Юртимиз мутасаввифларининг эътиқоди
Muallif: . .
Sana: 06.11.2020
758

Марказий Осиё минтақасининг энг йирик илм-маърифат маркази бўлган Бухорода тасаввуф таълимотининг тарқалиши ўз даврининг етук сўфий алломаси Хожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1048–1141) номи билан боғлиқ. Юсуф Ҳамадоний мактабида илму ирфон сабоғини олган Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувонийлар минтақада тасаввуф тараққиётининг кейинги босқичларида муҳим ўрин тутдилар ва икки мустақил тариқат: Яссавийя ва Хожагон-нақшбандия тариқатларига пойдевор қўйдилар.

Хожагон тариқати XIV асрга келиб, Муҳаммад Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд (қуддиса сирруҳу) томонидан янада такомиллаштирилди. Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Аҳрор Валий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби улуғ зотларнинг фаолияти эса Хожагон-нақшбандия тариқатининг кейинги вакилларига ижобий таъсир қилди ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун туртки бўлди.

Албатта, Марказий Осиёдан етишиб чиққан ва бутун ислом оламида катта обрў қозонган илк тасаввуф намоёндаларини кўплаб учратиш мумкин. Улар орасида Бухорода туғилиб ўсган Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободий (қуддиса сирруҳу)ни (ваф. ҳ.380 / м.990 ёки 995 й.) алоҳида зикр этиб ўтиш ўринлидир. У зот, шунингдек, ҳанафий мазҳаби фақиҳи сифатида ҳам машҳур бўлган. Демак, бундан кўринадики, Бухоро тасаввуф мактаби фиқҳда ҳанафий мазҳабини, ақидада эса аҳли сунна вал-жамоанинг мотуридия йўналишини ўзига асос қилиб олган. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободийнинг ислом оламидаги энг биринчи тасниф этилган тасаввуфий асари бўлмиш “ат-Таарруф ли-мазҳаби аҳли-т-тасаввуф” номли китоби ҳозирга қадар ҳам тасаввуф соҳасидаги энциклопедик манба ҳисобланади. Асарда тасаввуф назарияси ва амалиётлари тўлиқ баён этилган. Шу боис ушбу китобни қадим тасаввуф уламолари:

لولا التعرف لما عرف التصوف

“Агар “Ат-Таарруф” китоби бўлмаганда тасаввуф ҳақида тушунчага эга бўлинмасди”, дея эътироф этганлар.

Абу Бакр Калободий “Ат-Таарруф” китобининг муқаддимасида ушбу асарни ёзишга уни ундаган омиллар ҳақида сўз юритиб жумладан шундай дейди: “Уларнинг (тасаввуф аҳлининг) тутган йўлларини билмаган ва (тасаввуф) машойихлари хизматида бўлмаган кишилардаги шак-шубҳаларни бартараф этиш учун, бу зотларнинг йўлларини васф қилиш, Аллоҳ таолонинг тавҳиди ва сифатлари ҳамда шунга боғлиқ масалалар борасидаги эътиқодлари ва қарашларини баён қилиш каби омиллар ушбу китобни ёзишга мени ундади”.

“Ат-Таарруф” асари жами етмиш беш бобдан иборат бўлиб, унинг бешинчи бобидан то йигирма саккизинчи бобигача бўлган мавзулар айнан ақидавий масалаларга бағишланган. Муаллиф Абу Бакр Калободий (қуддиса сирруҳу) ҳар бир масалани аҳли сунна вал-жамоанинг мотуридия таълимоти асосида нақлий ва ақлий далиллар билан баён қилган. Зеро, Ҳаққа элтувчи соф тасаввуф йўлида юриш учун аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида бўлиш лозимдир. Чунки аҳли сунна вал-жамоа фирқаи ножия (нажот топувчи гуруҳ) ҳисобланади. Бундан бошқа фирқалар эса бидъатчи тоифалардир. Бидъатга қоришган ҳар қанча риёзату ибодат Аллоҳ таолонинг даргоҳида рад этилиши саҳиҳ суннатлар билан собитдир. Шунинг учун Сўфи Оллоҳёр бобомиз:

Ақида билмаган шайтона элдур.

Агар минг йил амал деб қилса елдур

дея бежиз айтмаганлар.

Хожагон-нақшбандия тариқати аҳлининг ақидаси ҳақида хабар бериб Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий (қуддиса сирруҳу) айтадилар: “Агар хожагон тариқати дарвешларининг эътиқодини сўрасалар, улар аҳли сунна вал-жамоа эътиқодидалар, деб айт”. Аҳрория шўъбасидан Шаҳобиддин Ғованд Маҳмуд (ваф. м.1543 йилдан кейин) ҳам: “Шайхларимизнинг усули ҳазрат пайғамбаримиз суннатларига ва аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига эргашмоқдир”, деган экан.

Нақшбандия тариқатининг нуфузи яна шуниси билан алоҳида аҳамият касб этадики, у бевосита Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)га Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу орқали боғланган ягона тариқат силсиласидир. Шу нуқтаи назардан ҳам ушбу тариқат силсиласи манбаларда “олтин силсила” дея тилга олинади.

Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси Асрорхон Маҳмудов

. .