ҲАЁТ - СИНОВДАН ИБОРАТ
Muallif: . .
Sana: 05.02.2024
89

Синовимизни осон қилсин, Азизаларим! Инсон ниманидир кутиб яшайди. Рост гап, хўш, нимани кутади?

Тақдир - қийинчиликлардан иборат. Масалан, қандай қийинчилик? Кимдир яқин инсонидан айрилади. Кимдир қашшоқликда яшайди. Кимдир қарздан қутула олмайди. Кимдир фарзандсизликдан ғам чекади.

Кимдир Ватандан олисда. Кимдир туҳматга учрайди. Кимдир ноҳақликдан озурда. Кимдир очликдан, кимдир ташналикдан азобда. Кимдир ёлғизликдан изтиробда.

Кимдир орзулари ушалмаганидан, яна кимдир ҳурмат кўрмаётганидан, кимдир илми камлигидан, кимдир ойлиги камлигидан нолийди.

Ҳар биримиз бир муддат ўтгач, ҳаммаси яхши бўлади деймиз. Ҳатто, шундай ҳам бўлади. Дейлик, ўзингизга ғамхўр топдингиз, Аллоҳ катта бойлик берди, кўзни қувнатадиган фарзанд кўрдингиз, Ватан бағрига қайтдингиз, туҳмат булутлари ариди, ҳақ қарор топди, очлик ва ташналик босилди, орзулар ушалди, ҳурматингиз ошди, илмингиз кўпайди, ойликка барака кирди...

Кейин нима бўлади?

Кейин... синовларнинг каттаси бошланади. Аввал пул кам эди – нафсимизга эътибор бермасдик.

Пул кўпайди – гуноҳларга эшиклар очилди.

Аввал ерда ухлардик, кам ухлардик, энди юмшоқ ўриндамиз – ғафлатда қоляпмиз.

Аввал биров назарга илмасди, мунғайибгина юрардик, энди ҳамма эгилиб турибди – кибрга енгилдик.

Бефарзандликда Аллоҳга кўпроқ ёлворардик, ҳар куни, ҳар лаҳза Аллоҳнинг ёди билан эдик, энди боламизни эркалаб, тарбиялаш машаққатига дучормиз.

Демак, синов ортидан синов. Имтиҳон тугаб, янги имтиҳон...

Ҳаёт имтиҳонлардан иборат экан. Ҳикмати шуки, имтиҳонлар алмашиб туради.

Унисидан бунисига ўтиб юраверамиз. Бир имтиҳонда узоқ қолсак, зерикиб қоламиз. Аммо, хайриятки, янгиси тайёр турган бўлади.

Олган баҳоларимизни ҳали билолмаймиз. Ҳеч ким билмайди. Кундаликлар ёзиляпти, аммо баҳоларни кўрмасдан, уни тасдиқлаб кетмоқдамиз.

Шундай: Ҳаёт ҳаракатдан, фақатгина олға интилишдан иборат. Умидсизликка чўккан кунимиз ҳаёт тўхтайди.

Умид ва ишонч билан илгари юришимиз керак. Яратган Зотга илтижоларимиз тўхтамасин. Шунчалик шовқинлар ичида Унга ёлвориб турганимиз, Ундан умид узмаганимиз эртага муҳаббатимиз учун далил бўлади.

Имтиҳонлардан “аъло” баҳолар билан ўтишни, Аллоҳим, жумла мусулмон уммати қаторида биз ожизаларингга ҳам насиб айла!!!

ИРОДА РАХМАТОВА
Пешку туман Қучоқ МФЙ, Қучоқ қишлоғи отинойиси

. .