​Имом Жалолиддин Ас-Суютийнинг Қуръон илмларини ўрганиш борасидаги буюк хизмати
Muallif: . .
Sana: 05.10.2019
39

Динимизнинг асоси ва биринчи манбаси бўлган Қуръони Каримни ўрганиш ҳамда ўргатиш улуғ ибодат саналади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатганлардир”, дея марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам саҳобалар давридан бошлаб барча асрларда мўмин-мусулмонлар Қуръони Каримга оид илмларни ўрганиб, ўзларидан кейинги авлодга уни мукаммал ҳолатда етказишга жиддий аҳамият берганлар.

Ана шундай уламолардан бири, Қуръон илмларини такомилига етказишда беназир хизмат қилган, “Улумул Қуръон”га бағишланган кўплаб асарлари билан Ислом умматининг илм-маърифат хазинасини кенг бойишига салмоқли ҳисса қўшган олим Ҳофиз Жалолиддин Абул Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқиддин Ас-Суютийдир.

У ҳижрий 849 йил ражаб ойининг бошида Қоҳирада туғилган. Беш ярим ёшида отасидан етим қолган. Ас-Суютийнинг отаси вафотидан аввал уламо дўстларига ўғлининг тарбияси билан шуғулланишни васият қилган эди. Улардан бири Камол ибн

Ал-Ҳумом ал-Ҳанафий бўлиб, у бу болакайни ўзи мударрислик қиладиган “Шайхунийя” мадрасасига олиб келиб, унинг

таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Ас-Суютий саккиз ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлади, сўнг бошқа илмий китобларни ҳам ёд олди.

Имом Ас-Суютий олти юзга яқин олимни ўзига устоз билиб, улардан илм ўрганган. “Ат-Таҳаддус биниъматиллаҳ” асарида улардан 130 нафар шайхнинг номлари ва таржимаи ҳолларини баён қилган. Унинг кўплаб шогирдлари дунёга донғи кетган забардаст уламолар бўлиб етишди. Ёзган асарлари эса қарийб олти юзтага етган ва бу асарлар шарқу ғарбда шуҳрат топиб, одамлар эътиборини қозонган. Ас-Суютий шундай тез

ва баракали ёзар эдики, унинг ёзганлари ўтказган ҳар бир куни учун ўттиз саҳифадан тўғри келар эди. Унинг шогирди Имом Шозилий айтади: “Устозимнинг вафотига яқин унга, ёзган асарлари ичидан уни қолдириш, тарқатиш ва кенг оммага ҳавола этишга ўзи қарор этган китобларининг рўйхатини ўз ичига олган “Ал-Фиҳрист”ни ўқиб бердим. Бу рўйхатга киритилган асарларининг сони олти юзтага яқин эди. Аллоҳ устозимни раҳматига олсин, у буларнинг барчасидан дарс айтишим учун менга ижозат берди”.

Имом Ас-Суютий замонасининг энг билимдони бўлиб, ҳадис илмини, ровийларини, матнини, санадини ундан яхшироқ биладиган ва ундан яхшироқ истинбот қила оладиган олим йўқ эди. Ўзининг эътироф этишича икки юз минг ҳадисни ёддан билган. Сўнг айтади: “Агар бундан кўпроқ (ҳадис)ни топганимда, албатта, уни ёд олган бўлар эдим. Эҳтимол, ҳозирда ер юзида ана шундан кўпроқ (ҳадис) мавжуд бўлмаса ажаб эмас”.

Имом Ас-Суютий фиқҳда Шофиъий мазҳабининг аҳли таржиҳ рутбасига чиққан. Бу ҳақида олимнинг ўзи бундай дейди: “Мен таржиҳ даражасига етганимда ҳам фатво айтишда Имом Нававийнинг таржиҳидан ташқарига чиқмадим, гарчи менинг наздимда рожиҳ қавл унинг хилофи бўлса ҳам”. У бир неча асарларида ҳатто ижтиҳод мартабасига етганига ишончи комил эканини очиқ баён қилган. Жумладан, у шундай дейди: “Мен мутлақ ижтиҳод рутбасига етганимда ҳам фатво айтишда Имом Шофиъий (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг мазҳабидан ташқарига чиқмадим. Чунончи, Қаффоли Шоший (роҳимаҳуллоҳ) шундай бўлган эдилар. Бинобарин, мен мазҳабдан ташқари бирор нарсани ихтиёр этмадим, фақат жуда ҳам озгина масалалар бундан мустасно”.

