«Хизбут-таҳрир»нинг тарихи ва даъволари
Muallif: . .
Sana: 11.07.2020
1345

Ҳозирги кунда кўплаб фитналарга ва ихтилофларга сабаб бўлаётган фирқалардан бири «Ҳизбут-таҳрир»дир. Унинг ўзига хос хусусиятларидан бири, ақлни бош мезон қилиб олиш ва халифаликни қайти тиклашга даъват қилишдир. Улар кўпроқ ақлга суянганликларидан ожиз ақллари идрок қила олмаган баъзи шаръий ҳукмларда ва эътиқодда хатога йўл қўядилар.

Ушбу партиянинг асосчиси Фаластинлик Тақйиддин Набаҳоний бўлиб, у Мисрдаги «Ал-азҳар » ва Қоҳира дорулфунунида таҳсил олган. Фаластинда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик Байтул-мақдисдаги шаръий истеъноф маҳкамасига аъзо этиб тайинланган. 1952 йилда Ушбу хизбни таъсис этиб, уни бошқариш, китоб ва бошқа нашрлар чиқариш ишига раҳбарлик қилган. У ёзган китоблар хизбут-таҳрир фирқасига асосий манбаъ вазифасини ўтаган. Унинг вафотидан сўнг хизбга Абдулқаюм Заллум, сўнгра эса Абу Ато Рушда бошчилик қилган. «Хизбут-таҳрир»нинг фаолияти 1970-80 йиллардан буён Покистон, Индонезия, Филлипин, 1990 йиллар бошидан эса Марказий Осиё давлатларида, 2003-2004 йиллардан Қрим ярим ороли ва Россиянинг баъзи минтақаларида кузатилган. Бошида Фаластинни яҳудийлардан озод қилишни кўзлаган ҳизб, кейинчалик мусулмон мамлакатларни бирлаштирадиган халифалик давлатини қуришни партиянинг асосий мақсади қилиб қўйди.

1. Улар ўзларининг ҳизблари-ю, ботил даъволарига оят-ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Лекин улар бу оят ва ҳадислардан илмсизларча ҳукм ва хулоса чиқарадилар. Улар ўн тўрт асрдан бери ишонилиб, амал қилиниб келинаётган нарсаларга, бу оҳад хабар билан собит бўлган экан деб, ишонишдан бош тортадилар. Лекин улар ишонилиши керак бўлган кўп нарсалар оҳад хабарлар билан собит бўлганлигини, оҳад хабар билан собит бўлган нарсаларга амал қилиш ва ишониш вожиб эканлигини билмайдилар. Балки имон ва исломнинг асосий рукнлари (Аллоҳга, фаришталарига, охират кунига имон келтириш каби) қатъий далиллар билан собит бўлганлиги, улар тўғрисида оҳад хабарлар кифоя қилмаслигини билишни истамайдилар.

2. Улар ҳар гапнинг бирида, мусулмонлар 3 кундан ортиқ халифасиз яшаш ҳаром, деган гапни такрорлайдилар. Лекин Аллоҳ таоло ҳам, пайғамбари ҳам бу ҳукмни чиқармаганлар. Исломда ҳалол ёки ҳаром деган ҳукмни фақат Аллоҳ таоло ёки унинг пайғамбари чиқариши мумкин. Олимларимиз бу сўзга раддияни ҳадиси шарифлардан келтирадилар. Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд (р.а.)лар Ҳузайфа (р.а)дан ривоят қиладиган ҳадиснинг охирги қисмида: «Агар улар(мусулмонлар)нинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмасачи!? » дедим.

«Агар дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам, ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўл. Сенга ўлим етиб келганда ҳам ўша ҳолатда бўлишга ҳаракат қил», дедилар»-дейилган.

Демак, мусулмонлар орасида фитна чиқса, мусулмонларнинг имоми ва жамоасини лозим тутиш керак экан. Агар мусулмонларнинг имоми ҳам, жамоаси ҳам бўлмаса, фирқаларнинг барчасидан четда бўлиб, уларнинг бирортасига ҳам қўшилмаслик керак бўлади. Шундай ҳолатда унга имомсиз яшаш ҳам жоиз бўлар экан.

