ИМОМ САККОКИЙ ВА УНИНГ «МИФТАҲУЛ УЛУМ» («ИЛМЛАР КАЛИТИ») АСАРИ (4-МАҚОЛА)
Muallif: . .
Sana: 04.05.2020
1224

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Имом Саккокий ва унинг «Мифтаҳул улум» («Илмлар калити») асари (4-мақола)

(1-мақолани ўқиш)

(2-мақолани ўқиш)

(3-мақолани ўқиш)

Мантиқ қандай илм?

Бир инсон фикр юритмоқда, дейилганда нима тушунилади? У ўзида бор бўлган, ўзи учун маълум бўлган нарсаларни муносиб тарзда тартиблаб, билмоқчи бўлган нарсасини чиқаришга уринаётгани англанади. Мана шу фикрдир. Маълум маълумотларнинг муносибларини танлаш ва уларни тўғри тартиблаш асослари ва қоидалари айнан мантиқ илмида ўрганилади.

Мантиқ илмида маълумотлар ўрганилмайди. Мантиқ илмини ўрганган одам ҳамма нарсани билади, дейиш хато. Чунки, мантиқ илми маълум нарсалардан фойдаланиб номаълум нарсаларни билиш қоидаларини ўргатади холос.

Мантиқ илмини ўрганса, барча номаълум нарсани билиб олади, деб ўйлаган киши ҳам хато қилади. Қачонки керакли ва муносиб маълумотлари бўлсагина билиши мумкин. Чунки, мантиқ илми восита бўлиб, худди пичоқ каби - кесадиган нарса бўлмаса, у ўз вазифасини бажара олмайди.

Унинг хулосаси бир нарсанинг моҳиятини ёки бир нарсанинг бошқасига бўлган нисбатини билишдир. Бундан бошқа нарса йўқ.

Инсондаги фикр икки хил бўлади: 1- бир нарсанинг моҳияти ҳақида; 2- бир моҳият билан бошқа бир моҳиятнинг нисбати ҳақида;

Зеҳнимиздаги баъзи нарсаларнинг моҳияти маълум(масалан, намоз) ва баъзилари номаълум. Шунингдек, баъзи нисбатлар маълум (масалан, намоз фарз, олам ҳодис, рибо ҳаром, кабилар) ва баъзилари номаълум. Демак, у - фикрлаш қоидалари ҳақидаги илм бўлиб, маълумотларни тўғри тартиблаш қоидаларини ўргатади.

У меъзон илми, деб ҳам номланган. Яъни, номаълум нарсаларни аниқлаш учун маълумотлар тортиб кўриладиган «тарозу».

«Ходимул улум» яъни, илмларга хизмат қилади. Ҳар бир илмда маълум нарсалардан фойдаланиб, номаълум нарсалар билинади. Китоб ва Суннатни фаҳмлаш учун зарур бўлган илмларни билиш ва тўғри тушуниш мантиқга тааллуқли бўлган.

Имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳи:

من لا معرفة لعلم المنطق لا ثقة بعلمه

Ким мантиқ илмини билмаса, унинг илмига ишонч йўқ(яъни, у асосга таянмаганлиги учун ўрганган илмини нотўғри тушунади ва қатъийлик йўққа чиқади), деган.

Шайх Санусий роҳимаҳуллоҳ эса:

Ким ушбу илмнинг қоидаларини мустаҳкам ўрганса, бошқа илмлар унинг кафтида бўлади, деб айтган.

Имом Саккокий роҳимаҳуллоҳнинг ушбу «Илмлар калити» асарини ўрганишда ана шу жиҳатларга ҳам эътибор беришимиз лозим.

Бу китоб ўзидан кейинги асарлар учун алоҳида асос бўлиб қолди. Уламолар «Мифтаҳул улум» китобини тахлис (мухтасар) ҳам қилишган. Унга кўплаб ва қайта-қайта шарҳлар ёзилган. Шеърий тарзда назмга солингани ҳам маълум.

«Мифтаҳул улум» асарининг нусхалари ва унга ёзилган шарҳлар:

Асарга тўла шарҳ ёзган олим - Мавло Ҳисомуддин Хоразмий роҳимаҳуллоҳдир (ҳижрий 710-йил).

Асарнинг 3-қисмига шарҳ ёзган олимлар кўп бўлиб шулардан учтасини келтирилади:

Қутбуддин Маҳмуд ибн Масъуд Шерозий;

Аллома Саъдуддин Тафтазоний;

Саййид Шариф Али ибн Муҳаммад Журжоний роҳимаҳумуллоҳ;

Бошқа шарҳлар:

- Муҳаммад ибн Музаффаруддин Хилхолий шарҳи (ҳижрий 745-йил)

- Ибнуш Шайх Увайна Али ибн Ҳусайн Шофеъий шарҳи (ҳижрий 755-йил)

- Жамолуддин ибн Муҳаммад Шариший шарҳи (ҳижрий 769-йил)

- Ибн Камол Пошо Ҳанафий шарҳи (ҳижрий 940-йил)

Имом Субкий роҳимаҳуллоҳ унинг бошқа яна бир қанча шарҳларини айтиб ўтган.