У қуйидаги етти хил илмда даврининг тенгсиз олими бўлиб, шу соҳаларда сермаҳсул китоблар тасниф этган, булар: тафсир, ҳадис, фиқҳ, улумул Қуръон, тарих, наҳв, балоғат илмлари. Ундан кўплаб кароматлар зоҳир бўлгани ривоят қилинган. Илмий фойдалар ва шариъат аҳкомлари ҳақида ёзган туркум шеърлари ҳам мавжуддир. Кўпчилик уламолар Имом

Ас-Суютийнинг тўққизинчи юз йилликнинг мужаддиди эканига гувоҳлик беришган. Бу ҳақида Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий “Фиҳрист ал-фаҳорист”да, Мулло Алий Ал-Қорий “Мишкот

ал-масобиҳ” шарҳида зикр қилганлар.

Қирқ ёшга тўлганда одамлардан ва дунё ишларидан ажралиб, дарс ва фатво беришни тўхтатган, ўзини бутунлай Аллоҳнинг ибодатига бағишлаган. Бу ҳақда “Ат-Танфис” китобида ёзган

ва одамлардан узр сўраган. Умрининг охиригача Нил дарёси соҳилидаги “Равзатул Миқёс” деган жойда яшаган. У ердан чиқмаган ва ҳижрий 911 йил жумодул увло ойининг 19-куни жума оқшомида вафот этган (Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олиб, Фирдавс жаннатидан жой берсин).

Имом Ас-Суютийнинг “Ал-Итқон фи улум ал-Қуръон” асарининг аҳамияти ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, “Улумул Қуръон”нинг таърифи ҳақида қисқача тўхталиб ўтишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

“Улумул Қуръон” – Қуръони Каримнинг нозил бўлиши, тартиби, жамланиши, китобати (ёзилиши), қироати, муҳкам

ва муташобиҳи, носих ва мансухи, эъжози, ундан турли шубҳаларни даф қилиш ва бошқа мавзуларда баҳс юритадиган илмдир. Бу илмни ўрганган киши Қуръони Карим тўғрисида теран ва кенг илмга эга бўлади, ундаги манфаатли билимлар билан қуролланиб, Китобуллоҳнинг буюк шаънини гўзал тарзда ҳимоя қилади, тафсирининг туб-тубигача шўнғийди.

Илмнинг ана шундай муҳим соҳасида битилган мўътабар манбалардан бири сўзсиз “Ал-Итқон фи улум ал-Қуръон” бўлиб, Имом Ас-Суютий бу асарини “Мажмаъул баҳрайн ва матлаъул бадрайн” деб номланган улкан тафсири учун муқаддима сифатида ёзган эди. Бу ҳақида мусаннифнинг ўзи “Ал-Итқон” асари охирида шундай дейди: “Мен тафсир борасида барча илмларни – нақлий тафсирлар, ақлий фикрлар, истинбот, ишорот, луғат, балоғат нукталари, бадиъ гўзалликларини ўзида жамлаган, толиб қўлига олганда бошқасига муҳтож бўлмайдиган бир китоб ёзишни бошладим ва уни “Мажмаъул баҳрайн

ва матлаъул бадрайн” деб номладим. Ушбу китобим “Ал-Итқон” мақсадимдаги китобнинг муқаддимасидир”. Афсуски, унинг “Мажмаъул баҳрайн ва матлаъул бадрайн” деб номланган тафсири бизгача етиб келгани номаълум.

Имом Ас-Суютий “Ал-Итқон” асарини саксонта бобга ажратган. Ўзи зикр қилишича, бу ассимиляция (яъни,

бир-бирига яқин мавзуларни бирлаштириб юбориш) йўлига кўра бўлган. Агар Қуръон илмларига доир ҳар бир мавзуни алоҳида навъ сифатида бобларга ажратилганида, боблар сони уч юзтадан ошиб кетган бўлар эди.

Мусанниф “Ал-Итқон”ни ёзишда ўзи фойдаланган

ва бевосита улардан маълумотларни нақл қилган манбалар рўйхатини китоб муқаддимасида келтириб, илмнинг қайси соҳасига оид эканига кўра бу манбаларни ўнта мажмуага ажратган. Жами фойдаланилган манбалар сони 157 номдаги китобни ташкил этади.

