МАШАҚҚАТДАН СЎНГ ОСОНЛИК КЕЛУР! САРДОБАДАГИ МУСИБАТ АҲЛИГА ҲАМДАРД БЎЛАЙЛИК!
Muallif: . .
Sana: 04.05.2020
1096

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони бузилиши натижасида юзага келган тошқин туфайли минглаб ватандошларимиз бошпанасиз қолди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев зудлик билан воқеа жойига бориб, тегишли

чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди, маҳаллий аҳолига ҳамдардлик билдирди, уларга давлатимиз томонидан кўмак берилишини билдирди.

Сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга барчамиз ҳамдардлик билдириб, Аллоҳдан уларга сабру бардош беришини сўраб қоламиз.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир”. Шундай экан мусибат қанчалик улкан бўлмасин, ортида саноқсиз осудаликлар бор.

Фақат, ушбу машаққатли кунларда шошма-шошарлик қилмасдан, чиройли сабр қилиб ўтиш лозим.

Абу Убайда роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Билинг! сизга мусибат етиб турган чоғда, сизга етиши мумкин бўлган ундан ҳам оғирроқлари бор эди, улардан омонда эканингизга шукр қилиб, ўзингизга етганини енгил сананг”. Ҳакимлар айтадилар: “Ишларнинг оқибатини биз билмаймиз. Гоҳида ёмон кўрган нарсамиз аслида яхшилик, яхши кўрган нарсамиз эса бизга зарар бўлиши мумкин...”. Ҳозирги кунда мамлакатимизда бир қанча табиий офатлар рўй берди. Хусусан, Бухорода кучли шамол бўлди, Сирдарёда сув тошқини юз берди. Албатта, ҳар бир иш Аллоҳнинг қудратидадир. Биз ҳам ношукрлик қилмасдан, сабр қилиб, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, ҳаммасини енгиб ўтамиз. Фақат, тушкунликка тушмасак бас. Юртбошимиз бошчилигида қанчадан-қанча соҳа мутахассислари мусибат аҳлига кўмаклашиш учун кечаю кундуз ҳаракат қилишмоқда. Биз ҳам уларнинг кўрсатмаларига амал қилиб ҳаракат қилсак, қийин аҳволга тушганларга имкон қадар ёрдам кўрсатсак динимиз таълимотига мувофиқ иш қилган бўламиз.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, оятда зикр қилинган осонликка етишишга боис бўладиган энг муҳим нарса Аллоҳга қайтишликдир.

Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида Расулимиз алайҳиссалом тиллари билан қуйидаги амалга буюрган:

“Мен дедимки: “Парвардигорингиз (Оллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта, У ўта мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур” (Нуҳ сураси, 10-11-12-оятлар).

Шу билан бирга, ҳадисларда кўрсатмалар келганки: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унинг учун ҳар қандай ғамдан қутулиш, ҳар қандай сиқилишдан чиқиш йўлини кўрсатур”.

Аллоҳ таоло юртимизга тез фурсатда осуда кунларни қайтарсин!

МАНСУР ЖАМБИЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .