Уламоларнинг ўрни
Muallif: . .
Sana: 04.10.2019
1266

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

مثل العلماء في الأرض كالنجوم في السماء

“Ер юзидаги уламоларнинг мисоли осмондаги юлдузлар кабидир“, дея марҳамат қилганлар.

Ушбу муборак ҳадис олимларнинг уммат орасида тутган ўрнини ўзига хос тарзда баён этади.

Бу иккисининг орасидаги ўхшашлик нимада? Аллоҳ таоло Қуръони каримда юлдузларнинг учта фойдасини зикр қилган:

وَلَقَدۡ زَيَّنَّا ٱلسَّمَآءَ ٱلدُّنۡيَا بِمَصَٰبِيحَ وَجَعَلۡنَٰهَا رُجُومٗا لِّلشَّيَٰطِينِۖ

Ва дарҳақиқат Биз яқин осмонни чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва у (чироқ)ларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик.

“Мулк“ сураси 5-оят

Демак, юлдузлар осмон учун зийнат ва ўғринча эшитишга уринадиган шайтонлардан муҳофаза қилувчи экан.

Худди шунингдек, илмига амал қилувчи ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий меросхўрлари бўлган уламолар ҳам ер аҳли - Ислом уммати учун зийнатдир. Бирон бидъатчи бир бидъатни пайдо қилса ё адаштирувчи залолатга бошловчи чиқса ёинки диннинг аслларига шубҳа пайдо қилувчи намоён бўлса буларнинг барчасини илм соҳиби бўлган олимлар ўзларининг илмиу ҳикмати ва тақвоси ила сукут қилдириб қўядилар. Ана шундай зотларгина бу кабиларнинг қаршисида туришга қодир бўладилар. Яъни, инсонлардан бўлган шайтонлардан ҳимоя қиладилар.

Учинчи сифатлари эса:

وَعَلَٰمَٰتٖۚ وَبِٱلنَّجۡمِ هُمۡ يَهۡتَدُونَ

Ва аломатлар ҳамда юлдузлар ила улар йўл топурлар.

“Нахл“ сураси, 16-оят

Яъни, ушбу олимлар инсдан бўлган шайтонлар учун оловли учқун бўлишлари билан бир қаторда атрофларидаги ҳидоят истаган ва яхшиликка интилган солиҳлар учун йўлбошчидирлар. Мусулмонлар уларнинг нурларидан ўзларига фойда оладилар. Ҳозир ёнимизда бор бўлган ана шундай зиё соҳибларидан ўзимизга ҳам насиба олиб қолайлик.

Аллоҳ ва Росули васф қилган уламолардан бўлиш барчамизга насиб этсин!

Мир Араб олий мадрасаси талабаси Солиҳов Дилшод

. .