Айниқса, Имом Заркашийнинг “Ал-Бурҳон” асари

“Ал-Итқон” учун асос вазифасини ўтаган десак, муболаға бўлмайди. Зеро, мусанниф “Ал-Бурҳон”дан кенг миқёсда фойдаланган. Қирқ учта ўринда “Ал-Бурҳон”дан қилган нақлларини очиқ баён қилган бўлса, олтмишта ўринда

уни мавҳум иборалар билан зикр қилган. Бироқ, Имом

Ас-Суютий “Ал-Итқон” асарида Қуръон илмларининг ёзилиш тарихида муҳим саналган янги мабҳасларни қўшиш билан

бу илмнинг такомилига етишига жуда катта ҳисса қўшди. Илмий доираларда бу асарнинг жуда катта қизиқиш билан қабул қилиниши

“Ал-Бурҳон”нинг ҳам шуҳрат топишига сабаб бўлди.

Имом Ас-Суютийнинг “Улумул Қуръон” мавзуларига киритган янги қўшимчалари тўрт қисмга бўлинади:

Биринчи қисм “Улумул Қуръон”га бағишлаб ёзилган ўзидан олдинги бирор асарда баҳс юритилмаган мавзулар бўлиб, улар учта навъдан иборат: 1) Арзий (Ерга оид), самоий (самога оид) оятлар. 2) Қуръондан баъзи саҳобаларнинг тиллари узра нозил бўлган оятлар. 3) Қуръондан баъзи Пайғамбарларга нозил қилинган оятлар, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан олдин бирор Пайғамбарга нозил қилинмаган оятлар.

“Ал-Итқон” бобларининг ўн иккинчи навъининг иккинчи ярми ҳам мазкур уч навънинг қаторига қўшилади. Ўн иккинчи навънинг номи “Ҳукми нозил бўлишидан кечиккан оятлар, нозил бўлиши ҳукмидан кечиккан оятлар” бўлиб, бу навнинг иккинчи ярми ҳақида илгари ҳеч ким баҳс юритмаган.

Иккинчи қисм Имом Заркашийнинг “Ал-Бурҳон” асарида мавжуд бўлмаган янги навълар. Бу навълар гарчи

“Ал-Бурҳон”да топилмаса-да, лекин ушбу мавзулар бўйича алоҳида ёки умумий тарзда китоб таълиф қилган кишиларнинг асарларида сочилган ва тартибсиз ҳолда учрайди. Булар ўнта навъни ташкил қилади.

Учинчи қисм асли Имом Заркашийнинг “Ал-Бурҳон” асарида мавжуд бўлган йигирма тўққизта навъга Ас-Суютий томонидан қилинган шаҳобчавий қўшимчалар. Бундай қўшимчалар асосий мавзу ортидан “Фасл”, “Фойда”, “Танбеҳ” каби сарлавҳалар остида келтирилади.

Тўртинчи қисм Имом Заркашийнинг “Ал-Бурҳон” асарида келмаган “Улумул Қуръон” баҳсларига оид янги масалалар.

Бу масалалар ўзи зикр қилинган мабҳаслардаги муҳим қўшимчалар саналади. “Ал-Итқон”да келган бундай қўшимчалар бир юз элликта масалани ўз ичига олади. Мусанниф ҳадислардан, баъзи саҳоба ва тобиъийларнинг асарларидан хулоса қилиб олган ўттиз иккита куллий қоидани бунга мисол қилишимиз мумкин. Мусанниф яна мазкур масалалардан бир қисмини алоҳида ўзи тасниф қилган китоб ва рисолаларнинг қисқартмаси ўлароқ келтирган. Масалан, “Қуръони Каримда келган араблашган лафзлар ҳақидаги фасл”ни ўзининг

“Ал-Муҳаззаб фи ма вақаъа фил-Қуръани минал-муъарраб” китобидан қисқартма қилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишимиз жоизки, “Ал-Итқон” борасида тадқиқот олиб борган уламолар бир овоздан, бу асарда бошқаларда мавжуд бўлмаган фойдалар мужассам эканини, Қуръон илмларидан чуқурроқ хабардор бўлишни истаган ҳар бир олим ва толиби илм бу асардан беҳожат бўла олмаслигини ҳамда бошқа манбалар кишини бу китобдан беҳожат қила олмаслигини таъкидлаганлар.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Маҳмудов Асрорхон тайёрлади

. .