Tasavvuf maktabi
65

Эрурсан осий уммат меҳрибони, ё Расулаллоҳ,

Ғариблар боши узра соябони, ё Расулаллоҳ.


Вужудинг кони раҳмат, боиси ижоди оламсан,

Сенга кўп илтифоти ул худони, ё Расулаллоҳ.


Ҳабибу ҳам Расулу ҳам шафеъул-музнибиндурсан1,

Ки йўқдур заррача бу қул гумони, ё Расулаллоҳ.


Каромат айлаган жумла улуму ақли кулл Тангрим,

Ки сенга ошкоро ҳар ниҳони, ё Расулаллоҳ.


Имом этди сени жумла паямбар Байтул Ақсода,

Набийлар ичра сенсан нуктадони2, ё Расулаллоҳ.


Сен ул кеча тамоми пасту боло соири ўлдунг,

Ки аршу курси қолмай ломакони, ё Расулаллоҳ.


Шаҳи кавнайн эрурсан, жумла мавжудот маҳкуминг,

Сенга бўлмиш мусаллам ҳукмрони, ё Расулаллоҳ.


Нечун жонлар фидо бўлмас санингдек меҳрибонига,

Дединг уммат, қўюб ота-анони, ё Расулаллоҳ.


Хаёлига тушиб тавфинг мани саргаштанинг қалбин,

Самуми3 шавқинг ўртар ҳар замони ё Расулаллоҳ.


Иложим йўқки бошим остонинг хокиға сурсам,

Адо бўлғунча токим умри фоний, ё Расулаллоҳ.


Боролмай иштиёқингда юраклар қонга тўлгандур,

Не бўлғай чорласанг мен бенавони, ё Расулаллоҳ.


Агарчи пургунаҳ, бир гумраҳи ҳам бебизоатдур4,

Тасаддуқдур йўлингда жисму жони, ё Расулаллоҳ.


Саги даргоҳидур шоядки тегса Доғий осийға,

Шафоат хонидан бир устухони, ё Расулаллоҳ.



1 шафеъул-музнибиндурсан – гуноҳкорларнинг шафоат қилгувчи

2 нуктадони

3 самуми

4 бебизоатдур – ҳеч нарсаси йўқ

Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
672
64

Марказий Осиё ҳудудида 9-асрдан эътиборан кўплаб таниқли суфий ва фақиҳ олимлар фаолият олиб борганлари манбалар орқали тарихчиларга яхши маълум. Бухоролик суфий, айни пайтда ҳанафий фиқҳ ривожланиш тарихида ҳам из қолдирган олимлардан бири ватандошимиз, ўз даврининг алломаларидан бири Абу Бакр Калобозийдир. Олим ҳақида қуйидаги ўрта аср биографик манбаларининг деярли барчасида маълумот келтирилади. Манбалар рўйхати қуйидагича: “ал-Жавоҳир ал-музиййа”[1], “Тож ат-тарожим”[2], “Кашф аз-зунун”[3], “ал-Фавоид ал-баҳиййа”[4], “ар-Рисола ал-мустатрафа”[5], “ал-А‘лом”[6], “Муъжам ал-муаллифин”[7], “Табақот ас-суфиййа” ҳошияси[8], “Доират ал-маориф”[9], “Табақот ал-муфассирин”[10] ва “Мадохил ал-муаллифин”[11].

Абу Бакр Калобозий икки асари орқали диний илмлар тарихида из қолдирган. Улардан биринчиси ва машҳурроғи “Ат-Таарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” нисбатан кўпроқ ўрганилган. Ушбу мўъжаз мақолада Калобозийнинг маҳаллий тадқиқотчилар томонидан деярли илмий муомалага тортилмаган “Баҳр ал-фавоид” номли ҳадислар тўплами ҳақида сўз юритамиз.

“Баҳр ал-фавоид”нинг танқидий матни бугунга қадар икки марта нашр этилди. Биринчиси 1999 йилда Муҳаммад Ҳасан ва Аҳмад Фарид ал-Мазидий томонидан Байрутда амалга оширилди. Ушбу матн айрим камчиликлардан холи эмас. Жумладан, мўъжазгина кириш қисмида Калобозийнинг туғилган санаси ва устозлари ҳақида маълумот учрамайди. Шунингдек, “Баҳр ал-фавоид”нинг қўлёзма нусхалари, улар сақланаётган дунё кутубхона фондлари, мазкур қўлёзмаларнинг ҳажми ҳақида ҳам сўз юритилмаган. Ушбу маълумотларнинг йўқлигини танқидий матн нашридаги асосий камчилик деб ҳисоблаш мумкин.

Ноширлар Муҳаммад Ҳасан ва Аҳмад Фарид ал-Мазидий асарга кириш қисмини ёзишда Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун”га таянганлар. Бунинг натижасида “Кашф аз-зунун”даги айрим чалкашликлар кириш қисмида айнан акс этган. Калобозий қаламига мансуб бўлмаган асарнинг унга нисбат берилиши, вафот тарихининг хато берилиши шулар жумласидан.

“Баҳр ал-фавоид”нинг иккинчи нашри биринчисига қараганда мукаммалроқ ҳолатда амалга оширилган. Ношир Важиҳ Камол ад-дин Закий ушбу нашрни ўзининг Қоҳира университетида ҳимоя қилган магистрлик диссертациясини асос қилиб олган ҳолда амалга оширган. Ушбу икки жилдли танқидий матн Қоҳирадаги “Дор ас-Салом” нашриётида 2008 йилда дунё юзини кўрди.

Нашр аввалида хийла кенг илмий-тадқиқот қисми ўрин олган бўлиб, у уч қисмга бўлинган. Биринчи қисмда Калобозийнинг ҳаёти, у яшаган даврдаги илмий муҳит ҳақида сўз боради. Иккинчи қисмда “Баҳр ал-фавоид”нинг Калобозийга оидлиги масаласи муҳокама қилинади ва муаллифлик масаласи исбот қилинади. Учинчи қисм бевосита “Баҳр ал-фавоид” ҳадисларининг илмий таҳлилига бағишланган.

Калобозий асарни ёзар экан, ундаги ҳадисларни жамлаш учун мукаммал илм соҳиби бўлмиш устозлардан илм олгани табиий ҳол. Бироқ, ўрта асрга оид биографик манбаларда бу мавзу чуқур ёритилмайди ва унинг устозлари ҳақида чекланган маълумот келтирилади. Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, Калобозийнинг шайхлари силсиласини тиклашда асардаги ҳадис санадларини таҳлил қилиш кўпроқ фойда беради. 80 нафардан ортиқ шайх Калобозийга таълим бергани ҳозирча маълум.

Қуйида Калобозийнинг асосий устозлари ҳақидаги маълумот келтирилади:

1) Абу Саъид Ҳотам ибн Ақил ибн ал-Муҳтадий ал-Марорий ал-Луълуий (ваф. 333 йил зу-л-қаъда / 945 йил июнь-июль).[12] “Баҳр ал-фавоид”да мазкур шайхдан 108 та ҳадис ривоят қилинган[13]. Ҳотамнинг биографияси ҳақида маълумот берган ас-Самъонийга кўра (“Ал-Ансоб”) арабча “марор” сўзи “канопдан тўқилган ип сотувчи” маъносини билдиради. Бундан мурод унинг ип савдоси билан шуғулланганидир. “Ал-Лулуъий” эса Ҳотам ибн Ақилнинг қимматбаҳо тош (луълуъ) савдоси билан ҳам шуғулланганига ишорадир.

“Ал-Ансоб”да Ҳотам ал-Марорийнинг уч нафар шайхдан ҳадис ривоят қилгани ва Абу Наср Муҳаммад ал-Малоҳимийга (312-395 й. 7 шаъбон / 924-1005 йил 18 май) устозлик қилгани айтилади[14]. Ажабланарли жиҳати ал-Марорийнинг шогирдлари қаторида Калобозий исми келтирилмаган.

