​ВИРТУАЛ МАКОНДАГИ ҲАЁТ..
Muallif: . .
Sana: 26.10.2019
1227

Виртувал маконда ҳаёт кечириш сизу биз ўйлагандан ҳам кўра хавфлироқдир. Масала шу қадар долзарб ва мураккабки, уни сўзсиз муаммо даражасига кўтарса бўлади. Нима учун? Аввало, фактга юзлансак. Бугун дунёда ҳар бир офис ходими кунига ўртача ҳисобда 5-6 соат вақтини компьютер олдида ўтказади. Телефон сўзлашувлари, телевизор, интернет ва компьютер ўйинларини қўшиб ҳисоблаганда, бу рақам икки бараварга ортади. Демак, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш учун куннинг тенг ярмини сарфлар эканмиз.

Ёшлар орасида эса мобиль телефонлардан кейинги ўринда интернет энг оммавий алоқа воситаси эканини исботлашнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. Социологик тадқиқотларга кўра, ер юзи аҳолисининг 22 фоизи интернетдан ҳар куни фойдаланади. Яна бир қизиқ маълумот: ҳозир глобал тармокда энг кўп кўрилувчи юзта веб-сайтнинг йигирматаси ижтимоий тармоқлар туркумига киради, яна олтмиштаси у ёки бу жиҳатдан ижтимоий мазмундаги сайтлардир. Унинг фонида интернет ва айниқса, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларининг сонигина эмас, ушбу тармоқларнинг инсонларга кўрсатаётган таъсири ҳам сезиларли равишда ортиб бораётгани яққол кўзга ташланмокда.

Интернет фойдаланувчиларининг 78 фоизи (аксарияти ёшлар, албатта) ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни ҳаққоний ва холис ахборот, деб ҳисоблайди. Кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказувчи инсонлар улардан, асосан, электрон хат-хабарларни қабул қилиш учун фойдаланишади. Ваҳоланки, шахсий ёзишмалар, айниқса, ижтимоий тармоқлардаги каби қисқа матнли хабарлар керакли ахборотнинг атиги етти фоизини етказа олади холос. Улардаги маълумотларнинг 90 фоизи эса мутлақо бефойда ахборотлардир. Бошқача қилиб айтганда, ижтимоий тармоқларда оз-оздан вақт ўтказганда ҳам инсон бундай машғулотдан деярли ҳеч қандай фойда олмайди.

Аслида биз сўз юритаётган муаммо кўп қирралидир. Унга чуқур кириб борган сари муаммо изидан муаммо келиб чиқаверади. Масалан, ижтимоий тармоқларга тобеликни олайлик. Бу ҳам кўп тармоқли муаммо. Чунки виртуал тобелик инсонда ташқи оламдан ёлғизланиш, реалликдан, шахсий ҳамда ижтимоий ҳаётдаги қийинчилик ва муаммолардан қочиш, уларни кўрмаслик ва тан олмаслик, охир-оқибат эса депрессияга олиб келади. Бу ҳолат ижтимоий психологияда «омма ичидаги ёлғизлик» номини олган. Яъни, инсон бир қарашда ижтимоий фаол муҳитда ҳаёт кечиради-ю, бироқ, борган сари ундан қочишга, ёлғизланишга интилади. Қизиғи шундаки, бундай ҳолат кўпроқ телекоммуникация ва компьютер технологияларидан фойдаланувчи инсонларда кузатилмоқда. «Омма ичидаги ёлғизлик» ҳолатининг салбий оқибати ўлароқ, депрессияга йўлиққан инсонлар ниҳоятда пассив, камҳаракат ва камгап бўлиб қолишади. Шу боис улар виртуал маконда ҳаёт кечиришни маъқул кўришади. Чунки реал ҳаётда яшаш, инсонлар билан мулоқот қилиш кишидан фаолликни, маълум микдорда энергия сарфлашни талаб қилади. Виртуал дунёда эса минимал ҳаракат эвазига деярли барча кутилган натижаларга эришиш мумкин. Бугунги кунда интернет маконида, асосан, кўнгилочар йўналишдаги ижтимоий тармоқларнинг тобора оммалашиб бораётгани шу билан боғлиқ.

