​Аллоҳнинг Росулини қандай “кутиб оламиз“?
Muallif: . .
Sana: 21.05.2020
1165

Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Унинг сўнгги Пайғамбари, Қиёматга қадар келадиган инсонларнинг ҳидоят чироғи Муҳаммад Мустафо (саллоллоҳу алайҳи васаллам)га дуруду саловатлар бўлсин. Биз мусулмонлар Робийъул-аввал ойини ўзгача иштиёқ ва соғинч билан йил бўйи кутамиз. Чунки, бу ойда Ҳабибимиз Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топганлар. Бу муборак ой кириши билан Ул зотга саловат айтишни кўпайтирамиз, ҳаёт йўлларини ўрганамиз ва бунда мусобақалашамиз. Бир сўз билан айтганда, ушбу барокатли ойни муносиб кутиб олишга ҳаракат қиламиз. Келинг, шу ўринда бизларга ҳар жабҳада ўрнак бўлган саҳобийлар ҳаётидан бир лавҳани ўрганайликда, бундан ўзимизга хос гўзал намуна олайлик.

Абу Айюб ал-Ансорий(розияллоҳу анҳу)

Асл исмлари Холид ибн Зайд ибн Кулайб бўлган бу саҳобий бошқа саҳобийлардан бир ҳодиса туфайли ажралиб турар эдилар.

“Нубувватнинг ўн учинчи йили Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Маккадан Мадина томон ҳижрат сафарига йўл олдилар. Бундан хабар топган Мадина мусулмонлари ўзида йўқ ҳурсанд ва ҳамма Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам келишларига тайёргарлик кўрар, бутун шаҳар ўз Саййиди учун безанар эди. Ҳар куни барча мусулмонлар тўпланиб ул зотни қаршилаш учун тайёр ҳолда туришарди. Аммо, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Савр ғорида уч кун қолганлари учун тахмин қилинган вақтдан ушланиб қолган эдилар. Мана шундай интизорли кунларнинг бирида узоқдан Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам туяга минган ҳолда кўрина бошладилар. Барча ўзида йўқ ҳурсанд, ҳамма ул зотни тезроқ муборак юзларини кўришга муштоқ эди. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳар сари яқинлашиб борар эканлар Мадинадаги обрўли кишилар ул зотни қаршилаб ўз уйлари томон туя жиловини торта бошладилар. Шунда, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Уни тек қўйинглар, у (Роббиси томонидан) буюрилгандир“ дердилар.

Шу зайл туя Мадина кўчаларидан бирма-бир ўта бошлади. Туя ортидан мунгли қалб ила кўз ёшли хонадонларни қолдирар лекин, айни вақтда кейинги хонадон соҳибларига ўзгача сурур ва умид бағишлар эди. Хўш, бугун ким икки дунё сарвари Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни ўз уйига олиб киради. Барча бундай улкан насиба кимга бўлишини билиш учун туя ортидан эргашди.

Туя Аллоҳ таолонинг изни ила тўхтади, ерга чўкди. Барча бу юксак мартаба кимга насиб қилганини тезроқ билгиси келарди. Бу ер Абу Айюб хонодони яқинидаги майдонча эди. Шу пайт Абу Айюб Ал-Ансорий Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам томон шошилди ва ўз хонодонига таклиф қилди , Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини худди дунёнинг барча бойликларини қўлга киритгадек кўтариб уйи томон юзланди...

Абу Айюб хонадони икки қаватли бўлиб иккинчи қаватини Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам учун бўшатиб берди. Лекин, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам пастки қаватда истиқомат қилишни афзал кўрдилар. Абу Айюб ҳам дарҳол “Ҳўп бўлади“ - дея ўзи ва аёли Умму Айюб билан иккинчи қаватга жойлашди.

Кеч тушгач Абу Айюб ва Умму Айюб юқорига кўтарилишди. Хонага кириб эшик ёпилгач Абу Айюб аёлига айтди:

-Ҳолинга вой бўлсин! Биз нима қилиб қўйдик ўзи! Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам биздан пастдаку, биз эса ул зотдан юқорида бўламизми?! Набий ва ваҳий орасида бўламизми?! Ундай бўлса ҳалок бўлувчиларданмиз!