2) Наср ибн ал-Фатҳ ас-Самарқандий[15]. Тўлиқ исми Абу-л-Лайс Наср ибн ал-Фатҳ ал-Мураббаъий ал-Иштиханий ас-Самарқандий бўлиб[16], Калобозий у орқали 60 та ҳадис ривоят қилган[17]. “Иштиханий” бугунги Самарқанд вилоятидаги Иштихон шаҳарчасига нисбатан айтилади. “Ал-Иштиханий” нисбаси остида келтирилган бошқа олимлари ҳақидаги маълумотларнинг таҳлили эса янада кўпроқ аҳамиятга эга. III-IV/IX-X асрларда иштихонлик олимларнинг ишончли (саҳиҳ) ҳадисларни ўрганишга қаттиқ саъй-ҳаракат қилганлари маълум. Иштихонлик олимлар биринчи навбатда ас-сиҳоҳ ас-ситта туркумига кирувчи асарлар ривояти билан машғул бўлганлар.

Самарқанддаги машҳур “ал-Мураббаъ” работида фаолият олиб боргани учун эса Наср ал-Мураббаъий нисбаси билан ҳам танилган[18]. Унинг шогирдлари бири Ибн Ҳиббон (270-354/883-965) эди[19].

3) “Кашф ал-осор” муаллифи, X аср ҳанафийлари ўртасида “Устоз” лақаби билан шуҳрат қозонган ас-Субазмунийдан 52 та ҳадис ривоят қилинади.. “Кашф ал-осор”ни нашр этиш ва кенг илмий муомалага киритиш 10-аср Бухоро муҳаддислари, шу жумладан Абу Бакр Калобозийни тарбиялаб вояга еткизган илмий муҳитни янада кенгроқ тушунишда аҳамиятлидир. Манбашунос Д.Муродовнинг мақолаларида ас-Субазмунийнинг илмий меросига атрофлича баҳо берилгани сабабли ушбу ровий ҳақида тўхталиб ўтмадик[20].

4) Ношир Важиҳ Закий “Абд ал-Азиз ибн Аҳмад ибн Иброҳимдан 51 та ҳалис ривоят қилинган”, дея маълумот беради (18-саҳифа). Бироқ, асар матнини ўрганиш жараёнида бундай исмли ровийга дуч келмадик. Айни пайтда, биографик манбаларда ҳам Абд ал-Азиз ибн Аҳмад ибн Иброҳим исми учрамайди.

5) Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Маҳмуд [Аҳмад] ал-қози ал-Мардакий[21]. “Баҳр ал-фавоид”даги илк ҳадис ал-Мардакий воситасида ривоят қилинади. “Ал-Ансоб”да Абу-л-Қосим Наср ас-Собарий (ваф. 372/982-83 й.)нинг устози ва Абу Солиҳ аш-Шарғийнинг (ваф. 272/885-86 й.) шогирди бўлмиш ал-Мардакийни зикр қилади[22]. Ушбу муҳаддис Калобозийга устозлик қилган шахс бўлиши лозим.

“Баҳр ал-фавоид”да Пайғамбар (САВ) ҳадислари қуйидаги силсила орқали ривоят қилинган: Калобозий – ал-Мардакий – Муҳаммад ибн Исо ат-Тарсусий. Ат-Тарсусийдан айни пайтда ар-Рашодий ҳам ривоят қилгани маълум.

6) Халаф ал-Хаййом ал-Бухорий. Унинг тўлиқ исми Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил ал-Хаййом (275-361 й. жумодо I / 888-972 й. февраль-март) бўлиб, Бухоро муҳитидаги таниқли ҳадис ровийларидан бири эди[23]. Халаф чодир тайёрлаш касби билан шуғулланагани сабабли хаййом (арабча “хайма” - чодир) лақабини олган.

Абу Саъд ас-Самъоний “ал-Ансоб”да Халаф ал-Хаййом оид бўлган илмий муҳит ҳақида кўплаб маълумот келтирган[24].

7) Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Музаний (Бухорода 356 йил рамазон / 967 йил август-сентябрда вафот этган)[25]. (23 ҳадис). Асли ҳиротлик бўлмиш ал-Музаний улуғ шайх (арабча аш-шайх ал-жалил) лақаби билан машғур бўлган.

8) Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Бухорий (360 йил 22 шаввол / 971 йил 17 август, душанба куни вафот этган) (20 та ҳадис). Унинг тўлиқ исми Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Саввор ибн Мисмаъ ибн Собит ал-Баззоз ал-Бухорий бўлиб, ҳажга кетаётиб Бағдод шаҳрига киргани маълум[26]. Ал-Баззоз шофиий мазҳабига кўра амал қилган бўлиб, унинг устоз ва шогирдлари барчалари Марказий осиёлик олимлардан иборат бўлган.

“Баҳр ал-фавоид” ноширлари “Лисон ал-мизон” (7-жилд, 259-60-саҳифалар, № 7023) ва “Мизон ал-иътидол”да (7-жилд, 217-18-саҳифалар, № 7815 [7666]) зикр қилинган айни исмли ал-Маҳрий ал-Басрийни Калобозийнинг устози деб ҳисоблайдилар[27]. Тадқиқотимиз асносида бу хулосанинг хато экани маълум бўлди.

9) Абу Наср ал-Моймурғий[28]. Олимнинг тўлиқ исми Абу Наср Аҳмад ибн Али ал-Моймарғий бўлиб, муқриъ ва зарир лақаблари билан машҳурдир. Муқриъ сўзи арабча ақраъа (ўқитмоқ) сўзининг сифатдоши бўлиб, “ҳадис ўқитувчиси” мазмунини билдирган. “Зарир”эса кўзи кўрмайдиган маъносини билдиради. Моймарғий нисбасига асосланган ҳолда унинг Бухоро ва Насаф ўртасидаги Моймарғ қишлоғида туғилганини тахмин қилиш мумкин.

10) Абу-н-Назр ар-Рашодий (ваф. 339/950-51 й.). Самарқандлик бу муҳаддиснинг тўлиқ исми Абу-н-Назр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Рашод ар-Рашодий ас-Самарқандий бўлиб, ишончли (сиқа) ровий ҳисобланган[29]. Абу Абд ар-Раҳмон ал-Омулийдан (ваф. 269 й. рабиъ II / 882 й. октябрь - ноябрь) ҳадис ривоят қилганига асосан унинг кичик ёшидан бошлаб илм олишга киришгани маълум бўлади[30].

11) Абд ал-Азиз ибн Муҳаммад ал-марзубон. Тўлиқ исми Абу Аҳмад Абд ал-Азиз ибн Муҳаммад ал-марзубоний бўлиб, ас-Самъоний унинг ўғли ҳақида маълумот беради. Унинг ўғли Абу Солиҳ Аҳмад (ваф. 996 й. июнь-июль) ҳам олим бўлиб, 351-53/962-64 йиллар орасида маълум муддат Самарқанд амири Бектошга ўринбосарлик қилган[31].

12) Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Умар ибн Шозуйа ҳақида маълумот учрамади. Ас-Самъоний бухоролик муҳаддис, “Ханб” лақабли ал-Мостиний (218-301/833-914) ҳақида маълумот берар экан, ундан ҳадис ривоят қилганлар сирасида Ибн Шозуйани кўрсатади[32].

Исмлари зикр қилинган олимлардан ташқари яна қуйидаги шайхлар Калобозийга устозлик қилганлар – Абу-л-Ҳусайн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ал-Форисий[33], Абу Наср Муҳаммад ибн Ҳамдуйа ал-Марвазий ал-Фозий (ваф. 329/941 й.)[34], Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бағдодий[35], Али ибн Муҳтож[36], Абу Бакр Муҳаммад ибн Йаʻқуб ибн Йусуф ал-Байкандий[37], Муҳаммад ибн Ҳотам ибн Саʻид алб-Байкандий[38], Абу-н-Назр ас-Соғаржий[39], Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Убайдуллоҳ[40], Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Йаздоз ар-Розий ал-фақиҳ[41], Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Йусуф ал-‘Умоний ан-Найсобурий.

Биографик манбалардаги Калобозийнинг шогирдлари ҳақида маълумотларни ҳам чекланган, дея хулоса қилиш мумкин. Бу масалани ойдинлаштиришда “Баҳр ал-фавоид”да “мендан ҳадис эшитди” дея эслатилган ровийлар ҳақида маълумот йиғиш фойдалидир. Ушбу тадқиқот услубини қўллаш ҳозирча фақат бир нафар ровий исми аниқланди: Али ибн Аҳмад ал-Ханбожий. Бухоролик бу олимнинг тўлиқ исми Абу-л-Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Ханбож ибн Юнус ат-Тамимий ал-Ханбожийдир[42].

