МИР АРАБ – УСТОЗ МАДРАСА
Muallif: . .
Sana: 12.09.2020
104

Мир Араб мадрасаси Султон Муҳаммад Шайбонийхоннинг (1451–1510) жияни Убайдуллохон (1486–1540) ҳукмронлиги даврида Нақшбандия тариқати ривожига улкан ҳисса қўшган, халқ тилида «Араб амири», яъни Мир Араб номи билан машҳур бўлган шайх, тақводор олим, улуғ пир, Саййид Абдуллоҳ Яманий (1461–1536) ҳазратларининг ташаббуслари билан 1530–1536 (ҳижрий 936–942) йиллар қадимий ва навқирон Бухоройи шарифнинг Шаҳристон майдонида – «Масжиди Калон» ва Минора Калоннинг шарқий томонида барпо этилган.

Бино тўрт қаватдан иборат. Унда Қуръони карим суралари ададига мос тартибда 114 ҳужра жойлашган. Мир Араб мадрасаси фақат меъморий ёдгорлик бўлганлиги учун эмас, балки ислом дини ва маданияти равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган зиё маскани сифатида мусулмон дунёсида ҳам маълум ва машҳурдир. У нафақат Ўзбекистонда балки бутун Ўрта Осиёда энг қадимий ва энг машҳур илм маскани ҳисобланади.

Бу ўқув даргоҳи беш юз йиллик фаолияти давоми Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Россия каби қўшни давлатлар ҳаётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб келган ва диний ходимлар тайёрлашда катта аҳамият касб этган.

Мадраса қурилган вақтдан бошлаб ўтган асрнинг биринчи чорагига қадар фаолиятини узлуксиз давом эттириб келган. Бироқ большевикларнинг «ташаббуси» билан бир неча йил ёпиб ташланган ва минг афсуски, ундан омборхона ва шу каби турли воситаларда фойдаланилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан 1945 йили фаолиятини қайта тиклаган. Мадраса 1946 йил дастлаб 30 нафар талаба билан расман ишга туширилади. Шундан бошлаб ҳозирги кунга қадар тўхтовсиз ишлаб келмоқда. Мадраса шонли тарихининг янги давридан ҳозирги кунгача сон-саноқсиз малакали диний ходимлар тайёрлаб келган.

Бу илм масканидан қўшни Республикаларнинг Ислом дини ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган кўплаб машҳур уламолари етишиб чиққан. Улар орасида Россия муфтийлар кенгаши Раиси Равил Гайнутдин, Татаристон Республикаси муфтийси Талгат Тожуддин, Озорбайжон Республикаси муфтийси Оллошукур Пошшозода, Қирғизистон Республикаси муфтийси бўлган Кимсанбой Абдураҳмонов, Туркманистон Республикаси муфтийси бўлган Насруллохон Ибодуллаев, Тожикистон Республикаси муфтийси бўлган Ҳожи Акбар Тўражонзода, Чеченистон Республикасининг собиқ Президенти Аҳмад Қодиров, Россия Федерациясида фаолият юритган ва ҳозирги кунда ҳам диний арбоб сифатида хизмат қилиб келаётган бир қанча фан арбоблари, мударрис ва имомлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, замонамизнинг машҳур уламолари шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Сулаймонхўжа Орифий, Ғуломжон Изомий, Абдураҳим Рафиқов, Садриддин Айний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид махдум Чустий, Олимхонтўра Соғуний, Алихонтўра Соғуний, Баширхонтўра Исҳоқов, Кароматхон Ҳасанов, Иброҳим махдум Соттиев, Исмоил махдум Соттиев, Исҳоқ махдум Соттиев, Абдулғани Абдуллаев, Авазхон Ҳайдаров, шайх Мухторжон Абдуллоев, Минҳожи Абдуллаев, шайх Юсуфхон Шокиров, Асрор Мавлонқулов, Отақул Мавлонқулов, Абдулғаффор Шоший, Шаҳобиддин қори Мўминов, Садриддин қори Абдураззоқов, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Фозил қори Собиров, Абдулатифхон Султонмаҳмудов, Лутфуллоҳ Нодиров, Раҳматулла қори Обидов, Абдурашид қори Баҳромов, Салоҳиддин Шарипов, Ҳабибулло Солиҳ, Муҳаммадбобур Йўлдошев, Абдулҳамид Турсунов, устоз ҳожи Абдулғофур Раззоқов ва ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳам ушбу мадрасанинг фахрий талабаларидан бўлганлар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли деярли барча мадрасаларнинг мударрисларининг ичида Мир Араб мадрасасида таҳсил олган зотлар топилади. Шу билан бир қаторда мамлакатимиз масжидларида фаолият юритиб келаётган имом-хатиблар, вилоят, шаҳар ва туман вакиллари ва машҳур қорилар ҳам шу мадрасани битириб чиққанлардандир.

Мир Араб мадрасаси ропа-роса беш юз йил (942–1442) мобайнида ўзининг довруғини оламга таратди. Ҳозирги кунда ҳам хорижликлар бу илм даргоҳида таълим олиш истагини билдириб келишаётгани фикримизнинг яққол исботидир.

Мир Араб мадрасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида бўлиб, барча таълим ва тарбиявий ишлар идора ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг таълим бўлимлари томонидан тасдиқланади.

Мадрасани битирган талабалар мамлакатимиз масжидларида имом-хатиб бўлиб ишлаш билан бир қаторда, Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ёки Республикамизнинг бошқа олий таълим даргоҳларида ўқишларини давом эттириб келмоқдалар.


Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Эркин Қудратуллоҳ

. .