«Мифтаҳул улум»нинг мухтасарлари:

- Саккокий роҳимаҳуллоҳ ўзи уни мухтасар қилган ва «Тибён» деб номлаган(Аммо, бу бизгача етиб келмаган).

- Бадриддин ибн Молик, «Мисбоҳ фи ихтисорил мифтоҳ» (ҳижрий 686-йил)

- Хатиб Қазвиний, «Талхисул мифтоҳ» (ҳижрий 739-йил)

- Азудуддин Ийжий, «Ал-Фавоидул ғиёсийя» (ҳижрий 756-йил)

- Мавло Ҳусан мухтасари (ҳижрий 990-йил)

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдураҳмон Марокаший «Мифтаҳул улум» асарини назмга солиб, унга ўзи шарҳ ҳам ёзган. Шарҳнинг номи «Зовуъл мисбоҳ ала таржийзил мисбоҳ»дир.

«Мифтаҳул улум» асарини мухтасарлари ичида Хатиб Қазвиний роҳимаҳуллоҳнинг «Талхис»и кенг тарқалган бўлиб, унга муаллифнинг ўзи ва бошқа кўплаб олимлар шарҳ ёзишган. Улардан энг машҳурларидан Аллома Садуддин Тафтазоний, Ибн Яқуб Мағрибий ва Тожуддин Субкий роҳимаҳумуллоҳнинг шарҳларини келтиришимиз мумкин.

Бу асарнинг бизда битта қўлёзма (7843-ИВ), тошбосма нусхалари (11657,15182,12369,5858,6991) Шарқшунослик қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Доктор Абдулҳамид Ҳиндовий Мисрдаги Дорул-кутуб кутубхонсида қуйидаги рақам остидаги қўлёзмаларни келтиради:

64 Балоға, факсимил 13272

65 Балоға, факсимил 15803

66 Балоға, факсимил 15804

276 Балоға, факсимил 175490

Асар бир неча марта нашр қилинган бўлиб, таҳқиқ қилинмаган. Келтирилган мисол, далил ва шеърлар муаллифнинг сўзларидан ажратилмаган. Фақат, ҳижрий 1356-йили Мисрдаги Ҳалабий босмахонасида чоп этилган нашрда тартибга солинган тарздадир.

Саккокий роҳимаҳуллоҳ ўз асарини: «Дарҳақиқат, куч-қудрати олий Аллоҳ муваффақ қилиб, сўз мана шу жойга етди. Китобни Аллоҳ таолога ҳамду сано ва энг хайрли зотларга саловат айтиш ила якунлашни афзал кўрдик», дея ниҳоялайди. Аллоҳ таоло у зотнинг улкан хизматларини қабул қилсин!

Бизнинг диёрлардан яна Имом Саккокий роҳимаҳуллоҳ каби алломаларни чиқаришини сўраб Аллоҳ таолога дуо қиламиз. Бу улуғ инсонларнинг ҳаётларидан ибрат ва намуна олиб, уларга муносиб ворис бўлиш барчамизга насиб этсин!

Фойдаланилган адабиётлар:

Доктор Аҳмад Матлуб. Ал-балоға иъндас-Саккокий. - Бағдод: Мактаба ан-наҳза, 1964.

Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Мақдисий. Аҳсанут-тақосим фи маърифатил ақолим.

Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний. Ал-Мутоввал ала ат-талхис. - Байрут: Дор ал-Кутуб ал-илмийя, 2013.

Аллома Ахзарий. Изоҳул мубҳам мин маъоний ас-суллам. - Байрут: Мактаба Маъориф, 2006.

Абу ал-Фидо Зайнуддин Қосим Қутлубағо ас-Судуний. Тожу ат-Тарожим. – Дамашқ: Дор ал-Қалам, 1992.

Ал-Ҳафиз Жалолиддин Абдураҳмон ас-Суютий. Таҳқиқ Маҳаммад Иброҳим. Бағиййату ал-вуат фи табақат ал-луғавиййин ва ан-нуҳат. – Қоҳира: Матбаа Исо ал-Бобий. 1965.

Абу ал-Фалаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад. Шазарат аз-заҳаб фи ахбар ман заҳаб. – Дамашқ: Дор Ибн Касир. 1991.

Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир. Ал-Жавоҳир ал-мадиййа фи табақот ал-ҳанафиййа. – Жиза: Ҳажар. 1993.

Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳиййа фи тарожим ал-ҳанафиййа. – Қоҳира: Дор ал-китаб ал-исломий. 1990.

Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун ан асмаъи ал-кутуб ва ал-фунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос. 1991.

Умар Ризо Куҳала. Муъжам ал-муаллифин. – Байрут: Муассаса ар-рисала. 1993.

Ёқут ал-Ҳамавий ар-Румий. Муъжам ал-удаба иршад ал-ариб ила маърифати ал-адиб. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий.1993.


Мир Араб олий мадрасаси 3- курс талабаси

Солихов Дилшод Усмон ўғли

. .