Калобозийнинг устозлари ҳаётини чуқурроқ ўрганиш Марказий Осиёда, хусусан 10-аср охирларида Бухорода ҳадис мактаби фаолият олиб боргани ҳақида дастлабки илмий хулосалар чиқаришга асос бўлади.

Мир Араб олий мадрасаси ректори

Xайдархон Юлдашходжаев



[1] ал-Жавоҳир ал-музиййа фи табақот ал-ҳанафиййа, 4-жилд, 105-саҳифа

[2] Тож ат-тарожим фи ман саннафа мина-л-ҳанафиййа, 333-саҳифа

[3] Кашф аз-зунун ан асоми-л-кутуб ва-л-фунун, 1-жилд, 104, 348-саҳифалар

[4] ал-Фавоид ал-баҳиййа фи тарожим ал-ҳанафиййа, 161, 234-саҳифалар

[5] ар-Рисола ал-мустатрафа, 44, 103-саҳифалар

[6] ал-Аълом, 5-жилд, 295-саҳифа

[7] Муъжам ал-муаллифин, 8-жилд, 212, 222-саҳифалар

[8] Табақот ас-суфиййа (Нур ад-дин Шарбия нашрга тайёрлаган), 379-саҳифа

[9] ал-Аъламий, Доират ал-маориф, 26-жилд, 124-саҳифа

[10] Аҳмад ал-Аднаравий, Табақот ал-муфассирин, 1-жилд, 85-саҳифа

[11] Мадохил ал-муаллифин ва-л-аълом ал-ъараб, 3-жилд, 1372-саҳифа

[12] ал-Икмол, 6-жилд, 238-саҳифа; ал-Ансоб, 5-жилд, 248-саҳифа

[13] Баҳр ал-фавоид (Қоҳира нашри), 116 ва кейинги саҳифалар

[14] ал-Ансоб, 5-жилд, 422-саҳифа

[15] Мизон ал-иътидол, 7-жилд, 23-саҳифа (№ 9048 [8853])

[16] Лисон ал-мизон, 8-жилд, 265-66-саҳифалар (№ 8123); ал-Ансоб, 1-жилд, 164-саҳифа

[17] Баҳр ал-фавоид (Қоҳира нашри), 120 ва кейинги саҳифалар

[18] ан-Насафий, ал-Қанд, 80, 230-саҳифалар

[19] Саҳиҳ Ибн Ҳиббон, 14-жилд, 210-саҳифа (№ 6302)

[20] Дониёр Муродовнинг номзодлик ишида ас-Субазмуний ҳақида батафсил маълумот берилган: Абдуллоҳ ас-Субазмунийнинг “Кашф ал-осор” асари ҳадис илмига оид манба. - Тошкент ислом университети, 2008

[21] Баҳр ал-фавоид, Сараево (Босния) кутубхонаси қўлёзма нусхаси, 286б; ал-Икмол, 1-жилд, 295-саҳифа.

[22] ал-Ансоб, 3-жилд, 506-саҳифа [“Собарий” нисбаси Марвдаги Собар кўчасига нисбатан қўлланган]; 5-жилд, 415-саҳифа

[23] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, Лисон ал-мизон, 3-жилд, 372-саҳифа (№ 2968); ал-Ансоб, 2-жилд, 427-28-саҳифалар

[24] ал-Ансоб, 1-жилд, 29, 65, 68, 133, 155, 216, 228, 244, 322, 411, 453, 458 ва бошқа саҳифалар

[25] ал-Ансоб, 5-жилд, 278-79-саҳифалар; Тарих Бағдод, 5: 44 (№ 2403)

[26] Тарих Бағдод, 3-жилд, 487-88-саҳифалар (№ 1017)

[27] Баҳр ал-фавоид, 19-саҳифа

[28] ал-Ансоб, 5-жилд, 184-саҳифа; “ал-Қанд”да маълумот учрамади

[29] ал-Ансоб, 3-жилд, 67-саҳифа

[30] ал-Қанд, 312-саҳифа (№ 498)

[31] ал-Ансоб, 5-жилд, 256-саҳифа

[32] ал-Ансоб, 5-жилд, 167-68-саҳифа

[33] Суламийнинг “Табақот ас-суфиййа”си шарҳи, 379-саҳифа

[34] ан-Ансоб, 5-жилд, 327-саҳифа

[35] Баҳр ал-фавоид, Сараево (Босния) кутубхонаси қўлёзма нусхаси, 285б; ал-Ансоб, “ал-Хашиний”

[36] Босния нусхаси, 208б

[37] Босния нусхаси, 290б

[38] Босния нусхаси, 242б

[39] ал-Ансоб, “ас-Соғаржий” банди

[40] Босния нусхаси, 264б

[41] Босния нусхаси, 214б

[42] ал-Ансоб, 2-жилд, 403-саҳифа

Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
680
63

Миллий ва диний қадриятлар асрлар давомида ўзаро чамбарчас алоқада бўлганлиги боис Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, диний-маънавий ҳаётини ўрганишда ислом тарихини илмий асосда тадқиқ қилиш муҳим ўрин тутади. Шу н назардан қараганда, аввало, ислом таълимотининг ажралмас қисми саналган тасаввуф мактабларининг ўрта асрлардан бошлаб Марказий Осиё минтақаси ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаганини таъкидлаш ўринлидир. Бу мактаб ўз тараққиёти давомида маҳаллий урф-одатлар ва маданиятга исломий меросимизни мослаштириш ҳамда сиёсий ҳаётда етакчилик қилишдек босқичларни босиб ўтди.

Ислом динининг кенг ҳудудларга кириб бориши ва тарқалиши маҳаллий аҳоли ҳаётини тубдан ўзгартирди ва ўзига хос маданиятнинг шаклланишига туртки бўлди. Турли диний оқимлар ва қарашлар, шу жумладан, сўфийлар қатлами юзага келди. Бу эса азалдан комил инсон тушунчаси асосий эътиборда турган шарқона урф-одат ва қонун-қоидаларни янада мустаҳкамлади.

Ислом маданиятига йирик тасаввуф алломаларини етказиб берган Марказий Осиё мактаби фаолияти XII асрдан то XX аср бошларигача ўлка ижтимоий ҳаётида ўзининг юқори мавқеини сақлаб қола олди, десак хато бўлмайди. Бу мактаб ўз тараққиёти давомида пайдо бўлиш, маҳаллий маданият билан уйғунлашиш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда етакчилик қилишдек босқичларни босиб ўтди.

Аҳмад Яссавий (1105-1166/67), ‘Абдухолиқ Ғиждувоний (1103-1179), Нажмиддин Кубро (1145–1221), Баҳо’уддин Нақшбанд (1318–1389), ‘Алоуддин Аттор (ваф. 1400), Хожа Муҳаммад Порсо (1345–1420), Паҳлавон Маҳмуд (XIV аср), Хожа ‘Убайдуллоҳ Аҳрор (1404–1490), Мир ‘Алишер Навоий (1441–1501), Махдум-и А‘зам Косоний-Даҳбидий (ваф. 1542), Лутфуллоҳ Чустий (ваф. 1571), Бобораҳим Машраб (1640–1711), Дукчи Эшон (ваф. 1898) каби тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг мамлакат ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий-ижтимоий ва сиёсий қарашлари, албатта, бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир.

Мовароуннаҳрда ислом дини мустаҳкам мавқега эга бўлгач, бир томондан, турли диний таълимотлар, хусусан, калом мактаблари юзага келди, IX-XII асрларда Марказий Осиёда асосий эътибор тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларига қаратилди, иккинчи томондан эса исломий илмлар ривожи мазкур ҳудудда тасаввуф оқимининг юзага келиши ва кенг тарқалиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилди. Мусулмон Шарқи мамлакатлари ижтимоий ва маънавий ҳаётига чуқур кириб борган тасаввуф таълимоти фан, маданият ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатди. XI асрдан бошлаб Шарқнинг деярли барча нуфузли шоир ва ёзувчилари, мутафаккир ва олимлари тасаввуфдан озиқланиб, унинг инсонпарварлик ва ҳақсеварлик ғояларидан руҳланганлар. Шуни назарда тутиб, атоқли олим Е. Э. Бертельс қайд этган эди: «Тасаввуф адабиётини ўрганмасдан туриб, ўрта асрлар мусулмон Шарқи маданий ҳаёти ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин эмас бу адабиётдан хабардор бўлмасдан Шарқнинг ўзини ҳам англаш қийин»[1].

Тасаввуф таълимоти Мовароуннаҳр маданияти ва адабиёти илми таъсирида тараққий этган ва янги халқ ғояларининг шаклланишига туртки бўлган. Шунга кўра, Мовароуннаҳрнинг ислом маданиятида тасаввуфнинг тутган ўрни беқиёсдир. Шу пайтга қадар тасаввуф таълимоти, тарихи ва илгари сурган ғоялари ҳақида кўплаб маҳаллий олимлар самарали меҳнат қилганлар. Жумладан, шарқшунослар Н.Комилов, И.Ҳаққулов, Ориф Усмон, С.Ғаниева, Б.Назаров, Б.Бобожонов ва бошқа бир қатор тадқиқотчиларнинг илмий ишлари диққатга сазовордир.

Араблар юртида пайдо бўлиб, X–XI асрларда гуркираб ривожланаётган Ҳалложийа, Жунайдийа, Суҳравардийа, Увайсийа, Қодирийа тариқатлари таъсири остида Марказий Осиёда ҳам XI–XII асрларга келиб Яссавийа, Кубравийа, Хожагон тариқатлари пайдо бўлди ва зўр шиддат билан ривожланди.[2] Гарчи тасаввуф мактабларининг ташкил топиши дастлаб Куфа, Бағдод, Басра, Миср каби ислом дини кенг тарқалган ҳудудлар билан боғлиқ бўлса-да, кейинчалик Марказий Осиёда бутун ислом олами миқёсида умумэътироф этилган Яссавийа, Хожагон-Нақшбандийа ва Кубравийа каби йирик тасаввуф тариқатлари вужудга келди.

Албатта, Марказий Осиёда етишиб чиққан ва бутун ислом оламида катта обрў қозонган илк тасаввуф назариётчиларини кўплаб учратиш мумкин. Улар орасида Бухоро яқинидаги Калобод қишлоғида туғилиб, шу ерда дафн этилган Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Калободийни (ваф. 990 ёки 995 й.) зикр этиш ўринли. У, шунингдек, ҳанафий мазҳаби фақиҳи сифатида ҳам машҳур бўлган. Унинг ислом оламидаги энг биринчи тасаввуфий адабиётлардан ҳисобланган «ат-Та‘арруф ли-мазҳаби аҳли-т-тасаввуф» номли асари ҳозирга қадар ҳам илк мусулмон тасаввуфи соҳасидаги энциклопедик манба ҳисобланади. Асарда сўфийлар назарий қарашлари тизими ва уларнинг амалиётлари бирмунча тўлиқ баён этилган. Шуниси аҳамиятлики, сўфийликнинг баъзи низомларини анъанавий ислом меъёрлари билан мувофиқлаштиришга бўлган дастлабки уриниш айнан шу асарда кўзга ташланади.

Тарихга назар солсинса, тасаввуфга асос бўлган таркидунёчилик кайфияти деярли ислом билан бир даврда юзага келди. Суфийликнинг илк намояндалари деб Пайғамбарнинг Абу-д-Дардо, Абу Зарр, Ҳузайфа (вафотлари VII асрнинг иккинчи ярми) каби саҳобалари ҳисобланади. Аммо исломдаги мистик-аскетик оқимнинг шаклланиши VIII асрнинг ўрталари – IX асрнинг бошларига тегишли. Бу даврда сўфийлар қаторига муҳаддислар, қорилар, қуссослар, косиблар, тижоратчилар, жумладан, исломни қабул қилган христианлар кирганлар. Бу даврда “сўфий” ёки “ат-тасаввуф” атамалари ҳали кенг тарқалмаган эди: унинг ўрнига зуҳд (таркидунёчилик) ёки зоҳид, обид сўзлари ишлатилар эди. Исломдаги бу мистик-аскетик оқимнинг пайдо бўлиши ва тараққий этишига мусулмон жамиятидаги илк икки аср давомидаги сиёсий-ижтимоий беқарорлик, диний ҳаётнинг мураккаблиги, унинг натижасида келиб чиққан маънавий-ғоявий изланишлар ва бошқа динларнинг, хусусан, христианликнинг таъсирини кўрсатиш мумкин.

Унинг асосида аскетизм, яъни бу дунё лаззатларидан воз кечиш асосида Аллоћга етишиш, уни билиш, у билан бирлашиш йўлини ќидириш ётади. Суфийлик Қур’он ва шариат талаб этган диний аќидаларни, талабларни албатта бажариш, ўзини сўзсиз Аллоҳнинг ќули деб билиш, маълум диний ќоидаларга ўз шахсиятини шубћасиз бўйсундиришни ќабул этмайди, балки шахсий эркинлик, ўз хоћиши билан тозаланиб, рућий маънавийликка сингиш орќали комил инсон даражасига эришишга асосланади.

Тасаввуфда рућни камолотга ва унинг сўнгги маќсади Аллоћга эришув йўллари тўрт босќичдан иборатдир: биринчи босќич шариат деб аталиб, бунда, аввало, шариатнинг барча талабларини бажариш ва унга бўйсуниш талаб этилади; иккинчи босќич – тариќат бўлиб, бунда мурид ўз шахсий истакларидан воз кечиб, ўзини пир ихтиёрига топшириши керак; учинчи босќич – маърифат, бунда сўфийлар коинотнинг бирлиги Худода мужассам бўлишини, олам унинг эманациясидан, нурланишидан вужудга келишини, яхшилик ва ёмонликнинг – нисбийлигини аќл билан эмас, ќалб билан англаб олишлари керак бўлади; тўртинчи босќич ћаќиќатдир. Бунда сўфий шахс сифатида тугаб, кўзланган ћаќиќатга етишиши, Аллоћга сингиб кетиши ва натижада абадийликка эришуви зарур. Бу жараён маълум ваќтни талаб этади. Махсус рућий, жисмоний ћаракат, фаолият – сиѓиниш, ибодатлар, оћанглар ёрдамида амалга оширилади. Сўфийлик тарафдорлари дастлаб моддий бойликка эга бўлиш ва унга интилишни ќоралаб ћаќиќий бойлик маънавий рућий камолотда деб ћисоблаганлар.

Сўфий, тасаввуф сўзларининг этимологияси ҳақида бир неча хил қарашлар бор. Ўлкамизнинг йирик тасаввуфшуносларидан бири Н.Комилов шундай ёзади: «Баъзилар бу сўз «саф» сўзидан келиб чиққан дейдилар, чунки сўфий, Илоҳ йўлига кирганларнинг биринчи сафида турувчидир. Баъзи олимлар уни «суффа» сўзидан ҳосил бўлган деб айтадилар: асҳоби суффа ҳазрати Пайғамбар тириклигидаёқ тарки дунё қилган тақводор кишилар бўлиб, сўфийлар шуларга тақлид қиладилар, деб тушунтирадилар. Яна бир гуруҳ олимлар сўфий сўзи «сафо» сўзидан келиб чиққан, чунки бу тоифанинг қалби сидқу сафо офтобидай порлаб туради, деганлар. Яна баъзилар сўфий «суфуҳ» сўзидан ясалган, суфуҳ – бирор бир нарсанинг ҳулосасидир, бу жамоа халқнинг хулосаси бўлганлиги сабабли уларни сўфий деганлар, деб ёзадилар. Сўфий сўзи «соф» сўзидан чиққан дегувчилар хам бор. Абу Райҳон Беруний ўзининг «Осорул боқия»сида ушбу сўзни юнонча «суф»[3] сўзидан ясалган деб кўрсатади. Аммо кўпчилик сўфий сўзи арабча «суф» сўзидан ҳосил бўлган, деган фикрни билдирадилар. «Суф» сўзининг луғавий маъноси жун ва жундан тўқилган матодир. Сўфийлар кўп ҳолларда жун чакмон ёки қўй терисидан тикилган пўстин кийиб юришни одат қилганлари учун уларни “жун кийимлилар” (форсчаси “пашминапўш”) деб юритилган. Бизнингча, шу кейинги эътимологик маъно ҳақиқатга яқинроқдир, зеро, сўфий сўзининг «суф» сўзидан ясалиши араб тили қонун-қоидаларига мос келади»[4].

Бу атаманинг келиб чиқишини жоҳилият даврида кўп ибодат қилиши билан ном таратган Суфа ибн ‘Удд ибн Тобиха номидан олинган дегувчилар ҳам бор. Аммо исломдан бошқа диндаги шахсларни ўрнак қилиб олиш мумкин бўлмагани сабабли бу талқин мақбул эмас, деб ҳисобловчи тадқиқотчилар мавжуд.[5]

Яна Н.Комилов ўз таърифини ривожлантириб айтади: «Агар «суф» сўзидан сўфий ясалган бўлса, ўз навбатида, «сўфий»дан «тасаввуф», «мустасуф», «муттасуф», «мутасаввиф» сўзлари ҳосил бўлган. Мустасуф ўзини сўфийларга ўхшатиб, тақлид қилиб юрадиган, аммо асл мақсади амал-мансаб, молу мулкка интилишдан иборат бўлган кишиларга нисбатан ишлатилган сўз бўлса, муттасуф тариқат ва ҳақиқатда муайян манзилларни эгаллаган, бироқ сўфий даражасига кўтарила олмаган кишилардир. Қалбан сўфиёна ғояларга мойил, тасаввуфни эътиқод – маслак қилиб олган, лекин тариқат амалиётини ўтамаган, расман сўфий бўлмаган одамлар эса мутасаввиф ҳисобланганлар.

Сўфийларнинг ўзини ҳам Ҳусайн Во‘из Кошифий «Футувватномаи султоний» номли асарида уч гуруҳга ажратган: муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар. Муоширлар – тариқат аҳлининг мухлислари ва дўстлари дирлар. Улар дарвешларга муҳаббат билан қарайдилар, уларнинг суҳбатида иштирок этадилар, хизматларини бажарадилар ва савобга ўзларини шерик деб биладилар. «Мутарасм» сўзининг маъноси дарвешларнинг расму русумларига эргашувчилар, аммо улар дарвешларнинг одатларига зоҳиран тақлид қилсаларда, ботинан ҳол талабгоридирлар ва шу тоифага ихлослари туфайли илоҳий файздан баҳраманд бўлиш умидидадирлар.

Муҳаққиқлар – Ҳаққа етганлар, уларни олий мартабали сўфийлар деб таърифлаш мумкин. Ҳақиқий авлиёлар, шайхи муршидлар шулар ичидан етишиб чиққан[6].[7]

Марказий Осиёга тасаввуф таълимотининг кириб келиши тариқатлар тарихини ёритиш анъанасига кўра ўз даврининг сўфий алломаси Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048–1141) номи билан боғлиқ. Юсуф Ҳамадоний мактабида илму ирфон сабоғини олган Аҳмад Яссавий ва ‘Абдухолиқ Ғиждувонийлар минтақада тасаввуф тараққиётининг кейинги босқичларида муҳим ўрин тутди ва икки мустақил тариқат: Яссавийа ва Хожагон-Нақшбандийа (кейинчалик Нақшбандийа-Мужаддидийа) тариқатларига пойдевор қўйганлар. Бундан ташқари Хоразмда «валийтарош» унвони билан машҳур бўлган Нажмиддин Кубро (1145–1221) мустақил равишда Кубравийа тариқатига асос солди.

Хожагон тариқати XIV асрга келиб, Баҳо’уддин Нақшбанд томонидан янада такомиллаштирилди. Бу эса Марказий Осиёда мўғуллар ҳукмронлигидан кейинги диний-маънавий ҳаётнинг янгича йўналишда шаклланишига асос бўлди. Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа[8] Аҳрор, ‘Абдураҳмон Жомий (1414-1492), ‘Алишер Навоий каби йирик шахсларнинг фаолияти эса Хожагон-Нақшбандийа тариқатининг кейинги вакилларига ижобий таъсир қилди ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун туртки бўлди.

Нақшбанднинг “Кўнглинг Аллоҳда бўлсин, қўлинг меҳнатда” деган шиори ҳунарманд, деҳқонларда динга, диндор ва тариқатчи сўфийларда меҳнатга нисбатан ижобий муносабат пайдо қилган. Бу ўз навбатида одамларнинг турмуш тарзининг ҳам кўтарилишига хизмат қилган.



[1] Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1995. – С. 54.

[2] Ориф Усмон. Бухорои шарифнинг етти пири. – Т.: Тош ДШИ нашриёти, 2003. – Б. 5.

[3] Бу ерда «sophia» (ҳикмат) сўзи назарда тутилган бўлса керак – Ҳ.Ю.

[4] Комилов Н. Тасаввуф. Биринчи китоб. – Т.: Ёзувчи, 1996. – Б. 7. (Бундан кейин – Комилов, Тасаввуф.)

[5] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: Мовароуннаҳр. 2004. – Б. 30.

[6] Комил инсон ҳақида тўрт рисола: Фаридиддин Аттор, Султон Валад, ‘Азизиддин Насафий, Ҳусайн Во‘из Кошифий ижодидан намуналар / Форс-тожик тилидан Н.Комилов тарж. – Т.: Маънавият, 1997.– Б. 185.

[7]

[8]

Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
1150
62

Жиззах вилоятида ўзини тариқатнинг янги кўрининшининг асосчи деб биладиган Сафар Қушаков (1952 йили Бахмал туманида туғилган) "Нурсафардийа" тарқала бошлаганини кузатиш мумкин. Бу тариқат вакилларининг Тошкент ва Жиззах шаҳарларида бир неча “Сўфий табобати” тиббий марказлари мавжуд. Бундан ташқари С.Қушаков “Суфий жанг саъати” номи билан туркум рисолалар чоп эттирган. Уларда Шарқ жанг санъати усуллари ҳақида гапирилган бўлиб, уларни мусулмонлар номи билан боғлашга ҳаракат қилинган. Жумладан китобда: “Сўфий жанг санъати асоси ҳозирги Хитой ҳудудида Уйғур мухтор вилояти, Нингнза ва Тансу вилоятларида аҳоли ўртасида сақланиб қолган ва у ҳозирги Ушу, Сини, Шаолин мактабларига катта озуқа ва туганмас бой ахборот олиб кирган” – дейилади. Ваҳоланки ислом дини 14 асрдан буён дунёнинг кўплаб мамлакатларида тарқалган, бу дин таълимоти, амалиёти ва маросимлари ҳақида минг-минг томли китоблар ёзилган бўлса, уларнинг бирортасида ҳам мусулмонларнинг жанг қилиш санъати деган гап айтилмаган.

Нурсафардия тариқатига оид китобларнинг тавсифи

1. Сўфий (мусулмон) жанг санъати усуллари. Бу номли китоб муаллифи Шайх Сўфий – Табиб Нурсафардий (Сафар Кушаров). 2006 йили Тошкентда кирилл ва лотин алифбосида нашр этилган. Нашриёти кўрсатилмаган. Саҳифаларининг сони 80 та. Адади 999 та.

Китобда Шарқ жанг санъати усуллари ҳақида гапирилган бўлиб, уларни мусулмонлар номи билан боғлашга ҳаракат қилинган. Жумладан китобда: “Сўфий жанг санъати асоси ҳозирги Хитой ҳудудида Уйғур мухтор вилояти, Нингнза ва Тансу вилоятларида аҳоли ўртасида сақланиб қолган ва у ҳозирги Ушу, Сини, Шаолин мактабларига катта озуқа ва туганмас бой ахборот олиб кирган” – дейилади. Ваҳоланки ислом дини 14 асрдан буён дунёнинг кўплаб мамлакатларида тарқалган, бу дин таълимоти, амалиёти ва маросимлари ҳақида минг-минг томли китоблар ёзилган бўлса, уларнинг бирортасида ҳам мусулмонларнинг жанг қилиш санъати деган гап айтилмаган.

