Соф тасаввуф тушунчаси ва унинг мақсади
Muallif: . .
Sana: 01.11.2020
816

Динимиз бандаларнинг зоҳирига ҳам, ботинига ҳам бирдек эътибор қаратган бўлиб, икки дунё саодатига элтувчи илоҳий ҳукмлар ва одоб-ахлоқлардан иборат тарбия тизимини ўз ичига олади. Бу тизим асосан уч соҳaда амалга ошади. Биринчиси эътиқод ва ишонч, иккинчиси ибодат ва муомалот, учинчиси эса нафсни поклаш ва ахлоқдир. Дин, аввало, қалбдан ишониш ва эътиқод қилиш билан бошланади. Сўнг, тоат-ибодат билан яшаш ҳамда Аллоҳ таолонинг ва бандаларнинг ҳақларига риоя этиш талаб этилади. Ниҳоят, барча солиҳ амаллар ва тоат-ибодатларни холис Аллоҳ таоло учун бажариш, қалбни поклаш, нафсни тарбиялаш, разолатлардан қутилиб гўзал хулқлар билан зийнатланиш орқали оламлар Раббисига чин бандалик ва ҳаққоний муҳаббат исбот этилади. Шу тариқа комил инсонни тарбиялаш амалга ошади.

Динимизнинг мазкур уч асосга таянишини “Жаброил ҳадиси” номи билан машҳур бўлган ҳадисдан билиб олиш мумкин.

Ҳар бир мўминга соғлом иймон ва тўғри шаклдаги ибодат фарз бўлгани каби, қалб поклиги, нафс тарбияси ва гўзал аҳлоқ ҳам фарздир. Тасаввуф машойихлари айнан мана шу соҳани муолажа қилишга алоҳида аҳамият қаратадилар.

Тасаввуф қалбга Аллоҳни танитиб, ҳамиша Уни ёд этиш орқали ҳузур-ҳаловатга эришиш йўлларини ўргатувчи ва бу ишни бевосита ўзи амалда татбиқ этувчи тарбия мактабидир. Илоҳий севги ва зикруллоҳ битмас-туганмас ҳузур-ҳаловат манбайи экани Қуръони Каримда шундай баён қилинган:

ويهدي إليه من أناب الذين ءامنوا وتطمئن قلوبهم بذكر الله ألا بذكر الله تطمئن القلوب

“... ва (У) Ўзига тавба-тазарру қилган кишиларни Ўз (дини)га ҳидоят қилур. Улар иймон келтирган ва Аллоҳни зикр қилиш билан қалблари ором топадиган зотлардир. Огоҳ бўлингки, Аллоҳни зикр қилиш билангина қалблар ором топур” (Раъд сураси, 27-28 оятлар).

Тасаввуф мавзуси бўлмиш қалб поклиги ва гўзал ахлоқ диннинг ботиний фиқҳи ҳисобланади. Буни Қуръони Каримда тақво дейилади. Тақвога етишиш учун нафсоний хоҳиш-истакларга қарши курашиш амалиётини тазкия ва мужоҳада деб аталади. Буларнинг барчасидан мақсад улуғ Аллоҳнинг розилиги ва муҳаббатига етишмоқдир. Мақсади Аллоҳнинг розилиги ва муҳаббатига эришиш бўлган тарбия усули ва одоби ҳам Аллоҳ таолонинг кўрсатмасига мос келиши керак.

Аллоҳ Таоло Ўзининг илоҳий муҳаббати марказига Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни қўйгандир. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўрмаган ва у зотнинг йўлларига эргашмаган кимса буюк Аллоҳнинг розилигини тополмайди ва Унинг муҳаббатига эриша олмайди.

Аллоҳ Таоло бу масалада барча инсоният олдига шу илоҳий ўлчовни қўйган:

قل إن كنتم تحبون الله فاتبعوني يحببكم الله ويغفر لكم ذنوبكم والله غفور رحيم

Айтинг (эй, Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Муфассир олимлар айтганларидек, бу оятда зикр қилинган “эргашиш” шунчаки эргашиб қўйиш эмас, балки, у бир умматнинг ўз пайғамбарига кўрсатиши лозим бўлган муҳаббати ва эҳтиромининг энг юксак намунасини ўз ичига қамраб олади. Бу севги ва эҳтиром Фахри коинот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қалб, тил, ҳол ва ахлоқ жиҳатидан том маънода эргашиш ва у зотни барча инсонлардан, жамики махлуқотдан ортиқ кўриш билан ҳосил бўлади. Демак, мўмин инсон ичи ва таши билан, эътиқоди ва яшаш тарзи билан суннатни маҳкам ушлаган тақдирдагина Аллоҳга маҳбуб банда бўла олар экан.

Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси Асрорхон Маҳмудов

. .