Амир Темурни ўрганайлик! Олий мадрасада танлов ғолиби аниқланди.
Muallif: . .
Sana: 10.04.2020
1123

2020 йил 8-10 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Мир Араб олий мадрасаси томонидан Амир Темур таваллудининг 684 йиллиги муносабати билан, шунингдек, карантин даврида талабаларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтказилиши, таълим-тарбия ишлари самарали ташкил этилиши мақсадида танлов ўтказилди.

Мазкур танлов шартига мувофиқ Мир Араб олий мадрасасининг барча курс талабалари қуйидаги мавзулар доирасида мақолалар тақдим этиши ва танлов ғолиби мукофот билан тақдирланиши эълон қилинди:

- “Темур тузуклари” асарининг тарихий-илмий ва маънавий-маърифий аҳамияти;

- Темурийлар даврида ислом динига бўлган эътибор;

- Амир Темурнинг устозлари;

- Темурийлар даври уламолари;

- Темурийлар даврида ёзилган асарлар.

Танловнинг якуний босқичида талабалар томонидан тақдим этилган барча мақолалар Мир Араб олий мадрасасида тузилган махсус комиссия томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди.

Мақолаларга баҳо беришда мақолалар тайёрлаш бўйича қоидаларга риоя қилингани, талабанинг мустақил фикрлари, шахсий таҳлиллари, мақоланинг савияси, кенг қамровлилиги, тил қоидаларига риоя қилингани каби омилларга эътибор қаратилди. Шунингдек, мутахассис иштирокида мақоладаги маълумотларнинг неча фоизи манбалардан олингани

ва неча фоизи талабанинг мустақил фикрлари, шахсий таҳлиллари экани ўрганиб чиқилди.

Таҳлиллар ва ўрганишлар якунига кўра Амир Темур даврида яшаб, ижод қилган аллома Саъдуддин Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ ҳақларида ёзилган “Алломалик сирлари…” мақоласи муаллифи, Мир Араб олий мадрасасининг 3-курс талабаси Солихов Дилшод Усмон ўғли ғолиб деб топилди ва унинг мақоласи Мир Араб олий мадрасаси сайтида эълон қилинди.

Танлов ғолиби Солихов Дилшод Усмон ўғлига Мир Араб олий мадрасаси томонидан беш юз минг сўм миқдорида пул мукофоти берилди.

М.Ходжаев

Мир Араб олий мадрасаси

Маънавий-ишлар бўйича проректори

. .