3. Яна улар, чуқур билим ва даъват йўлларидан бехабар ҳолларида, фақат уларгина даъват ишлари билан шуғулланаётганини даъво қиладилар ва бошқалар билан ўзлари тўқиб чиққан фалсафий масалаларда тортишишни жон-дилларидан яхши кўрадилар. Аслида даъват иши ниҳоятда масъулиятли, кўп илм ва тажриба талаб қиладиган иш. Лекин афсуски, ҳизб аъзолари ичида бундай кишилар йўқ. Улар нуқул аравани қуруқ олиб қочишдан бошқага ярамайдилар. Уларнинг ўринсиз даъватлари ўзларининг ва бошқа мусулмонларнинг бошига битган бало бўлди.

4. Улар ҳам бошқа барча ҳаддидан ошган фирқалар каби ўзларидан бошқаларни куфр ва нифоқда айблашдан чарчамайдилар. Яъни, улар айтган ҳукмлар қонун, ҳамма унга амал қилиши керак, акс ҳолда уларга кофирлик тамғаси ёпиштирилади. Аҳли суннат уламолари иттифоқ қилганларки, биз,модомики у инсон очиқдан-очиқ Аллоҳ таолога ширк келтирмас экан, ҳеч бир инсонни бир гуноҳи туфайли исломдан чиқармаймиз. Уларнинг бу ишлари, ўзлари учун жуда хатарли эканлигини мана бу ҳадиси шарифдан ҳам билиб олсак бўлади.

عن ابي هريرة رضي اللّه عنه انّ رسول اللّه صلّي اللّه عليه و سلّم قال:اذا قال الرجل لاخيه يا كافر فقد باء به احدهما

( رواه بخاريّ)

Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки киши ўз биродарига «эй кофир»деса, иккисидан бири ўшандай бўлади», дедилар.

Демак, мусулмон кишини «кофир», деган кишининг гапи ўзига қайтар экан. Хўш, ҳизб аъзолари кофирга чиқараётган кишиларнинг ҳаммаси ҳам кофирмикан? Улар бу масалани яхшилаб ўйлаб кўрсалар ва ҳақни эътироф этиб, холис тавба қилсалар, ўзлари учун яхшироқ бўларди.

5. Уларнинг бошқа сиёсий партиялардан яна бир фарқи улар фиқҳий масалаларга ҳам аралашадилар ва турли, илм аҳлининг эътирозига сабаб бўладиган фатволар чиқарадилар. Чуқур таҳлилдан кейин шу нарса маълум бўладики, уларнинг ичида олимлар тарафидан эътироф этилиб, тан олинган олим ҳали чиқмаган. Шу сабабли ҳам уларнинг фатволар жуда ажабтовур бўлади. Масалан: ялонғоч расмларни томоша қилиш жоиз, бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш ва у билан қўл олиб сўрашиш мубоҳ, ислом давлатининг раҳбари кофир бўлиши жоиз, ислом давлати кофир давлатга жизя бериши жоиз каби уларнинг куракда турмайдиган фатволарини аввалда ҳеч ким журъат қилиб, айта олмаган. Ҳар қандай ақлли мусулмон бундай сўзларни айтишдан ор қилади ва бу сўзларнинг бекорлигини дарров англайди. Бунинг учун чуқур билимга эга бўлиш ҳам шарт эмас. Булар уларнинг барча айбу-нуқсонлари эмас, балки биз уларнинг бир қисминигина шарҳладик холос.

«Ҳизбут-таҳрир»нинг фаолиятини ўрганиб чиққан таниқли олимларимиз: «Улар ислом динига , ислом душманлари еткиза олмаган зарарларни етказдилар»-деб айтмоқдалар.


Мир араб олий мадрасаси

ўқитувчиси Т.Сайлиев

. .