Мотуридия таълимоти – жаҳолатга қарши маърифат курашидир
Muallif: . .
Sana: 14.03.2020
1118

Ўзбекистон – дунё цивилизацияси ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти.

Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланадилар. У кишининг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир.

Мотуридий фиқҳ ва калом масалаларига қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиш давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлганлар. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл каби уламолардан илм олганлар ва қуйидаги асарларни ёзиб қолдирганлар: “Китоб ат-Тавҳид” “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”, “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб”. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асарлари ҳам мавжуд.

Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф Исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар, эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солдилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлдилар.

Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида сунний ақидага (таъвилда) зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўрадилар.

Мотуридий таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий бу ҳолга чек қўядилар ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (яъни ҳанафий мазҳаб асосида) ўрнатадилар. У киши барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Имом Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.

Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур халқаро анжуманга 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари билан бир қаторда юртимиз уламолари ҳам иштирок этдилар. Икки кун давомида асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди.

Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

Жумладан, Покистон бош муфтийси, Карачи ислом университети президенти Муҳаммад Рафиъ Усмоний ўз маърузасида ҳозирги кунда интернет тармоғи орқали мотуридийлик таълимотига аёвсиз ҳужумлар уюштирилаётгани билимсизлик натижаси эканини қайд этди.

Малайзия ислом илмлари университети профессори Камолиддин Нуриддин Маржуний мотуридия таълимоти аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, унинг рақибларига раддия беришда улкан фазилатларни намоён этиб бораётгани, унинг таассубдан йироқлиги, мўътадиллиги, ислом ғояларини бағрикенглик тамойилига мос тушунтириши билан барчага ўрнак бўлиб келаётгани таъкидлади.

Туркия ислом илмлари академияси мудири Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурийнинг айрим ёшлар ўзини шариат билимдони қилиб кўрсатган кишиларнинг ҳақиқатни ёлғон билан қориштириб тарғиб этиши натижасида аҳли сунна вал жамоадан бўлган ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларидан йироқлашиб бораётгани, оқибатда ибратли маънавий меросдан узилиб қолаётгани ҳақида гапирди.

Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ул зот асос солган диний таълимот – мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳангдир.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Азизхўжа Иноятов

. .