Тинчлик ва хотиржамликдан улуғ неъмат борми?
Muallif: . .
Sana: 24.03.2020
16

Ҳаммамизга маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир"-деб марҳамат қилди. (Муъминун сураси 1-2-оят). Мана шу оят ҳақида бироз фикр юритадиган бўлсак: инсон, оятда айтилганидек нажот топиши учун, намозларини хушуъ ва хузуъ ила адо этиши лозим. Бу эса, қачон инсон қалбан хотиржам, жисман саломат бўлганида амалга ошади. Агар, ҳозирги кунимиздаги каби турли офатлар, хусусан "коронавирус" вабоси тарқаладиган бўлса, тинчимиз йўқолиб, ибодатларимиздан ҳам ҳаловат кетади. Биз эса бирлашиб, ўзимиз учун, бизни киндик қонимиз тўкилган Ватан учун ҳам Ватанимизни ташқи ва ички ношаръий нарсаллрдан ва турли ваболардан керак бўдса жонимиз билан ҳимоя қилишимиз лозим.

Муқаддас китобимиз Қуръони каримда:

"يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ ٱدْخُلُوا۟ فِى ٱلسِّلْمِ كَآفَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا۟ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيْطَٰنِ إِنَّهُۥ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ

Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир. "-дейилган. (Бақара сураси 208-оят).

Оятдаги "Силм" сўзидан мурод "Ислом" яъни: "Исломга тўлиғича кирингар"- деб тафсир қилишган муфассир уламоларимиз! Шундай бўлсада "Силм" луғатда "Тинчлик" деган маънода келади. Маълум бўлдики Ислом тинчлик дини экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Саломатлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бехабардирлар". (Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мукаррам қилиб яратган инсон ҳаёти учун энг зарур ва буюк неъматлардан бири: тинчлик ва осойишталикдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло "Ҳижр" сурасининг 46-оятида: "У (ер) га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!"-деб марҳамат қилган. Бу оятда ҳам Жаннат аҳлининг абадий ҳаёти тинчлик ва осудаликда кечиши айтилган. Мазкур оят бизга, тинчлик ва хотиржамлик нафақат бу дунёда балки, охиратда ҳам энг улуғ неъматлардан эканини англатади. Юқорида қайд этилгандек, ҳозирги шароитда юртдошларимизнинг зиммасига вожиб бўлиб турган амаллардан бири— тинчлик ва хотиржамликни қадрига етиш ва уни кўз қорачиғидек асрашдир. Чунки, инсон ўз Ватанида тинч-хотиржам яшайди. Узоқ юртда подишоҳ бўлиб юрса ҳам ўз Ватанида, камтарона тинч яшашни соғинади. Буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзга юртда шоҳ бўлишларига қарамай. Ўз юртларини соғинганини яшира олмай, дилидаги сўзларини қоғозга солди:

"Толе йўқку жонимга балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сари юзландим,

Ё Рабб! Нетайин, не юз қаролиғ бўлди".

Шундай экан барчамиз бирлашиб, Ватанимиз тинчлиги учун камарбаста бўлайлик.

Мир Араб олий мадраса талабаси Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли таёрлади.

. .