​КИМ ҚЎПРОҚ НАДОМАТ ҚИЛАДИ?
Muallif: . .
Sana: 05.10.2019
1637

Иброҳим ибн Уяйнадан: Инсонлардан қай бири энг кўп надомат қилгувчидир,-деб сўрадилар. У зот: Дунёда ношукр инсонга яхшилик қилган кимса, охиратда эса беамал олим энг кўп надомат чекур,-дея жавоб бердилар.

Муҳаддис бу мўъжаз ибора ила энг кўп надомат чекувчи икки шахсни санаб чекландилар. Бундан буз қуйидаги хулосаларни тушунишимиз мумкин:

яхшилик уни қадрлайдиган инсонга килиниши керак. Халқимиз “Сувни сингадиган ерга сеп”, деб бежизга айтмайди. Шу сабаб муҳсин эҳсонининг савоби янада кўпроқ бўлишини хоҳласа, уни ҳақли одамларга қилиши керак.

Яхшиликни қилаётган шахс бу ишидан фақатгина Аллоҳ таоло розилигини умид қилсин. Чунки, амалга риё, таъма аралашса, охиратдаги ажридан маҳрум бўлади. Қолаверса, одамларнинг ҳаммасини ҳам рози этиш амри маҳол. Бу икки иш эҳсон қилувчининг зиммасидадир. Унга амал қилмаган шахс, албатта, надоматда қолади.

Яхшилик кўрган инсон, албатта, аввало, неъмат берувчи Аллоҳга, сўнг сабабчи бўлган муҳсинга шукр-миннатдорчилик изҳор этиши даркор. Ҳадиси шарифда Набиййиз алайҳиссалом: “Кимки инсонларга ташаккур билдирмаса, Аллоҳга ношукрлик қилибди”, дея бизга гўзал хулқни таълим бердилар.

Илм амал учун ўқиб-ўрганилади, ўргатилади. Уни билишнинг ўзидангина олий мақсад ҳосил булмайди. Қуръони каримда беамал кимса устига юк ортилган эшакка ўхшатилишидан бу қандай хунук ҳолатлигини тушунишимиз мумкин.

Демак, икки оламда ҳам надомат чекмаслик учун аждодларимиз таълимига амал қилиб яшашимиз керак.

РАҲМОНҚУЛ АЛИҚУЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .