ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ ҲАҚИДА
Muallif: . .
Sana: 10.11.2023
195

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар...

ҚИЁМАТ КУНИГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ

Қиёмат кунининг борлигига келтириладиган далиллар иккига бўлинади.
1. Нақлий далиллар (бошқаларнинг хабари).
2. Ақлий далиллар.
Нақлий далиллар, қисқа қилиб айтганда, инсоният тарихидаги барча динлар иттифоқ қилишганки, инсон ўлгандан сўнг, қайта тирилади ва бу дунёда қилган ишларининг ҳисоб-китоби бўлади.
Ақлий далилларга келсак, барча-барча одамлар қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам, саҳродагилар ҳам, шаҳардагилар ҳам, ҳатто энг чекка жойларда яшайдиганлар ҳам, илмлилар ҳам, илмсизлар ҳам ўзида бир илҳомга ўхшаш махфий сезги борлигини биладилар. Бу сезги айтадики, бу дунёдаги ҳаётдан сўнг яна бошқа ҳаёт бўлади. Унда ҳозирги ҳаётда топилмаган адолат ҳақиқатга айланади, ҳар бир инсон ўзининг қилган ишига яраша мукофот ёки жазо олади.
Норман Билл исмли олим бу борада шундай дейди:
«Кишида ўлгандан сўнг, яна ҳаёт бўлади, деган сезгининг борлиги, қиёмат кунининг ҳақлигига энг кучли далиллардан биридир. Аллоҳ таоло агар инсонни бирор нарсага қониқтирмоқчи бўлса, ўша фикрни унинг қалбига солиб қўяди. Одамларда абадий ҳаётга интилиш (агар у дунёда бўлса ҳам) кенг тарқалган сезгидир. Бунга енгилтаклик билан қараб бўлмайди. Биз интилаётган бу нарса ва чин қалбдан ҳис қилаётган бу нарса бирор ишончли асоснинг акси бўлиши турган гaп. Бундай улкан ҳақиқатларга материалистик йўл билан, моддий далиллар билан ишониб бўлмайди. Балки ақида, илҳом ва руҳий сезгилар йўли билан ишонилади. Илҳом ҳақиқатни илмий фаҳмлашда муҳим омилдир».
Аллоҳ инсонни ақлли қилиб, баркамол ва кўпгина нарсаларга тайёр қилиб, коинот сирларини очишга қодир қилиб яратди.
Шундай олий мартабага эга бўлган инсон, бошқа ақлсиз, идроксиз, истеъдодсиз ҳайвонлар каби ҳолга тушиб қолиши тўғри эмас. Балки тўғри йўл шуки, инсон бу дунёдаги ҳаётдан сўнг, яна қайтиб тирилиб, ўз амалларининг самарасидан баҳраманд бўлиши керак.
Агар Аллоҳ таоло инсонга турли қобилиятларни бериб қўйиб, сўнгра бепарво ташлаб қўйса, бу иш беҳикмат бўлиб, адолатдан ҳам узоқ бўлган бўлар эди.