Эр-хотин нима қилишларини билмай надомат чекиб туриб қолишди. Охир оқибат Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жуссалари устига тўғри келиб қолмайдиган тарзда хона бурчагига жойлашишди ва фақат хонанинг чекка қирғоқларидангина юришди.

Тонг отгач Абу Айюб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга айтди:

- Аллоҳга қасамки бу кеча мен ҳам Умму Айюб ҳам ухламадик!

Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ажабланиб: «Нима сабабдан эй Абу Айюб?»,- дедилар. Абу Айюб эса: «Мен уйни тепасида, сиз эса пастда эканингиз ва мен бирор ҳаракат қилсам сизга юқоридан чангу ғуборлар тушиб сизга озор беришини ўйладим. Сўнг, яна мен Набий ва ваҳий ўртасида туриб қолганимни эсладим»,- дея жавоб берди.

Шунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам одамлар ул зотни зиёратига кўп келгани боис пастки қаватни танлаганликларини айтиб «Ўзинга раҳим қил! Эй, Абу Айюб!»,- дедилар.

Абу Айюб кейинчалик бу воқеани эслаб айтади:

Росулуллоҳ айтганларига мувофиқ яшай бошладим. Бу ҳолат то бир ҳодиса юз бермагунигача давом этди:

Совуқ тунларнинг бирида хонамизда суви бор кўза синиб қолди. Мен ва Умму Айюб қарасак қўлимизда кечаси устимизга ёпадиган бир дона чойшабдан ўзга нарса йўқ. Сув Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга етиб озор беришидан ва безўвта бўлишларидан хавфсираб ўша чойшаб билан сувни шимдириб олдик.

Тонг отгач, Росулуллоҳга тунда бўлган ҳодисани айтиб “Ота онам сизга фидо бўлсин! Мен сиздан баландда, сиз эса мендан пастда бўлишингизни ёмон кўраман!“,- дедим.

Ул зот менга розилик билдириб юқори хонага кўчиб ўтдилар.“

Бу воқеа ана шундай бўлган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Айюб хонадонида етти ой истиқомат қилдилар. Етти ой мобайнида Абу Айюб хонадони башариятнинг энг афзали Набийларнинг сўнгиси - Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан зийнатланди ва шарафланди.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Абу Айюбни жуда яхши кўриб қолдилар ва ҳар сафар унинг уйи ёнидан ўтганларида худди ўз уйларига қарагандек кўринар эдилар.

Энди бир савол пайдо бўлади “Биз ҳам Абу Айюбдек Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрларини қозониш учун нима қилсак бўлади? Ахир, биз Росулуллоҳга ўз уйимизни бўшатиб беролмаймиз, асри саодатта эмасмизку!“.

Бунга жавобан биргина сўз айтамиз: “Қалб қасрингиздаги энг мўътабар ва энг азиз хонани топинг, қарангчи унда нималар ёки кимлар бор?!

Чиқаринг! Унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатини жойлаштиринг!

Бўшатинг! Унга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун муносиб бўлиш иштиёқини олиб киринг!

Эсда тутинг! У хона қалбингиздаги шундай бир хона бўлсинки, унга бошқа хоналарнинг ҳатто чанги ҳам зарар бера олмасин!

Унутманг! Аллоҳ таоло Қурони Каримда қуйидагича марҳамат қилган:

قل إن كنتم تحبون الله فاتبعوني يحببكم الله و يغفر لكم ذنوبكم و الله غفور رحيم

Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт.

(“Оли Имрон“ сураси, 31-оят)

Аллоҳ таоло бирор бандани ўз муҳаббатига сабабчи қилиб боғламаган илло Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан мустаснодирлар. Сиз бу муҳаббатни қалбингизга жойлаштириб Роббингиз севгисига ҳам эришасиз!

Аллоҳ таоло барчамизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севгиси орқали Ўзининг муҳаббатига эришишимизни насиб қилсин!


Мир Араб олий мадрасаси талабаси Абдуллаев Алиакбар

. .