ЮСУФ СУРАСИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР
Muallif: . .
Sana: 16.08.2023
351

Қуръони карим сураларининг ҳаммаси дилга маҳбуб, ҳар бирининг ўз ўрни, таъсири, ибрати ва ҳидояти бор. Ҳозир ёзмоқчи бўлганим эса Юсуф сураси ҳақида.

Бу сурани ғариблик азобини тортган, ўз яқинларидан жафо кўрган, ҳаётида турли-туман синовларга дучор бўлиб, қадди букилган, чеҳрасига маҳзунлик сиймоси соя солган ҳар қандай инсон йиғламасдан ўқий олмаса керак. Шу билан бирга бу сура аввал йиғлатиб, кейин шодлантиради, қалбга осойиш ва таскин беради.

Мазкур сурадан бошқа бирор-бир сура тўлиғича бир инсон қиссасига бағишланмаган. Юсуф алайҳиссалом қиссасидан бошқа ҳеч қайси ҳаётий қиссани Аллоҳ таоло “аҳсану-л-қасас” яъни, қиссаларнинг энг гўзали деб атамаган.

Аллоҳ таоло бу улуғ сурани Ўз ҳабибига дунёдаги ҳимоячиси ва суянган тоғи бўлган амакисини йўқотган, бироз ўтиб эса умр йўлдоши, таянчи ва юпанчи бўлган энг суюкли завжаси Хадича розияллоҳу анҳудан ҳам жудо бўлиб, мислсиз дард, алам ва ҳасрат гирдобида қолган ўша оғир дамларда нозил этди. Бежизга ўша йил қайғу йили деб номланмаган эди. Пировардида, Юсуф сураси Набиййимиз қалбларига малҳам бўлди, қайғуларини аритди ва руҳларига сабот ва матонат бахш этди.

Бу сура шунга ўргатадики, хаста албатта шифо топади, узоқларга кетиб, дарбадар бўлган, оиласидан ғоиб бўлган кимса бир кун кайтиб келади, маҳзун кимса алалоқибат хурсанд бўлади, ғаму ташвишлар эса бир кунмас бир кун барҳам топади. Етарки, сабр қил, сабрни ўзингга соябон эт, у билан зийнатлан, Аллоҳнинг ёрдамини кутиб яша, умидингни узма, Раббингга ибодатда мустаҳкам бўл, дуою илтижода давом эт!...

Юсуф сураси, ўзининг лисони ҳоли ила "ўз юртингдан узоқда бўлсанг ҳам,.. сени тергайдиган, изза қиладиган кимсалар қуршовидан омонда бўлсанг-да,.. гуноҳ қилма! Ахир, Аллоҳ кўриб турибди!", дейди.

Нафақат, мусибатларга қарши, балки, гуноҳлардан тийилишдаги сабрга ҳам ўргатади. Зеро, мусофирликда гуноҳ қилиш осонроқ бўлиб қолади.

Қийинчиликдан сўнг енгилчилик келиши, қоронғуликнинг сўнги рўшнолик билан якун топиши анбиёлар ва солиҳ кимсалар учун илоҳий суннатдир. Ёъқуб алайҳиссалом ўғли билан ўзининг ораси мағрибу машриқнинг орасичалик узоқлашиб кетган бўлса-да, ҳар куни айрилиқ тиғи қалбини тилкалаб турса-да, чиройли сабр қилди. Бунинг оқибати, дунёда чиройли мукофот бўлди ва ўғли билан узоқ йиллик жудоликдан сўнг яна соғлигу офият ва бағри бутунликда дийдор кўришди. Охиратда эса уларни албатта бундан-да яхшироқ мукофотлар кутиб турибди.

Сура, мусибатлардан қутулиш учун сабабларни ишга солиш кераклигини ҳам ўргатади. Ахир, Юсуф алайҳиссалом зиндондан озод қилинаётган ҳамроҳларига “мени хожанг ҳузурида зикр қил!” (42-оят), дер эканлар, подшоҳ у кишининг ишини қайта кўриб чиқиб, таҳқиқ қилиб, у кишининг айбсизликларидан хабардор бўлишини ва бунинг натижасида зиндондан озод этилишларини умид қилган эдилар.

Юсуф сураси Аллоҳнинг банда учун энг яхши ёрдамчи, энг яхши суянчиқ, энг яхши дўст ва меҳрибон эканлигини эслатади. У кимсасизлар кимсаси, ғариблар паноҳи, чорасизлар сиғноғи, ёлғизлар ҳамроҳи эканлигини ёдга солади. У ҳеч қачон Ўзининг дўстларини қийинчилик пайтида ёлғизлатиб қўймайди. Агар ғамлар қудуғига отилган экансиз, Юсуф сурасини ўқинг, шодликлар карвони келиб, сизни "қудуқдан" чиқариб олади.

Туркларда "разил бўлмасдан вазир бўлинмас" деган ҳикматли сўз бор. Яъни, тушмасдан юқорига чиқолмайсан. Ҳаёт йўлларида шубҳасиз, қоқиласан, йиқиласан. Лекин, йўлда давом этаркансан албатта мақсадингга етасан. Юсуф алайҳиссалом аввал қудуққа сўнгра, зиндонга ташландилар. Аммо, оқибатда Миср тахтига ўтирдилар.

Мусибатлар инсонни тоблайди. Аввалги ҳолатидан янада кучлироқ бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам хасталикда шифо бор, демиш машойихлар. Ҳар тушишда бир чиқиш бор, ҳар зиллатда бир иззат бор.

Шундай экан ҳаёт сўқмоқларида йиқилсанг, асло умидсизликка тушма. Зеро, ҳар тушиш бир чиқишдан дарак. Етарки, ўрнингдан туриб йўлингда давом эт. Зеро, инсон сафарга маъмурдир, зафарга эмас.

Синовлар аслида неъматдир. Аллоҳ синов берсаю банда унга гўзал сабр қилиб, Аллоҳдан енгиллик ва яхшилик умид этиб, йўлида давом этса албатта рўшноликка қовушади.

Алишер Султонходжаев

Манба Bayyina.uz

. .