ТАРИКА: ДАФН ХАРАЖАТЛАРИ, ҚАРЗЛАРНИ УЗИШ
Muallif: . .
Sana: 09.10.2023
157

Киши ўз ортида қолдирган нарса луғатда “тарика” дейилади. Фароиз илми уламолари истилоҳида эса тарика, вафот этган кишидан қолган мол-мулк ва шаръий ҳуқуқлардир.

Яъни марҳумга тегишли барча турдаги кўчар ва кўчмас мулклар ҳамда ҳаётлигида бошлаган ва ўлимидан сўнг фойдага кирган ишлардан келган мол-мулклар.

Марҳумнинг мол-мулкига боғлиқ ҳуқуқлари ҳам тарикага киради. Ушбу ҳуқуқлар вафот этган инсон қолдирган мол-мулкнинг айни ўзига боғлиқ бўлади. Масалан, маййит бирор нарсани гаровга олиш орқали қарз берган бўлса, қарздор қарзини узмагунича гаров меросхўрлар қўлида туради.

Марҳумнинг ўлими сабаб хун вожиб бўлса, хун учун олинадиган мол ҳам тарика ҳисобланади.

Тарика маййитнинг дафн харажатларига, маййитнинг қарзларини узишга, маййитнинг васиятларини амалга оширишга сарифлангач, қолгани ворисларга Қуръон ва суннатга мувофиқ тақсимланади.

МАРҲУМНИ ДАФН ЭТИШ ХАРАЖАТЛАРИ

Маййит дафн қилиш чиқимлари исрофгарлик ёки зиқналикка йўл қўймасдан, шаръиатга мувофиқ бўлиши лозим. Агар маййит дафн харажатларга етадиган қолдирмаган бўлса, ҳаётлигида унга нафақа бериши лозим бўлган киши дафн харажатларни кўтаради.

МАРҲУМНИНГ ҚАРЗЛАРИНИ УЗИШ

Қарзлар икки турли: 1. Соғломликда олинган қарз. 2. Беморликда олинган қарз. Аввалгиси ҳужжат ила ёки иқрор бўлиш орқали исбот топган қарз бўлиб, унга насия маҳр, насия савдо ва бировга етказилган зарарни тўлаб бериш кабилар киради. Кейинги турдаги қарзга мерос қолдирувчининг – ўлим касаллиги вақтида иқрор бўлганидан бошқа ҳеч қандай исботи бўлмаган қарздир.

Маййитдан қолган мол-мулк дафн харажатларидан ортиб қолса, биринчи бўлиб саломатлигида олган қарзлари узилади. Ундан ортса, беморликда олган қарзлари тўланади. Агар тарика саломатлигида олгани қарзларини ҳаммасини тўлашга тўлиқ етмаса, қарз берганларнинг ҳар бирининг ҳақига муносиб равишда тақсимланади. Қарз тури бир хил бўлган қарз эгаларининг бирини бошқасидан устун қўйиш жоиз эмас.

Бу ўринда қарз ҳақида гапирилганда инсонлардан олинган қарзлар назарда тутилди. Мазҳабимизда қарзларни адо қилишда ҳам асосан шу турдаги қарзлар назарда тутилади. Шофеъий мазҳабида эса, Аллоҳ таоло олдидаги қарзлар биринчи адо қилинади. Улар: закот, ҳаж, назр, рўзанинг фидяси ва ушр каби молиявий ибодатлардир. Агар маййит уларни адо қилишни васият қилса, тариканинг учдан бири ҳисобидан ўташ меросхўрлар учун вожиб бўлади. Агар васият қилмаган бўлса, инсонлардан олинган қарзи ўталганидан сўнг, Аллоҳ таоло олдидаги қарзларни ҳам адо этиб қўйиш яхшидир.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

Манба muslim.uz.umi

. .