​Жисму жон – раббоний омонат
Muallif: . .
Sana: 05.10.2019
41

Ислом ақидасига кўра, бутун оламни ва ундаги жамики мавжудот ва махлуқотларни ягона Аллоҳ таоло йўқдан бор қилиб яратган. Шу жумладан, инсоннинг жисми ва руҳи ҳам Парвардигори оламнинг яратиғи бўлиб, уларнинг чин эгаси Унинг Ўзидир. Гарчи инсонга шахсий ҳуррият берилган бўлса-да, бу тушунча унинг Аллоҳ таолога бандалик чегарасидан чиқиши ва жисму жони борасида У белгилаб қўйган тартибдан ташқари тарзда тасарруф қилишига ҳуқуқ бермайди.

Ислом шариъатида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши оғир гуноҳ саналади, нақлий ва ақлий далилларга асосланиб бу иш бил-иттифоқ ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 29-оятида: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”, дея марҳамат қилган. “Бақара” сурасининг 195-оятида эса: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг”, дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади. Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).

Жундуб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда бу гуноҳнинг нақадар ёмонлигини билдириш учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтган қавмлар ҳаётидан мисол келтириб айтдилар: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган киши бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, (мен унга берган умрга шукр қилмай) шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, - деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Собит аз-Заҳҳокдан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимки бирор нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оташида ана шу билан азобланади”.

Ушбу ҳадис шарҳида Ибн Дақиқ ал-Ийд (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бу (мазкур ҳадис), охиратдаги азоб уқубатлар дунёда қилинган жиноятлар билан ҳамжинс эканини англатади”. Ибн Ҳажар Асқалоний (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бу ҳадисдан олинадиган хулоса шуки, инсоннинг ўз жонига нисбатан қилган жинояти, гуноҳу маъсиятда худди бошқа бир инсонга нисбатан қилган жиноятидек эътиборга олинади. Чунки унинг жони мутлақ даражада ўзининг мулки эмас. Балки, у Аллоҳ таолонинг мулкидир. Шунинг учун инсон ўз жони борасида ҳам фақатгина Аллоҳ изн берган тартибда тасарруф қилиш ҳуқуқига эга”.

Бугунги кунда айрим радикал гуруҳларнинг “пешволари” томонидан Исломдаги “шаҳидлик” тушунчаси бузиб талқин қилинмоқда. Улар ўзини-ўзи портлатиш орқали худкушлик содир этишга нисбатан “шаҳидлик” дея фатво бериб, ўзларининг таъсирига тушиб қолган қанчадан-қанча илмсиз ёшларнинг дунё-ю охирати хароб бўлишига, кўплаб инсонларнинг умри ҳазон бўлишига сабаб бўлмоқдалар. Бундай ғаразли фатволар на динимиз манбаларига, на соғлом ақл мантиғига тўғри келмаслигини ёшларимиз чуқур англаб етмоқликлари керак. Зеро, муқаддас динимиз ҳеч қачон инсоннинг ўзини-ўзи нобуд қилишини, жисму жонини ҳалокатга ташлашини шаҳидлик, деб баҳоламаган. Аксинча, бундай ҳаракатлар Аллоҳ таолонинг ризосига қарши бориш, раббоний омонатга хиёнат қилиш, Роббул-оламиннинг рубубият ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.

Шундай экан, бу имтиҳон дунёда умримизнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, жисму жонимизни хайрли ишларга сафарбар этмоғимиз лозимдир.

Асрорхон Маҳмудов

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .