Ватан ва унинг ҳимояси
Muallif: . .
Sana: 13.01.2021
41

Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл болса ҳам яхши кўраверади. Ватанни севиш – юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганида хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилганида асрайдиган ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғудир. Қуръони каримда Ватан сўзи (ўрин, жой маъносида) бир ерда келган:

لقد نصركم الله في مواطن كثيرة

Батаҳқиқ Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди.” (Тавба 25-оят).

Тўғри, бу сўз биз ўрганаётган ватан маъносини тўлиқ англатмайди. Бироқ, Қуръони каримда Ватан ҳақида бирор оғиз сўз айтилмаган экан дейиш нотўғри. Чунки Каломи шарифда инсоннинг турар манзили – Ватанини: ҳовли, қишлоқ, шаҳар, диёр ва ер кўринишида зикр қилган. Инсон дунёга келаркан мана шу жойларда бешак қўним топиб, уларни Ватан тутиб ҳаёт кечиради. Ватан сўзининг луғатдаги маъноси: Ватан арабча бўлгани учун унинг асл маъносини билишда мўтабар араб луғатлари ҳамда замонавий қомусларга мурожаат қилдик. Ва барчасида бир ҳил маъно келганига гувоҳ бўлдик. Ватан сўзи: Инсоннинг ҳох у ерда туғилган ёки туғилмаган бўлсин истиқомат қиладиган ва маскан тутган ери сифатида ифодаланган. Ватан сўзининг истелоҳдаги маъноси: Бир жамоа инсонлар унинг фуқаролигини олиб, ҳох у ерда туғилган ёки туғилмаган бўлсин, унга мансуб бўлиб, мустақил, жамоавий тарзда яшайдиган, ўз чегарасига эга Давлатга Ватан деб айтилади.

Шундай улуғ ва қадрли масканни севиш ҳамда, унинг тинчлигини асраб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бу ишимиз ҳам бесамар қолмайди.

عن عبد الله بن عباس رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: (عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله) رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: ”Икки кўзни ҳаргиз (дўзах) ўт тутмайди— Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ таолонинг йўлида мусулмонларни қўриқлаб, тонг оттирган кўз“- деганларини эшиттим”. Термизий ривояти.

عن ابن عمر رضي الله عنهما: أن النبي صلى الله عليه و سلم قال: (ألا أنبئكم بليلة أفضل من ليلة القدر حارس حرس في أرض خوف لعله أن لا يرجع إلى أهله).

رواه الحاكم في المستدرك

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Сизларга Лайлатул қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми? —У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавф ерида посбонлик қилган қўриқчидир“- дедилар”.

Имом Ҳоким “Мустадрок”да ривоят қилган.

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: “موقف ساعة في سبيل الله خير من قيام ليلة القدر عند الحجر الأسود”. أخرجه ابن حبان وغيره،

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Аллоҳ таолонинг йўлида бироз туриш, Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатул қадрни қоим қилишдан афзалдир“-дедилар”. Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривоят қилган.

Мусулмонларнинг қонлари, обрўлари, юртлари ва молу жонларини сақлаш учун ухламай тонг оттирган кишига шундй юксак даража берилар экан. Лайлатул қадр кечасини қоим қилиб, ухламай бедор ўтказса бериладиган фойда ўша одамнинг ўзига бўлади. Агар у ҳажарул асваднинг ёнида бўлсачи?

Буни кўринг-да! Лайлатул қадр қандай улуғ кеча? Лекин, жамиятнинг хизмати, тинчлик, омонлик йўлида бедор ўтказган кеча Лайлатул қадрдан ҳам афзал ҳисобланар экан. Мана шу юқоридаги ҳадисларнинг далили эътиборидан Ватан ҳимояси қандай улуғ амал эканини билиб олдик!

Мир Араб Олий мадраса талабаси Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли манбалар асосида тайёрлади.

. .