Иккинчидан, ислом тинчлик ва осойишталик дини. Унда одамларнинг ўзаро осойишта ҳаёт кечиришлари, ўз юртларини обод қилишлари тараннум этилади. Шунинг учун исломда алоҳида урушиш услуби бўлгани ҳақида гапириш ўринсиз. Бундан ташқари, сўфийлар мусулмонлар орасидаги энг хокисор, дунё бойликлари-ю бошқа манфаатларидан юз ўгириб, фақат охиратни ўйлайдиганлар ҳисобланадилар. Бир неча босқичдан иборат жанг усулини айнан сўфийларга боғлаш ҳам ўта мантиқсизликдир. Агар Хитой ҳудудларида яшаган мусулмонлар ўша ерлик аҳолига хос тарзда Ушу, Кунфу, Каратэ каби жанг санъатларини ўзлаштирган бўлсалар буни дин билан боғлаш нотўғри бўлади.

Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. У ҳам бўлса ислом уламолари ислом маърифий жиҳатдан тарғиб қилиб турган бир пайтда, қандайдир жанг қилиш усулини ҳам бу динга олиб келиб тақаш ёшларимизнинг маънавий тарбиясига салбий таъсир этади. Юртимизда ўнлаб шарқона кураш турлари ривожланиб бормоқда. Ватанимиз фарзандлари улар бўйича жаҳоннинг турли ареналарида мусобақалашмоқдалар ва уларнинг ҳеч бири қайсидир дин билан боғланаётгани йўқку. Бундай қараш Ўзбекистондаги динлараро бағрикенглик тамойилларига ҳам мос келмайди.

2. “Сўфий жанг тизимлари” китобинигнг муаллифи Ахмуратов Шухрат. 2007 йили Тошкентда кирилл ва лотин алифбосида нашр этилган. Нашриёти кўрсатилмаган. Саҳифаларининг сони 80 та. Адади 999 дона.

Бу китобда асосан Қадимги Хитойда мавжуд бўлган шарқ яккакураши мактабларининг усуллари гўёки мусулмонлардан ўтган деган маънода улани қайта ўзлаштириш таклиф этилади. Шунингдек бир неча фото-суратлар орқали ўрганиш усуллари баён этилади. Ушбу китобга ҳам “Сўфий (мусулмон) жанг санъати усуллари” китобига берилган тақриз берилади. Чунки исломни жанг санъати билан алоқаси борлиги бу диннинг асосий манбалари Қуръони карим ва Ҳадислар у ёқда турсин, кейинги асрларда битилган адабиётларда ҳам учрамаган ҳолдир. Ҳар бир нарсани ўз исми билан атаган маъқул. Республика Ушу федерациясининг оғзаки маълумотига кўра, Шарқда бирон-бир мусулсон жанг санъати ҳақида на тарихий на замонавий маълумот йўқ.

3. Нурсафардия мактаби нима? Бу китоб қачон ва қаерда нашр этилгани кўрсатилмаган. 104 бет, адади маълум эмас. Кирилл ва лотин алифбосида.

Унда Нурсафардия йўналишининг мақсадлари, ғоявий ва амалий асослари баён қилинган. Агар мавзудан ташқарига чиқиб, тафаккур қилиб кўрсак, тасаввуф тариқатлари ўз-ўзидан, кимнингдир ихтиёри билан ташкил этиладиган (фирма очишга ўхшаган) иш эмас. Бутун ислом оламига донг таратган Нақшбандия тариқати мисолида кўрадиган бўлсак, унинг вужудга келиш ва шаклланиш даври Абдухолиқ Ғиждувонийдан (1103–1179) Баҳоуддин Нақшбандгача (1318–1389) деярли 300 йилга чўзилган. Бундан ташқари, Нақшбандия тариқатининг шаклланишига хизмат қилганларнинг барча ислом илмларидан етарли даражада хабардор бўлган уламолар бўлганлар. Бирданига шариат илмларини тўла ўрганиб улгурмаган, ёки умуман ўрганмаган Сафарбой ота ўзининг тариқати – Нурсафардияни эълон қилади!?

Шарқ якка кураши турларидан Ушу, Кунфу, Каратэ кабиларнинг элментларини ўзлаштириб Сўфий жанг санъати деб, сўфийлик билан алоқадор бўлмаган Шарқ табобати сирларини ўзлаштириб сўфий табобати деб эълон қилади. Бу жуда қизиқ! Лекин бир нарсани тўла ишонч билан айтиш мумкинки, бу йўналиш ҳеч қачон ислом динидан хабардор бўлган мусулмонлар, уламолар томонидан қабул қилинмайди. Бундан ташқари ушбу китобнинг 18-бетида “Айни дамда Сафарбой отанинг ушбу йўналишда йигирма беш мингдан зиёд шогирди бор”, дейилади. 25 минг жанг санъатини пухта эгаллаганлар ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан катта салоҳиятга эга бўлган куч эканини ҳам унутмаслик керак. Чунки “Муршид-мурид муносабатлари” китобининг14-бетида “Мурид (шогирд) муршид (устоз) белгилаган вақтда белгиланган жойда ҳозир бўлиши, топширилган юмушларни оғишмай адо этиши лозим”, - дейилган.

Иккинчидан, тариқатнинг шартларидан бири унинг давомийлигидир ва бу давомийлик силсилар (занжир) тарзида етиб келаётган рухсатнома билан тасдиқланади. Кимнингдир тариқат раҳбарлигини олиши учун унинг устозлардан олган йўлланмаси бўлиши керак ва муайян тан олинган тариқатлардан иброртасига мансуб бўлиши керак. Нурсафардиянинг бундай асослари йўқ. Қиёслаб кўрадиган бўлсак, қадимдан ислом билан бир қаторда христианликнинг православ ва несториан каби йўналишлари тарқалган Ўзбекистонда миссионерлик фаолиятини олиб бораётганлар билан Нурсафардиянинг фарқи йўқ.

Яна шуни таъкидлаш зарурки, Нурсафардия мактаби нима? Китобининг 31-33-бетларидан Нурсафардия ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қатаётган ва бир неча етим қолган болаларни ўз тарбиясига олгани ҳақида гапирилади. Суфийлик ибодат, таркидунёчилик, дунё лаззатларидан четлашиш билан боғлиқ бўлса, бундан тарбия олган болалардан келажакда нима кутиш мумкин.

4. Мукаммаллик сари ўн тўрт қадам. Бу китоб 2005 йили Тошкентда кирилл ва лотин алифбосида чоп этилган. Нашриёти кўрсатилмаган, адади 999 дона.

Китобда Нурсафардиянинг моҳияти очиб беришга ҳаракат қилинган. Мукаммаллик сари 14 та босқич белгилаб берилган. Улар Сўфий фалсафаси, сўфий ҳаёт тарзи, сўфий гимнастикаси, сўфий хореографияси, сўфий жанг санъати, сўфий нафасиёти, сўфий хаттотлик санъати, сўфий зикр тизими, сўфий мусиқаси, сўфий адабиёти ва шеърияти, сўфий табобати, сўфийликда Қуръони карим, сўфийлик каромати ва махфий илм, сўфийлик пардози каби босқичлар деб белгиланган.

Унда ислом шариатига ва тарихий сўфий анъаналарига мос келмайдиган бир неча жиҳатлари мавжуд. Мундарижанинг ўзига бир назар ташласак, ундаги сўфий гимнастикаси, сўфий пардози, сўфий хореографияси деган гаплар исломда ўз асосида эга бўлмаган, одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун ўйлаб топилгандир.

“Сўфийликда Қуръони карим” деб номланган бўлимда эса Нурсафардия ислом тарихида ҳеч ким қўл урмаган ишни даъво қилишини кўрсатади. Маълумки, Қуръони каримда бир неча сура оддий ҳеч қандан маънони англатмайдиган ҳарфлар билан бошланади (Нун, Қоф, Ёсин каби). Уларни тафсирчилар “ал-ҳуруф ал-муқаттаот ан маъно” яъни маънодан узиб қўйилган ҳарфлар дейишган. Нурсафардия Мукаммаллик сари ўн тўрт қадам китобининг 54-бетида “Нурсафардия йўналиши ҳам ФҚуръони каримнинг ҳали инсониятга маълум бўлмаган қирраларини очишга ҳаракат қилади. Бунга яққол мисол қилиб айрим сураларнинг ҳарфлар билан бошланадиган оятларини олиш мумкин. Бу ҳарфлар замирида ётган маъноларнинг ўзи бир оламдир”, дейилади. Энди тасаввур қилиб кўрайлик ислом илмларидан тўла хабардор бўлмаган шахслар ўтмишдаги буюк-буюк уламолар ва ҳатто Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) қўл урмаган ишни бошлаб, Қуръонннинг ҳеч ким билмаган оятларини тафсир қиламиз деб чиқса. Улар бу оятларни қандай тафсир қилади-ю, уламолар ва бошқа мусулмонлар буни қандай қабул қиладилар, яна янги ихтилоф (фирқаланиш) юзага келмасмикин!?

5. Муршид – Мурид муносабатлари. Бу китоб 2006 йили Тошкентда кирилл ва лотин алифбосида чоп этилган. Нашриёти кўрсатилмаган, саҳафаларининг сони 71та, адади 999 дона.

Китобда сўфийлик йўлини ихтиёр қилганларнинг25 босқичдан иборат ўқув жараёни кўрсатиб берилган. Китобда келтирилганларнинг таҳлили Нурсафардия йўналиши Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақидаги Қонуннинг диний таълим олиш бўйича бандини қўпол равишда бузаётганини кўрсатади. Қонунда айтиладики, “Диний ташкилотларнинг марказий бошќарув органлари рућонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўќув юртлари тузишга ћаќли. Диний ўќув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ћуќуќига эга бўлади... Диний ўќув юртларида диний фанларни ўќитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошќарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим. Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади». Нурсафардиянинг марказларида сўфийликни ўргатаётганларнинг махсус лицензияси ва диний таълим олганлига ҳақидаги маълумотномаси бормикин?

6. Жемчужины Нурсафардийя. Бу китоб 2006 йили Тошкентда кирилл ва лотин алифбосида нашр этилган. Нашриёти кўрсатилмаган. 39 бет, адади 999 дона.

Китоб Сўфи табибнинг “Московские новости” газетаси ва “Белла Терра” журналининг мухбирлари саволларига берган жавоблари асосида тузилган деб сарлавҳа қўйилган. Бироқ китобнинг ичидаги маълумотларни таҳлили, бу суҳбат сценарийси С.Кушаровни реклама қилиш учун уюштирилган. Чунки ундаги саволлар фақат Нурсафардияни мақташ ва идеаллаштиришга йўналтирилган.

Нурсафадия сўфий йўналиши томонидан тақдим этилган китобларнинг таҳлили йўналишнинг диний жиҳатдан асосга эга эмаслигини кўрсатади. Уларнинг тарқатаётган ғоялари ислом дини, сўфийликнинг тарихий манбаларига мос келмайди. Диний таълим борасида олиб бораётган фаолиятлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Шунингдек, Сўфий жанг санъати марказларининг фаолияти Республика Шарқ якка курашлари Федерацияси билан мувофиқлаштирилса яхши бўларди.

Мир Араб олий мадрасаси ректори

Xайдархон Юлдашходжаев
Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
934
61

Зикр тасаввуф таълимотининг асосий амалий бўғинларидан ҳисобланиб, турли тариқат вакиллари зикрнинг жаҳрий ва хафий турларини қўллаб келганлар. Жаҳрий зикр кўриниши ва ижро усули жиҳатидан жуда ранг-баранг бўлиб, асосан Яссавийа, Кубравийа каби сулукларда амалда бўлган. Зикр маросим сифатида, одатда, пайшанба ёки жумадан шанбага ўтар кечаси хонақоҳда амалга оширилган ва у соликларни дунёдан тажарруд қилишга руҳан тайёрлаган

Зикрга йиғилганлар доира шаклидаги ҳалқага тўпланганлар. Ўртада чиройли овоз ва ифода соҳиби бўлган ҳофиз ёки сарҳалқа (бошловчи) ўтириб, Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарга наътлардан иборат дуоларни, баъзида Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларидан овоз чиқариб ўқий бошлайди. Кейин шайх баланд овоз билан муайян ритм беради[1].

Нақшбандия тариқати асосан «хафий зикр»га асосланган тариқат ҳисобланади. Унда зоҳиран кўзга ташланадиган хатти-ҳаракатлардан фарқли, «суҳбат»[2] ва «робита»[3]га кучли эътибор берилади. Бироқ мазкур тариқатнинг тадрижий ривожини кўрадиган бўлсак, унинг турли босқичларида гоҳ хафий зикр, гоҳ жаҳрий зикр амалда бўлганини кўришимиз мумкин. Баҳоуддин Нақшбанд (1318­1389) даврида зикри хафий амалда бўлган бўлса, Махдуми Аъзам Косоний Даҳбидий (ваф. 1542 й.) уни жаҳрий зикр билан қориштирган.

Биз ушбу мақоламизда зикрнинг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарган, тариқат тарихида бу борада учрамаган ҳолат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бунда Мусохон Даҳбидийнинг халифаларидан бири халифа Сиддиқ фаолиятига қисман тўхталиб ўтамиз.

XVIII асрда яшаб ўтган Нақшбандийа-Мужаддидийа тариқатининг Ўрта Осиёда ёйилишига катта ҳисса қўшган Мусохон ибн Исохон Даҳбидий (ваф. 1776й.) хожагон-нақшбандийа тариқатида ихтиёр қилинган хуфя зикрга алоҳида тўхталади. У Марказий Осиёга тасаввуф таълимотини олиб кирган Юсуф Ҳамадоний ва барча издошлари томонидан жаҳрий зикр қўллаб келингани, хожагон/нақшбандиййа тариқатининг асосчиларидан Абдухолиқ Ғиждувоний эса хуфя зикрни илгари сурганини таъкидлаб ўтади.

Даҳбидий Абдулхолиқ Ғиждувоний хуфя усулини танлаганига Юсуф Ҳамадоний ҳам унинг бу қарорига қарши чиқмаганига алоҳида эътибор беради. Шунингдек, у Хожагон-Нақшбандийа тариқатида ихтиёр қилинган хуфя зикрнинг тўғри эканини Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар ҳадислари орқали исботлашга уринади ва жумладан шундай дейди: «Вазкур раббака фий нафсика тазарру‘ан ва хуфятан дуна ал-жаҳр минал қавли билғудувви вал-осол ва ла такун минал-ғофилийн». Яъни: “Раббингизни ичингизда қўрқув билан ҳамда гапирганда овозни кўтармаган ҳолда эртаю кеч зикр этинг! Ғофиллардан бўлманг”[4].

Даҳбидий Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг хуфя зикр тарафдори эканини таъкидлар экан, унинг жаҳрий зикрни ҳам инкор этмагани, балки бу йўлда юрганларга ҳурмат кўзи билан қарашини ҳам ёддан чиқармайди. Бунга мисол тариқасида Ғиждувоний ўғлига қилган васиятини келтиради: “Кўп самоъ қилмаки, бисёр самоъ нифоқ келтиради. Самоънинг кўплиги дилни ўлдиради. Самоъни инкор қилма, чунки самоъ асҳоблари кўпдирлар”[5].

Мусохон Даҳбидий ўз издошларига ҳам хуфя зикрнинг афзаллигини уқтиради. Унинг вафотидан сўнг ўрнига дастлаб Халифа Худоёр ва кейин эса муршидлик мақоми ва иршод бериш ҳуқуқи халифа Сиддиққа насиб этди. У асли Ҳиндистонлик бўлиб Мусохон Даҳбидий у ердан қайтаяпган вақтида ўзи билан олиб келган эди[6]. Манбаларда Халифа Сиддиқнинг таваллуд санаси аниқ кўрсатилмаган, лекин мавжуд маълумотлар таҳлилидан аён бўлишича, у тахминан 1727– 1731 йиллар оралиғида туғилган.

Халифа Сиддиқ доимий равишда Мусохон Даҳбидийнинг ёнида юриб, ундан тасаввуф сирлари, зикр, пир ва муршидлик[7] одоби, тариқат ва шариат илмларини мукаммал ўрганган. У тариқатга бағишланган асарлар ҳам ёзган, лекин манбаларда тўлиқ бўлмаган биргина асари тилга олинади.

