МИР АРАБ МАДРАСАСИДА ТАҲСИЛ ОЛГАН ЎЗБЕКИСТОН УЛАМОЛАРИ
Muallif: . .
Sana: 23.04.2024
93

АБДУРАШИД БАҲРОМОВ (1953 – 2011)

Абдурашид Баҳромов (Абдурашид қори) 1953 йил 8 январь куни Андижон шаҳрида туғилган. Дастлабки диний сабоқни отаси Абдулмўмин қори Мулла Баҳром ўғлидан олган. 1959-1969 йилларда Андижон шаҳридаги 29-ўрта мактабда ўқиган. Сўнг 16-ўрта мактабда боғбон бўлиб ишлайди. 1971-1973 йилларда Туркистон ҳарбий округида йигитлик бурчини ўтайди. Ўзининг хотирлашича, ҳарбий хизматда юрган пайтида ҳам имкон қадар Қуръони каримни такрор қилиб, ибодатларини бажаришга ҳаракат қилган. У дин ва диний илмларни ўрганишга ғоят иштиёқли эди. Шунинг учун 1975 йили Мир Араб мадрасасига ўқишга киради. Талабалик йилларидаёқ рамазон ойида Бухоро шаҳридаги Хўжа таббанд масжидида Раҳматуллоҳ қори Обидов билан бирга хатми Қуръон ўтказишган.

Абдурашид қори 1979 йилда ТИИни битириб, устозлар тавсияси билан шу илм даргоҳида дарс бера бошлади. 1981 йилдан Тошкент шаҳридаги Тилла Шайх масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. 1997 йил май ойидан 2006 йил августгача ЎМИ раиси, муфтий сифатида ватанимиз тинч-осойишталиги ва тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилади. У 1998 йилнинг октябрь ойида юртбошимизнинг ташаббуслари ва кўрсатмалари асосида бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади. Икки марта Саудия Арабистони подшоҳлиги таклифи билан Каъбаи муаззаманинг ичига кириб зиёрат қилган. Шунингдек, Саудия Арабистони, Миср, Қувайт, Марокаш, Индонезия Туркия, АҚШ каби қатор давлатларда ўтказилган Қуръони Карим ҳофизларининг мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, мусулмон дунёсида юртимиз қориларининг нуфузи ортишига сабаб бўлди.

Биламизки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Ватанимиз тинчлигига раҳна солишга, қарийб 90% аҳолиси ислом динига эътиқод қилувчи мамлакатимиз тинчлигини парчалашга уринган ва сиёсий-ижтимоий ҳолатни беқарорлаштириш мақсадида атрофдан дин ниқоби остида турли оқимлар кириб кела бошлаган. Диндан гапириб, аслида муқаддас динимизга тўғри келмайдиган фикрларни тарқатишга ва эл орасида фитна чиқаришга интилган бу гуруҳлар 1999 йили Тошкент шаҳрида, 2001 йили Тошкент вилоятининг турли ҳудуд ларида, 2004 йили Бухоро вилоятида ва 2005 йили Андижон шаҳридаги каби бир неча қўпорувчилик ҳаракатлари уюштирилди. Ана шу оғир пайтларда Абдурашид қори Баҳромов биринчилардан бўлиб ҳодиса жойига етиб борди ва имомлар билан бирга халқимизни огоҳликка чорлаб, панд-насиҳат қилди. Дин ниқоби остида ватанимизга бостириб келаётган ёки унинг ичидан туриб ўз халқига қарши фитна қилаётганларнинг ишлари фасод эканини уқтирди, уларнинг бузғун даъволарининг соф маърифий ислом ақидасига зид жиҳатларини очиб берди.

Абдурашид қори Баҳромов 2011 йил 26 октябрда вафот этган. Жанозасини Шайх Абдулазиз Мансур ўқиган. У Тошкентдаги Ғойибота қабристонида дафн этилган.
. .