Мир Араб олий мадрасасига кириш имтиҳонлари қандай ўтказилди?
Muallif: . .
Sana: 10.09.2020
2492

Бугун, 10 сентябрь куни Мир Араб олий мадрасасига кириш учун “Фиқҳ ва ақоид” ҳамда “Ўзбекистон тарихи” фанларидан тест синовлари бўлиб ўтди.

Бугунги тест синовларида абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиқиб, тана ҳарорати ўлчанди, тиббий ниқоб, билан таъминланди.

Имтиҳон жараёнларини Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳ.Юлдашходжаев кириш сўзи билан очиб, бу йилги ноодатий равишда ўтаётган имтиҳонлари тўғрисида гапирди. Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказиш бўйича берилган кўрсатмасига биноан Мир Араб олий мадрасасида ҳам тест синовлари учун очиқ майдонда жой тайёрланиб, имтиҳонларни ташкил этиш билан боғлиқ шарт-шароитлар тўғрисида сўзлади.

Ҳар бир иш хайрли ўтиши учун анъанага кўра Аллоҳнинг Каломи тиловат қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири М.Ҳомидов толиби илмликка чоғланган абитуриентларга Аллоҳ таолодан муваффақият тилаб дуо қилди.

Сўнг, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Б.Рустамов сўзга чиқиб, диний таълим муассасаларидаги кириш имтиҳонлари тўғрисида маълумот бериб, бу йилги қабул имтиҳонлари соддалаштирилиб, учта фандан иккита фанга ўтказилиб, араб тили фанидаги ижодий имтиҳонлар олиб ташланганини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича тузилган махсус ҳайъат томонидан тайёрланган саволлар китоби ва жавоблар вароқлари жойлаштирилган қоплар абитуриентлар иштирокида очилгач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим бўлими мудири С.Шерхонов жавоблар вароғини тўғри тўлдириш бўйича маълумотлар берди.

Мандат жавоблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 11 сентябрь куни эълон қилиниши белгиланган.







. .