Халифа Сиддиқ иршод мақомига ўтирар экан, Нақшбандийя-Мужаддидийя сулукини Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Дашти Қипчоқни ўз ичига олган кенг ҳудудга тарқатди. Бу ҳақда XVIII асрда Марказий Осиёда кечган ижтимоий-сиёсий ва маданий-диний вазиятни қоғозга туширган тарихчилардан бири Жумақули Хумулий (туғ.й.1776/77) шундай ёзади: “Бу азизнинг замонасида тариқат ғоят тараққий топди, хавосу авом томонидан сулукни қабул қилиш кенг қулоч ёйди. Кишилар Мовароуннаҳр, Фарғона, Кошғар ва Дашти Қипчоқдан тўда-тўда бўлиб бу буюк зот даргоҳига келар эдилар. У киши ҳаммани ўз тарбияларига олар эдилар”[8].

Халифа Сиддиқ сулукни бошқаришда ўзидан аввалгилардан фарқлироқ йўлни танлади. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шу эдики, муридларни зикр ўрнига кўпроқ Қуръон ўқишга чақирарди, турли диний билимларни, шариат аҳкомларини ўрганишга буюрарди. Ҳалқаларда кўпинча Атоуллохўжа Бухорий, Фарғона шайхул исломи Эшон Зокирхўжа Марғиноний, шайхул ислом Мир Абдулҳайхўжа Самарқандий каби ўша замоннинг фозил, олим кишилари ташриф буюриб, соликларга тафсир, ҳадис, фиқҳ каби фанлардан дарслар ўтишарди. Ҳар куни зикр ҳалкасидан ва ишроқ намозининг ўртасида Тафсир ал-Байдовий, Мишкоти шариф ва бошқа саҳиҳ китобларни илм толиблари мазкур уламолардан ўрганар эдилар. Фарз намозларидан сўнг хуш овоз қориларга Қуръон ўқишни, чиройли таъбирли шоирларни маснавий ўқишга буюрар эдилар[9].

Дарҳақиқат, Халифа Сиддиқ сулукка раҳбарлик қилишда, тариқатни ривожлантириш ва ёйишда ноанъанавий усулни қўллаган. Бу услуб кўпчиликка маъқул келганлигини сулук тарафдорларининг сони кескин кўпайганидан билиш мумкин. Бироқ, бундай ҳолат билан келиша олмаган ёки ўзига сингдира олмаганлар ҳам кўплаб учраб турган. Айниқса, бошқа сулук соҳиблари, шайхлар, эшонлар орасида Халифа Сиддиқ йўлини хушламайдиганлар кўп бўлган. «Тарихи Хумулий»дан олинган қуйидаги парча фикримизнинг ёрқин далили бўла олади: «Бу жаннатнишон мажлис диний илмлар музокарасисиз ўтмас эди. Бир куни акобирлардан бири савол бердики: “пирларимиз суҳбатида бирор дарснинг музокараси, ёки китоб ўқиш урф бўлмаган эди. Сиз бу йўлни ихтиро қилдингиз ва ўз шайхларингизга хилоф равишда тариқатда муҳдаса (янгилик) амрга журъат қилдингиз”[10]. Бироқ бу каби эътирозлар Муаммад Сиддиқни ўз йўлидан қайтара олмаган.

Муҳаммад Сиддиқ Нақшбандийа-Мужаддидийа маросимларини Аҳмад Сирҳиндийдан аввалги давр намояндаларининг фикрлари билан бойитди, бошқача қилиб айтганда, уйғунлаштирди, тариқат амалиёти ва таълимотини шариат илмлари билан боғлашга ҳаракат қилди. У Нақшбандийя сулукининг йирик намояндалари, жумладан, Махдуми Аъзам ҳам шу каби усулни қўллаганини айтади.

Бу тажрибанинг минтақадаги ижтимоий-сиёсий вазиятга ҳам ўзига ижобий таъсири бўлган. Нақшбандийа тариқатига оид маҳаллий сулуклар вакиллари (Ҳиндистон, Қашқар минтақаларидан тортиб то Болқон ва шимолий Африкагача) ўзларининг мамлакатларида сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ва осойишталик ўрнатиш, қабилалар ўртасида эса тинчлик ва тотувликка фақат шариат аҳкомларининг мустаҳкамлиги орқали эришиш мумкин, деган хулосага келдилар. Айнан шу боис улар шариат аҳкомларини мустаҳкамлашни лозим деб топдилар. Халифа Сиддиқ ҳижрий 1210 / 1795-6 йилда вафот этган ва Даҳбидда дафн этилган. Қабри Даҳбид қишлоғининг шимолий чеккасидаги боғлар орасида[11]. У вафот қилган санани Хумулий назмда қуйидагича ифода этади:

Имоми собиқон Сиддиқ ногаҳ,

Ки жонаш буд аз сирри Ҳақ огаҳ,

Аз-ин ғурбат саро рафти ватан кард,

Ба дору-л-қурби мулки ли мааллоҳ.

Равонаш жониби ризвон хиромид,

Ба соли як ҳазору ду саду даҳ.

(Мазмуни: ўтган улуғ зотларнинг имоми – Сиддиқнинг жони ногоҳ Ҳаққа юзланди. У бу ғурбатхонадан кетиб «ли ма‘аллоҳ» мақомида қурбат уйида ватан топди. Ризвон жаннати томон сафари 1210 йилда бўлди – Ҳ.Ю.).

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халифа Муҳаммад Сиддиқ ўз фаолияти давомида Мусохон Даҳбидийнинг назарий кўрсатмаларини нафақат ижро этган, балки уларни ўзининг рационал ғоялар билан бойитган, ривожлантирган. Тариқат маросимларининг муайян доирада қотиб қолмаслигини, балки замон ва макон тақозосидан келиб чиқиб, соликлар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда янгиликлар қилиниши мумкинлигини яна бир карра исботлади. Шунингдек соликларни илм олишга тарғиб қилиш, қилаётган амалларини онгли равишда, ўзлари моҳиятига тушуниб етган ҳолда бажаришлари лозимлигига чақирди.

Айни кунда тариқатга кирганларга илм шарт эмас, ибодат қилиш, таркидунёчилик қилиш етарли деган нотўғри ғояларни тарғиб қилаётган айрим тариқатчилар Муҳаммад Сиддиқ каби пири комилларнинг илғор, ҳаётий фикрларига эргашсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Мир Араб олий мадрасаси ректори

Xайдархон Юлдашходжаев



[1] Бабаджанов Б. О видах зикра джахр у братств Центральной Азии. «Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь» (Отв. ред. С. М. Прозоров), вып. 4, Москва: «Восточная литература», 2003, с. 25-27.

[2] Суҳбат (صحبة) – араб. «дўстлик, ҳамроҳлик». Пир ва мурид ҳамда тариқат аҳллари ўртасида ўзаро дўстлик, бир-бирига нисбатан илиқлик.

[3] Робита (رابطة) – араб. «алоқа, боғлаш, занжир тартиб ва қоида». Робита икки қисмдан иборат: «Робитаи муҳаббат» – ишқ ила шайхни хотирлаш; «робитаи талаббус» – муриднинг ўзини баъзан шайхи қиёфасида тасаввур этиши). Робитадан кўзланган мақсад Аллоҳ томонидан бериладиган ижобий энергия – файзни қабул қилиш учун замин тайёрлаш.

[4] Қуръони карим. «Аъроф» сураси, 205-оят.

[5] Мусохон Даҳбидий. Зубдат ал-ҳақойиқ. ЎзР ФА ШИ. Инв. № 10472/II. – В. 26б.

[6] Мажзуб Намангоний.Тазкира-и Мажзуб-и Намангоний. ЎзРФА ШИ. Инв №2662/ II. -В. 28а, 28б

[7] Мурид-муршид муносабати хусусида қ.: Майер Ф. Учитель и ученик в ордене Накшбандийа // Суфизм в Центральной Азии. – С. 94-113.

[8] Хумулий. Тарихи-и Хумулий. ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма, инв. № 37/VI. – В. 299б.

[9]. Ўша асар. – В. 300б.

[10] Ўша асар. –В. 302а.

[11] Абу Тоҳирхожа. Самарийа // Абу Тоҳирхожа. Самарийа. Наршахий. Бухоро тарихи. Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. Ибрат. Фарғона тарихи. – Т.: Камалак, 1991. – Б. 57.

Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
830