиб деб атаган.

Шу ўринда эътибордан четда қолган бир жиҳат. Ўзи бу теракт ким томонидан уюштирилди? Терактни амалга оширганлар аслида қайси дин вакиллари ва қандай ғояларга эга инсонлар?

Муҳим бир нуқта яна ислом оламининг эътиборидан четда қолмоқда!

Янги Зеландиядаги мазкур террорист машъум ҳодисадан бироз олдин ўзининг виртуал саҳифасида 70 саҳифалик баёнот берган. Баёнотда, энг асосий душман сифатида беш нарса ҳақида сўз боради.

  • Истанбул
  • Аясофия (Истанбул фатҳининг рамзи)
  • Усмонийлар
  • Турклар
  • Эрдўғaн
  • Ижтимоий тармоқларда олдинроқ тарқалган суратларда террористнинг қўлидаги қуролларда усмонийлар давлатига қарши жанг қилган ғайридин қўмондонлар, қўзғолончилар ва мусулмонлар қотили бўлган баъзи жаллодларнинг исмлари ёзилгани маълум бўлди.

    Хулоса қилиб айтганда, ўз хоҳишлари билан ёвузликнинг энг тубига тушган инсонларгина бундай жиноятни катта эҳтирос билан бажарадилар. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар берган имкониятлар эса бу истакни кучайтиради. Шунинг учун ҳар бир шахс турли хил террористик ҳаракатларга тарғиб қилувчи виртуал оламнинг зарарларидан ўзини асраб-авайлаши лозим.

    МАНСУР ЖАМБИЛОВ

    Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

    . .