Карантинда уйда қолинг!
Muallif: . .
Sana: 16.04.2020
1038

Mаълумки, кўплаб давлатлар қатори бизнинг юртимизда ҳам коронавирус сабабли карантин эълон қилинган. Бундан кўзда тутилган мақсад — халқимизнинг саломатлиги ва тинчлигидир. Афсуски, бу масъулияти ҳали ҳам ҳис этмасдан бепарволик билан ҳаракат қилаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас! Ватанимизга тезроқ тинчлик ва осойишталикни қайтариш учун, юртбошимиз бошчи ҳуқуқ-тартибот органлари, тиббиёт ходимлари ва диний уламоларимиз бир ёқадан бош чиқариб, кечаю кундуз хизмат қилмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

"وَلَا تُلْقُوا۟ بِأَيْدِيكُمْ إِلَى ٱلتَّهْلُكَةِ"

«Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» (Бақара 195-оят). Яъни: ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Бир киши ўзининг ўлимига ўзи сабаб бўлса, ўзини ўзи ўлдирди, дейилади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсон ўзининг ўлимига сабабчи бўлишидан қайтармоқда.

Бошқа бир оятда эса қуйидагича марҳамат қилади:

وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُّتَعَمِّدًا فَجَزَآؤُهُۥ جَهَنَّمُ خَٰلِدًا فِيهَا وَغَضِبَ ٱللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُۥ وَأَعَدَّ لَهُۥ عَذَابًا عَظِيمًا

"Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир".(нисо сураси 93-оят).

Бизнинг карантин вақтида уйда ўтиришимиз эса нафақат ўзимизнинг балки, ўзгаларнинг ҳам саломатлигига хизмат қилади. Бепарволик қилиб юришимиз эса юқоридаги оятларга зид эканини теран англамоғимиз зарур.

Ҳадис шарифда ривоят қилинади:

"المسلم من سلم المسلمون من لسانه ويده"

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Мусулмон — мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўладиган кимсадир".(Имом Бухорий ривояти).

Биз мусулмонлар ҳадисда айтилгани каби бирор кишига зарар бермайдиган комил мўмин бўлишимиз керак эмасми?!

Қолаверса бошлиқларимизга бўйин сунишимиз ҳам вожибдир.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 59-оятида марҳамат қилади:

"يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓا۟ أَطِيعُوا۟ ٱللَّهَ وَأَطِيعُوا۟ ٱلرَّسُولَ وَأُو۟لِى ٱلْأَمْرِ مِنكُمْ..."

"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг". Яъни: биз аввало Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ўзимиздан бўлган бошлиқларимизга итоат этишимиз лозим. Ҳурматли юртдошлар! Карантин қоидаларига риоя этишга масъулият ила қарайлик, заруратсиз кўчага чиқмайлик. Ҳозирги пандемия даврида бепарволик қилиб, карантин қоидаларини менсимайдиган бўлсак, юқорида келтирилган бир қанча оят ва ҳадисларга зид эканини, бир қанча жиҳатдардан гуноҳкор бўлаётгагимизни ёдда тутайлик. Қанчалик карантинга амал қилсак, шунчалик тез аввалги тинч-тотув ҳаётимизга қайтамиз!

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли

. .