ҚИЁМАТ АЛОМАТЛАРИ ҲАҚИДА

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган.
Жумладан Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт», деган.
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар. Баъзи ҳолларда қиёмат бўлишига шак келтирганларидан, ўз фикрларини тасдиқлаш, қиёмат бўлади, деган ақийдадагиларни ожиз қолдириш учун сўрайдилар. Баъзи вақтларда синаш учун сўрайдилар ва ҳоказо.
Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон собит бўлиши ва келиши ҳақида сўрар эдилар.
«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар».
Яъни, бўладиган бўлса, қачон бўлишини айтиб бер, деб даъво қилардилар. Бу саволдан қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай Пайғамбарсан, шуни ҳам билмайсанми, деган ғаразгўйликнинг ҳиди келади.
Аслида, қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Агар ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақиқий Пайғамбар бўлмаса, бунга турли жавоблар бериш мумкин. Хусусан, Пайғамбарликни даъво қилувчи табиатан телба ва бузуқлар одамлар эътиборини жалб қилиш учун уларнинг қиёматга нисбатан бўлган эҳтиросли қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилишлари кейинги пайтларда ошкор бўлди. Қиёмат фалон вақтда бўлади, деб қўйиб, сўнг шарманда бўлганлари ҳам жуда кўп.
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволга қандай жавоб беришни Аллоҳнинг Ўзи сўзма-сўз уқдиряпти:«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одам, у киши ҳеч қачон ғайб илмини биламан, деб даъво қилмаганлар. У зот:
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», дейдилар. Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат бир зот–Роббим билади, холос. Бошқа ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман.
«Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир».
Қиёматни юзага келтирувчи Зот ҳам ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди.
«У осмонлару ерда оғир иш бўладир».
Унинг ҳақида билганим шу: Қиёмат осмонлар ва ер қанча улкан бўлмасин уларга ҳам оғир келадиган даражада улуғ ҳодисадир. Шунинг учун ўша кунга тайёрланиш керак.
«Сизларга фақат тўсатдан келадир».
Билмай қоласизлар. Аввал эълон қилиб, вақтини тайинлаб келмайди. У содир бўлмасдан бироз олдин ўзини ўнглаб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Унинг келишига доим тайёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан самара йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин.
«Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт.
Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Одамлар сендан соат (қиёмат )ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир», деган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қиёмат соати билан қўрқитар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони Каримда ҳам қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келгани маълум. Кофирлар доимо, қиёмат қачон бўлади, деб сўрар эдилар. Улар қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа қилганлари учун ҳам у ҳақда кўп сўрардилар. Қани, бўлса, бўлмайдими? деб шошилар эдилар. Лекин қиёматнинг илми Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини бошқага билдиришни истамади. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бергани йўқ.
Шу билан бирга, ояти каримада қиёмат қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билишининг, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади:
«Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир».
Қиёмат соати яқиндир, сен буни билмайсан, сендан бошқа ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма доимо ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туради. Ҳозир ёки эртага қиёмат қоим бўлиб қолса, нима қиламан, деб яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади.
Қачон қиёмат қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қайта-қайта таъкидланган. Биргина мисол келтирамиз.
Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Менга отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдики: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирар эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни биздан бирор киши танимас ҳам эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди. Икки кафтини икки сонларига қўйди ва: «Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер!» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом – «Ла илаҳа иллалоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмо-ғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар имконинг бўлса, Байтуллоҳга ҳаж қилмоғинг», дедилар.
Ҳалиги одам: «Тўғри айтдинг!» деди.
Биз ундан ажабландик. Ўзи савол бериб, ўзи, тўғри айтдинг, дейди. Кейин у: «Менга иймондан хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ва яхши-ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
У одам:
«Тўғри айтдинг. Эҳсон ҳақида хабар бер!» деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди сен Уни кўраётгандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўраётгандек ибодат қилишинг», дедилар.
«Менга соат (қиёмат) ҳақида хабар бер!» деди у.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас», дедилар.
У одам чиқиб кетганидан сўнг, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан бу одамнинг кимлигини сўрадилар. Саҳобалар, танимаймиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил сизга динингизни ўргатгани келган эди», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.
Аммо шу билан бирга қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан зикр қилинган.

Доббатул арз

Қиёматнинг энг катта аломатларидан бири бўлган «Добба»-жонивор ҳақида «Намл» сурасида бир оят бор. Аллоҳ таоло: «Қачонки, уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир добба-жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб беради», деган (82-оят).
Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз – қиёмат азоби тушиш чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса, фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.
Ҳофиз ибн Касир: «Бу жонивор охири замонда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганларида чиқади», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта белгини кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди», деб туриб, ердан жонивор чиқишини ҳам айтганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:
«Қиёматнинг биринчи аломатларидан қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга добба-жониворнинг чиқишидир, буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади».
Шу билан бирга, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар.
Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш энг яхши иш. Қолгани эса фақат Аллоҳ биладиган ғайб илмдир.
«Қачонки, уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир добба-жонивор чиқарамиз».
Бу «жонивор» оятда «добба» деб айтилган. «Добба» ер юзида аста юрувчи, деганидир. Қорни билан судралиб юрадими, икки, тўрт ёки сонсиз-саноқсиз оёқлари билан юрадими, фарқи йўқ. Диний адабиётимизда ҳам бу жонивор «доббатул арз» номи билан машҳур бўлган.
Демак, қиёмат яқинлашганда ўша жонивор чиқади ва:«У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир».
«Доббатул арз»ни одамларга гапиртиришдан мақсад уларнинг илоҳий оятларга иймон келтирмайдиган бўлганликларини билдириш экан.
Қандай қилиб айтишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Имо-ишора билан тушунтирадими, ҳамма инсонлар тушунадиган тилда гапирадими ёки инсонлар унинг тилини тушунадиган бўлиб қоладиларми, биров бу ҳақда бир нарса билмайди.

. .