Мавлоно Асирий мадрасасидан топилган қабртош
Muallif: . .
Sana: 18.02.2020
1307

Мавлоно Асирий мадрасаси Бухоро Аркининг жанубий қисмида Мирдўстим кўчасида жойлашган бўлиб, XVIII асрга оид ёдгорлик. Бухоролик тарихчилар Н.Йўлдошев ҳамда Ҳ.Қурбоновлар “Бухоро шаҳри ва унинг атрофидаги зиёратгоҳлар тарихи” китобида таъкидлашича, масжид остида авлиё Мавлоно Асирийнинг муқаддас қабри бўлиб, бу зот Исмоил Сомонийнинг сарой шоирларидан, тариқат ва сўфийликнинг тарғиботчиси бўлган, замона муридларининг валийси бўлган деган маълумот келтирилган.

Бухородаги тарихий обидалар тўғрисида жуда кам маълумотлар сақланганлиги сабаб Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ташаббуси билан обидаларимизни нафақат асраб авайлаш балки уларни илмий тадқиқ килиш ва кенг оммага тадбиқ килиш вазифаси қўйилган.

Мавлоно Асирий мадрасасида ташландиқ ҳолатда ётган қабртош диққатни тортиб, ушбу қабртош маданий мерос бошқармаси лабораториясига келтириб тозаланди, айрим ҳарфлар ўчганлиги учун устидан чизма (прорисовка) қилиб, яхши ўқилишини таъминлаш мақсадида мутахассисга юборилди. Бухоро давлат унверситети доценти А.Болтаев ҳамда вилоят маданий мерос мутахасислари ҳамкорлигида олиб борилган илмий изланишлар натижасига кўра, қабртошдаги битик Муҳаммад Аъзам ибн Солиҳ Асадий Ҳошимий Баҳо ул-пурийнинг “Тазкиратул ҳавонин” асарининг хотимасида келтирилган байтларнинг аслияти ўзгартирилганлиги аниқланди.

Аслияти:

Рўзе фалак ҳар ойина бар ман жафо кунад,

Аз тоби шуъла банд з бандам жудо кунад.

Ё Раб, нигох дор,Ту иймони он касе,

К ин хатти ман бихонаду бар ман дуо кунад.

Ўзгартирилганлиги яъни қабртошдаги битик:

Рўзеки, марг донй умрам раҳо кунад,

З он хоки тийра банд з бандам жудо кунад.

Ё раб нигоҳ дор Ту иймон он касе,

Бар хоки ман нишинаду бар ман дуо кунад.

Мазмуни: Ўлим бир кун келиб, умрим тамом қилғай,раҳо қилғай,

Қаро тупроқ босиб устумни ҳар бандим жудо қилғай

Менинг Парвардигорим Сен ўзинг иймонимни асра,

Ўшал одамниким, қабримни олдида дуо қилғай.

(Таржимон А. Болтаев)

Изоҳ: Қабртош ёзувидаги “иймони он касе” сўзидаги форсий изофада хатога йўл қўйилган ва “нун” ҳарфидан кейин “ё” ҳарфи ортиқча ёзилган. Бу билан муаллиф ниманидир яширинганлиги ёки бизга бу билан жумбоқли тарихга маъноли қарашимиз лозимлигини таъкидламоқда.

Тўртликдан кейинги қаторда қуйидаги сўзлар ёзилган.

Лаънати Худо бар он касеки, сақо хароба кунад.

Афсуски қабртошни кўп қисми сақланмаганлиги туфайли тўлиқ ўрганишнинг имкони йўқ. Аммо юқорида келтирилган маълумотга кўра, бу қабртош эҳтимол Мавлоно Асирийга тегишли бўлиши ҳам мумкин.

Манба: Madaniyat.uz

. .