ХАМР (МАСТ ҚИЛУВЧИ ИЧИМЛИК) ҲАҚИДА ВАЪЗ (1)
Muallif: . .
Sana: 31.07.2023
214

Билгинки, бу умматга хамрМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан ҳаром қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жоҳилият одатларини, яъни хамр ичишга одамлар муккасидан кетганини кўриб, Аллоҳга маст қилувчи ичимликларни ҳаром қилишини сўраб дуо қилдилар. Шунда:

«Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?» (Моида сураси, 90–91-оятлар).

Бу икки оят майнинг тақиқланиши бўйича учинчи ва охирги босқич ҳисобланади. Биринчи босқич Бақара сураси, 219-оятида, иккинчи босқич Нисо сураси, 43-оятида келган. Шу оят охиридаги саволга жавобан мусулмонлар дарҳол: “Тийилдик-тийилдик”, деган эканлар.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ таоло Моида сурасининг 90-оятида майни саккизта ўринда ҳаром қилди. Биринчиси, Аллоҳ таоло майни қимор ва бут-санамларга тенглаштирди. Бу иккаласи ҳам ҳаромдир.

Иккинчиси, майни шайтоннинг амали, деди. Шубҳасиз, шайтоннинг амали ҳаром бўлгани учун май ҳам мўмин учун ҳаромдир.

Учинчиси, “четланингиз”, дейилди. Четланиш буюрилган ҳар қандай амал ҳаромдир.

Тўртинчиси, оятда “шояд нажот топсангиз”, дейилди. Нажот топиш фақат ҳаромдан четланиш билан бўлади.

Бешинчиси, оятда: “Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни хоҳлайди”, дейилди. Май ичиш дўстлар ўртасида адоват ва нафратни келтриб чиқаради. Адоват ва нафрат ҳаром, ҳаромга сабаб бўлувчи ҳар нарса ҳаромдир.

Олтинчиси, оятда: “сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди”, дейилди. Аллоҳ зикридан ва намоздан тўсиш ҳаромдир.

Еттинчиси, май ичиш зинога етаклайди. Зино қатъий ҳаромдир, ҳаромни тақозо қилувчи ҳар бир нарса ҳаромдир.

Саккизинчиси, май ичиш ҳар бир ёмонликнинг калтидир. Маст кишига ҳамма ҳаром ишларни, гуноҳ амаларни қилиш осон бўлади. Ким май ичса, шариат бўйича унга саксон дарра урилиши керак. Агар бу дунёда урилмаса, охиратда, албатта, оташдан бўлган қамчи билан инсонлар кўз ўнгида урилади.

Ҳадиси шарифларда:

– “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир” (Имом Бухорий ривояти);

– “Хамрдан сақланинглар. Зеро, у барча ёмонликнинг калитидир», (Имом Ҳоким ривояти), дейилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким май ичса, қирқ тонг унинг намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Борди-ю қайтиб ичса, қирқ тонг унинг намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Яна ичса, қирқ тонг унинг намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Мабодо, тўртинчи марта қайтиб ичса, қирқ тонг унинг намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилмайди. Аллоҳ ундан ғазабланади ва уни Хобал дарёсидан суғоради», дедилар.

Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Эй Абу Абдураҳмон, Хобал дарёси нима?» деб сўраган эди, у: “Дўзах аҳлининг йиринглари оқадиган дарё”, деб жавоб берди» (Имом Термизий ривояти).

Хамр сабабли лаънатланган кимсалар хусусида Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ворид бўлган ҳадис ҳужжат бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ хамрни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуювчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, сиқтирувчини (тайёрлатувчини) ҳам, сиқувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ибн Можанинг ривоятида: “Пулини еювчини ҳам”, дейилган.

"Мусулмон учун 30 ваъз" китобидан.

манба

. .