Шариат буйруқларини бажармасдан "қалб" тоза бўладими?!
Muallif: . .
Sana: 13.10.2020
263

Бугунги кунда инсонлар орасида шариат ва унинг ҳукмларига бепарво кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар ўзларига ҳужжат қилиб, асосан “қалб” аҳамият касб этади. Қалбнинг ифлосликлардан саломат бўлиши ва ўзгалар ила чиройли муомалада бўлиш энг асосий масаладир дейишади. Бу эса, ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт бор. Агар у тўғри бўлса, бутун тана тўғри бўлади. Агар у фасод бўлса, бутун тана фасод бўлади. Огоҳ бўлинг, у қалбдирдеган сўзларига хилоф келади. Чунки, инсоннинг қалби турли хил ёмонликлардан холи бўлса, унда мана шу унинг ташқи кўринишида ҳам намоён бўлиши лозим. Масалан; Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этиши ва мақтовли хулқлар билан сифатланиши керак.

Агар Аллоҳ таолонинг ҳақларига бепарво ва У Зотнинг буйруқларини менсимаса, ҳамда Аллоҳ таоло қайтарган ҳаром ишлар билан шуғулланса, бу унинг қалби пок эмаслигига қатъий далил бўлади. Бундай кимса, Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва унинг таъзимидан йироқ бўлган ва молу давлат, шаҳват, ҳаво-ю нафс ва турли арзимас лаззатлар билан банд бўлгандир. Кимнинг қалби ушбу бефойда амаллар билан тўлган бўлса, у ўзининг калтафаҳмлиги ва ҳавойи нафсининг асирига айланади. Бундай кимса ёлғиз Аллоҳнинг ҳақларига хиёнат қилмасдан турмайди-ку, яқин биродарларига хиёнат қилиши эрта кундадир. Қандай қилиб бу инсон тўғри бўлсин! Аллоҳ таолонинг ҳақларини бузиб, унинг буйруқларини беписанд қолдириб, қандай Аллоҳнинг бандаларига нисбатан омонатдор бўлади?! Нима инсонда иккита қалб бўладими?! Худди бири билан шаҳватларга эргашиб Аллоҳ таолога хиёнат қилади. Иккинчисини эса ҳамма ёмонликлардан пок деб даъво қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир….” (Аҳзоб 4-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни қалбимиз ва сийратимиз бирдек бўлган комил мўминлардан қилсин. Амин.

Манбалар асосида Мир Араб олий мадраса талабаси Муҳаммад Юнус Муҳаммад Муса ўғли тайёрлади.

. .