Фаол фойдаланувчилар сони бўйича ҳозир дунёда «Ғасеbоок» ижтимоий тармоғи етакчилик қилмокда. Унинг бир ойлик аудиторияси етти юз миллион кишидан ортиқ. Мамлакатимизда мазкур ижтимоий тармоқ

128 минг нафар фойдаланувчисига эга эди (2012 йил февраль ҳолатига кўра). Ўзбекистонлик интернетдан фойдаланувчиларининг 2,5 миллиони www.odnoklassniki.ru сайтида рўйхатдан ўтган. «Одноклассники» 1995 йилда Рэнди Конрад томонидан асос солинган замонавий кўринишдаги биринчи ижтимоий тармоқ Сlаssmates.соmнинг рус тилидаги нусхаси ҳисобланади. Қолаверса, у ҳудудий ижтимоий тармоқ бўлиб, ҳамдўстлик мамлакатлари аудиторияси учун мўлжалланган.

Сўнгги йилларда интернет тармоғида ҳам бир қанча ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқлар пайдо бўлиб қолди. Бироқ, бу каби ижтимоий тармоқлар кўпинча бренд даражасига етган йирик ижтимоий тармоқлардан қисман ёки тўлиқ нусха кўчириш йўли билан шакллантирилмоқда. Уларнинг асосий камчилиги ҳам мана шундадир.

Ижтимоий тармоқ – миллионлаб инсонларни ўз домига тортувчи улкан машинадир. У одамзодни программалаштиради. Яъни, бизни муайян хатти-ҳаракатларни бажаришга ундайди. Унда яхши-ёмон, тўғри-эгри каби ахлоқий мезонлар мавжуд эмас. Масалан, муайян ижтимоий тармоқларда бировни калака қилиб, шаънига номуносиб гапларни айтиш, беҳаё суъратларни жойлаштириш, бегона аёл ёки эркак билан уятсиз мавзуларда суҳбатлашиш каби ҳолатлар нормал ҳодиса сифатида қабул қилиниши мумкин.

Ахлоқий меъёрларнинг бу қадар бузилиши, баъзан эса мутлақо тан олинмаслиги реал ҳаётда инсонлар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, путур етказади.

Маълумот ўрнида айрим мисолларни келтирсак. Бугунги кунда АҚШда қайд этилаётган ҳар бешта ажримдан биттасига ижтимоий тармоқлар сабаб бўлмоқда. Санкт-Петербург психоаналитик маркази мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари эса ажрашган оилаларнинг 15 фоизи ана шу ижтимоий тармоқлар туфайли бўлганини кўрсатди.

Мустақиллигимиз – бу ҳеч кимга қарам бўлмасдан, ўз миллий манфаатларимизни, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлаш, аҳолимизнинг фаровонлигини, халқаро майдонда Ватанимизнинг обрў-эътиборини муносиб даражага кўтаришдир.

Биз олдимизга қўйган буюк мақсадларни амалга оширишда ўтган йиллар давомида эришган ва жаҳон тан олган ютуқ ва марраларимиз, миллий демократик давлат қуриш, иқтисодиётимизни янги асосда ташкил этиш, ҳаётимиз даражаси ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ишларимизни кўрамиз. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг, бутун мамлакатимизнинг қиёфаси тобора очилиб, обод бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Шундай экан айтингларчи бу каби юксак натижаларга истиқлолга эришмасдан туриб етиб боришимиз мумкинмиди? Бунга жавоб битта: йўқ ва асло йўқ. Шундай экан азиз юртдошлар, барчаларимиз биргаликда юртимизнинг келажаги ва фаровонлиги учун биргалашиб жон-жаҳтимиз билан ҳаракат қилайлик.

МАНСУР ЖАМБИЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .