Карантинни қандай ўтказамиз?
Muallif: . .
Sana: 25.03.2020
187

Мана кунлар ҳам аста-секин исиб, ёз мавсумига ҳам яқинлашиб қоляпмиз. Ҳарорат қанчалик қизиса турли хил касалликлар ва КОРОНАВИРУС деб аталмиш вабо ҳам йўқ бўлиб кетади инша Аллоҳ! Барчамиз ҳозир ўз уйимизда, оила бағрида бехавотир осойишта ўтирибмиз. Бу вақт эса биз учун, энг қимматбаҳо нарсадир.

Ҳадис шарифда ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Саломатлик ва бўш вақт икки улуғ неъматки, бундан кўп инсонлар маҳрумдирлар". (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, ушбу ҳадис шарифдан ҳам маълумки, Инсоннинг танаси саломат ва ибодатлар учун бўш вақти бўлиши ҳам улуғ неъматлардан. Биз бу фурсатдан унумли фойдаланиб, қимматли вақтимизни керакли машғулотлар ила ўтказсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Илмий китоблар мутолаа қилиш ва фарзандларимиз тарбияси учун алоҳида вақт ажратишимиз зарур. Шунда юқоридаги ҳадис шарифда айтилган неъматнинг шукрини адо этган бўламиз! Агар, биз бу вақтларни беҳуда сарфласак! Савдода яъни олди-сотдида зиён кўрган, ўз сармоясини йўқотган кимсадек охират сармоямиздан айрилиб, зиён кўрувчилар сафида бўлишимиз турган гап.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Сўфийлар (Тариқатдаги инсонлар) билан суҳбатдош бўлиб, улардан фақат икки калимани ўргандим. Бири: Вақт — қиличдир! Магар уни кесмасангиз сизни кесиб қўяди. Иккинчиси эса: Нафсингизни доимо ҳақ ила машғул қилинг. Йўқса у, сизни ботил ила банд қилиб қўяди".

Яна бир ривоятда келади: "Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ тунни уч қисмга тақсимлар эдилар. Учдан бир қисми илм ўрганиш учун. Қолган бир қисми ибодатлар учун. Қолган қисми эса уйқу учун!". Шундай экан биродарлар биз ҳам энг қимматбаҳо вақтимизни уламоларимиз каби сарф этайлик. Йўқса, эрта Қиёматда зарар кўрувчилардан бўлмайлик. Ва яна, эҳтиёжсиз кўчага чиқмайлик. Зарур бўлган тақдирда, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, ниқоб тақиб чиқайлик. Бу барчамиз учун ҳам, энг муносиб йўлдир.

Мир Араб олий мадраса талабаси Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли таёрлади

. .