Аллоҳдан нимани сўрашни биламизми?
Muallif: . .
Sana: 23.03.2020
155

Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган неъматлари шу қадар кўпки, ҳатто уларни санаб саноғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар орасида офият иймондан кейинги энг улуғ неъматдир. Шу боис, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрта-ю кеч Аллоҳ таолодан офиятни сўраб дуо қилар эдилар. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечки пайтда ҳам, тонг отганда ҳам ушбу дуоларни тарк этмас эдилар: “Эй Аллоҳ, албатта, мен Сендан дунё ва охиратдаги офиятни сўрайман. Эй Аллоҳ, албатта, мен Сендан афв (кечиришинг)ни ҳамда диним, дунёйим, аҳлим ва молимда офиятни сўрайман. Эй Аллоҳ, камчилигимни беркит, қўрқинчларимдан омонлик бер. Эй Аллоҳ, олдимдан ва ортимдан, ўнгимдан ва чапимдан ҳамда устимдан мени муҳофаза қил. Остимдан кутилмаганда ҳалокатга дучор қилинишимдан Сенинг улуғлигинг ила паноҳ тилайман” (Абу Довуд ривояти).

Дунёдаги офият – динда фитнага тушиб қолишдан, жисмда турли ҳасталикларга дучор бўлишдан, аҳли-оила ва молу мулкда талофатга рўбарў бўлишдан саломат бўлмоқлик.

Динда фитнага тушиб қолишнинг маъноси шуки, инсонда эътиқодий адашишлар, шак-шубҳалар, нафсоний шаҳватлар, шайтоний васвасалар, тоатларни бажаришда камчиликка йўл қўйиш ва бундан бошқа дину диёнатга зарар берувчи ҳолатларнинг юзага келишидир. Дунёдаги офият сўралганида мана шундай нохушликлардан ҳам саломатлик сўралган бўлади.

Охиратдаги офият эса қабр азобидан, Қиёматнинг даҳшатидан ва дўзах азобидан саломат бўлишдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга ҳам Аллоҳдан офият сўрашни тавсия қилар эдилар. Аббос ибн Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда у зот айтадилар:

– Эй Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ азза ва жалладан нима нарсани сўрашимни ўргатинг, дедим.

– Аллоҳдан офиятни сўранг, дедилар.

Бир неча кун ўтди. Сўнг келиб, эй Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ азза ва жалладан нима нарсани сўрашимни ўргатинг, дедим. Шунда у зот менга: “Эй Аббос, эй Расулуллоҳнинг амакиси, Аллоҳдан дунё ва охиратдаги офиятни сўранг”, дедилар (Термизий ривояти).

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) минбарда туриб йиғладилар ва дедилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввалги йили минбар узра турдилар ва йиғлаб айтдилар: “Аллоҳдан афвни ва офиятни сўранглар. Чунки ҳеч кимга иймондан кейин офиятдан кўра яхшироқ нарса берилмади” (Термизий ривояти).

Бугунлик кунда дунё бўйлаб корона вирус касаллиги кенг тарқалаётган, инсониятни қаттиқ ташвишга солаётган бир пайтда, биз мўмин-мусулмонлар бу ҳасталикнинг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш ила зоҳирий сабабларни бажаришимиз керак. Шу билан бирга, ҳар бир иш Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлишига қатъий ишонган ҳолда тавба-тазарруъда бўлишимиз, дуою илтижоларимизда набавий кўрсатмага биноан доимо Аллоҳ таолодан офиятни сўрашимиз лозимдир. Ана шунда Аллоҳ таолога энг севикли дуони қилган бўламиз. Зеро, Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир банда “Эй Аллоҳ, албатта, мен сендан дунё ва охиратдаги офиятни сўрайман”, дейишидан кўра Аллоҳга севиклироқ дуони қила олмайди”, дея марҳамат қилдилар (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда офиятни ато этсин!

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Маҳмудов Асрорхон тайёрлади.

. .