БУЮК ОМОНАТ
Muallif: . .
Sana: 09.03.2020
1112

Мана муборак Рамазон ойи ҳам яқинлашиб келмоқда.

У ўзи билан бирга энг муқаддас омонатни олиб келмоқда.

Бу ой - мусулмонларни ўзини кераксиз нарсаларга зое қилмасликка ундайдиган ой.

Бу ой - ўзини назорат қилишга ва ўзидаги омонатни ҳимоя қилишга ундайдиган ой. У қайси омонатки, бу ой уни ислом оламига Аллоҳ таоло томонидан олиб келмоқда?

Бу омонат - Қурьон омонати. Қурьон мана шу муборак ойда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Қурьони каримда марҳамат қилиб айтади :

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон тушурилган ойдир” (“Бақара” сураси, 185-оят).

Бу муборак ой бутун ислом оламига улкан омонатни олиб келди. Мусулмон киши ҳамиша Қурьони каримни ўқишга ҳарис бўлиши лозим. Айниқса, Қурьон нозил бўлган ой – Рамазон ойининг ҳар дақиқа ва сониясини ғанимат билишимиз, уни тиловати Қуръон ва зикрлар билан ўтказишимиз бизнинг бу дунёмиз учун ҳам охиратимиз учун ҳам ҳисобсиз фойдалар келтиради.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:

“Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки, У Зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва Шакур

(оз амал учун кўп савоб берувчи)дир” (“Фотир” сураси,

29-30-оятлар).

Аллоҳнинг каломини тиловат қилиш унга кўз югуртириш ёки ёдлаган жойини тадаббур қилмай ўқиш эмас. Қурьон тиловати уни бутун вужуд билан ҳис эртан ҳолда тадаббур ва тафаккур ила ўқиб, унга амал қилиш деганидир. Қурьон тиловати - ҳар мусулмоннинг бурчи. Қайси киши Аллоҳнинг китоби тиловатини билмай туриб бандалик даьвосини қилади?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қурьон тиловатидир”, деганлар. Яна бошқа ҳадисларида: “Қурьон ўқинглар, чунки, у қиёматда ўзининг соҳибларига шафоатчи бўлиб келади”, деганлар. Қурьон ўқувчи киши ҳамиша Аллоҳ каломини ихлос билан тиловат қилиши лозим, бу амали билан Аллоҳнинг розилигини исташи, Унга муқарраб бўлишни ният қилиши лозим. Буюк омонат ҳақида келтирган юқоридаги оят ва ҳадисларимиз денгиздан баъзи томчилар холос. Аммо ақлли кишиларга ишоранинг ўзи кифоя.

Умримиз чегараланган эканини ҳеч ким инкор қилмайди, дунёмиз ва охиратимизни обод қилишга ўзимиз ҳаракат қилишимиз, аҳли оиламизни ҳам буюк омонатдан хабардор қилиб, бу улуғ ишга уларни ҳам ундашимиз керак.

ТЎЙМУРОД САЙЛИЕВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .