Ўзбекистон барчамизнинг тарихий ватанимиздир
Muallif: . .
Sana: 01.07.2020
1116

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг илк кунлариданоқ Ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ аждодларимизнинг ёрқин хотираларини эъзозлаш, уларнинг илмий-маънавий меросларини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизни маърифий ислом таълимотлари билан баҳраманд этиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди.

Айниқса, сўнгги йилларда, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида аждодларимиз хотирасини улуғлаш, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, уларнинг мусулмон оламидаги нуфузини янада ошириш, бой маънавий меросини ўрганиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида тарихий ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди.

Ислом оламида “Ҳадис илмининг султони” номи билан эъзозланадиган Имом Бухорий, суннат илми денгизи Имом Термизий, ақида имомларининг буюги Имом Мотуридий, тасаввуф оламининг ёрқин чироқлари Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори Валий, ислом ҳуқуқшунослиги забардаст устунларидан Бурҳониддин Марғиноний, аниқ фанлар устозлари Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби аждодларимизнинг илмий мерослари янада чуқурроқ ўрганилмоқда, улар қўним топган масканлар ободонлаштирилиб, халқимизнинг севимли зиёратгоҳларига айлантирилмоқда.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси ISESCO қарорига биноан 2020 йилда Бухоро шаҳри “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. Бу қарор юртимиз алломаларининг муқаддас динимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасининг яна бир эътирофи бўлди. Айнан шу йили республикамиз Президентининг “Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан бу алломаларнинг юбилей тадбирлари ҳам бўлиб ўтади.

Бу каби ташаббус ва илғор ғоялар Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан нафақат юртимиз доирасида, балки, халқаро майдонларда ҳам илгари сурилмоқда. Жумладан, Юртбошимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб таъкидлаб ўтдилар.

Албатта, дин соҳасининг асосий шиори сифатида “жаҳолатга қарши маърифат” бугунги кунда халқимиз, айниқса, ёшларимизни экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм каби иллатлардан ҳимоя қилиш, ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳамда олдини олишга қаратилган маърифатпарвар ҳаракат асосида амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда диний ҳаёт учта тушунча билан тавсифланади, уларга эришиш давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади:

1) диний плюрализм - ҳар бир одамда ўз эътиқодларининг мавжудлиги;

2) диний бағрикенглик - фуқароларнинг турли дин вакилларига нисбатан ўзаро ҳурмати ва тинчлиги;

3) динлараро мулоқот - мамлакатдаги динлар ўртасидаги самарали муносабатлар. Ушбу уч тамойилни мамлакатимиз фуқаролари томонидан англаб етилиши диннинг муносиб ўрнини тиклашидан далолат беради ва эркин, демократик жамиятда

16 диний конфессияларнинг тинч-тотув яшаши билан тасдиқланади.

Миллатлараро тотувлик масаласида ҳам Юртимизда олиб борилаётган ишлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишга арзигулик. Бугун юртимизда 137 миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб келишмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда турли дин ва миллат вакилларининг бирдек жонбозлик билан ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Айниқса, пандемия туфайли жамиятимизда юзага келган муаммоларнинг бартараф этилиши ҳамда бу каби синовдан ўтиб олишимизда диний соҳа вакиллари давлат идоралари билан елкама-елка иш олиб бордилар. Сардоба сув омбори ёки Бухоро вилоятида бўрон туфайли аҳоли бошига келган талофатларни бартараф қилишда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари биринчилардан бўлдилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу эзгу ишлардан кўзланган пировард мақсад халқимиз учун қадимдан анъанавий бўлиб келаётган диний-маънавий меросга садоқатни мустаҳкамлаш, шу орқали юртдошларимиз, хусусан, ёшларда миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, бунёдкорлик туйғуларини шакллантириш, уларни миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашга амалий ҳисса қўшиш ҳамда маърифий исломнинг асл қадриятларини сингдиришдан иборатдир.

ҲАЙДАРХОН ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ

Мир Араб олий мадрасаси ректори

. .