Ижтимоий тармоқлардаги салбий таъсирлардан эҳтиёт бўлиш – мотуридия ақидаси ва ҳанафий мазҳабида мустаҳкам туришнинг муҳим омили
Muallif: . .
Sana: 26.09.2019
1247

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларидан халқаро террористик ва экстремистик кучлар ҳам фаол фойдаланмоқда.

Айниқса, ғоявий ва диний сохта ақидаларни тарқатишда бир неча ўнлаб хорижий мессенжер ва тармоқлар жиноятчиларга қўл келмоқда.

Жумладан, улар орасида Telegram, Viber, WhatsApp ҳамда Skype тармоқлари энг кўп оммалашган. ИШИД жиноятчилик тўдаси бир неча минглаб инсонларни айнан шу тармоқлар орқали ўз оқимига тортган.

“Интернет ҳаммага ўз хоҳишига кўра хизмат кўрсатади. Террорчилар турли руҳий ва моддий рағбатлантириш орқали интернет фойдаланувчиларининг ишончини қозонмоқда. Барчаси дўстона муносабатлардан, енгил суҳбатлардан бошланади ва сўнгра ислом динига оид жиддий мавзулар муҳокама қилинади. Бунда махсус тайёргарликдан ўтган “ғоявий жангчи”лар ёшларни ўз тўрларига илинтиришга ҳаракат қиладилар.

Юқоридаги мессенжер ва тармоқларнинг жиноятчилар ўртасида оммалашганининг ўзига хос сабаби бор, бу уларда суҳбатни мутлақо тўлиқ шифрлаш имкони мавжудлигидир. Натижада, жиноятчиларга тегишли гуруҳларни кузатиш имкони бўлмайди.

Кўриниб турибдики, террористик ва экестремистик оқим аъзолари ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан ўз ғояларини сингдиришда кенг услубда фойдаланмоқдалар. Ҳозирги кунимизда барчамиз китоб мутолаасидан узилиб қолган бир замонда биз ҳам ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардан кенг услубда фойдаланишимиз зарур. Бу ишимиз билан ўзимизни ва халқимизни экстремистик ва террористик оқимларга аъзо бўлишидан қисман сақлаган бўламиз.

Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган ва рухсат этилган сайтлар мавжуд бўлиб, биз улардан кенг кўламда фойдаланишимиз мумкин. Бундан ташқари, юртимиз уламоларининг шахсий каналлари орқали ҳам биз турли хил таҳдидлардан ва фитналардан огоҳ бўлишимиз мумкин. Лекин барибир биринчи ўринда бизни бу оқимлар таъсиридан ҳимоя қиладиган асосий манба бу китоб мутолаасидир. Очиғини айтсак, бошимизга келган балоларнинг барчаси илмсизлигимиз ва мутолаадан узилиб қолганимиз сабаблидир.

Бундан ташқари, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда кўплаб расмий каналлар мавжуд бўлиб, биз бу каналлар билан интернетдаги муаммоли ҳолатларни бартараф этишимиз мумкин. Масалан “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати каналини оладиган бўлсак, 2016 йил 1 февраль куни телеграм мессенжерида бу ҳайъатнинг расмий канали очилди. Унда барча мусулмонлар ўзларини қизиқтирган диний саволларига тўлиқ ва энг тўғри жавобни олиш имкониятига эгалар.

Бу канал @Islom.uz, @Hazratim.uz, @Fiqh.uz, @Hilolnashr, @Qur’an.uz, @wwwIslam.uz, @Arabic.uz, @BintuSodiq, @Siyrat.uz, @Muslimaat.uz, @Hadisislom.uz_каналлари билан биргаликда иш олиб боради. Бу каналнинг расмий сайти savollar.Islom.uz портали ҳисобланиб, канал асосчилари Islom.uz портали мутасаддиларидир.

Яқинда бу ҳайъат томонидан бир хушхабар эълон қилинди. Эндиликда “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати Колл-центр - диний саволларга телефон орқали жавоб беришни йўлга қўйди. Бу ҳақда www.muslim.uz қуйидагича ёзади:

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан 2019 йилги муборак Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг телефон орқали йўлланган рўза тутиш билан боғлиқ барча шаръий масалаларига уламоларнинг туну кун жавоб бериш тизими жорий этилди.

Эндиликда, мўмин-мусулмонлар шу йил 3 майдан 3 июнга қадар ҳафтада етти кун ва кунда 24 соат давомида ўзларининг рўза тутиш билан боғлиқ шаръий саволларига жавоб олишлари мумкин (ибодат вақтларидан ташқари).

Бунинг учун қуйидаги телефон рақамларига қўнғироқ қилинади:

90 9026910;

90 9170580;

93 5752832 (фақат аёл-қизлар учун, 08:00 дан 18:00 гача)”.

Ўзбекистон mусулмонлари идораси матбуот хизмати.

“Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати телеграм расмий каналида матнли савол-жавоблар билан бир қаторда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳикматли дунё” туркумидан ҳар кунлик аудио савол-жавоблар ҳамда ҳафталик маърузаларни ҳам бериб борилмоқда. Бу расмий канал орқали биз кўплаб диний масалалардаги муаммоларга ечим топишимиз мумкин.

Шунга ўхшаш кўплаб қизиқувчилар томонидан бериладиган диний масалалардаги саволларга каналда мунтазам жавоб бериб борилади.

Шу билан бирга, Facebook ижтимоий тармоғидаги Мубашшир Аҳмад, Аброр Мухтор Алий, Абдул Азим Зиёуддин, Улуғбек Султанов каби кўплаб блоггерлар бу тармоқда фойдаланувчилар учун жуда ҳам фойдали постларни қўйиб борадилар. Бу постлардан ҳам интернет тармоғидаги муаммоларга ечим топишимиз мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар бугунги кунимизнинг энг асосий вақт ўтказувчи омил ҳисобланган бир пайтда виртуал оламда диний эҳтиёжларимиз билан кимлар билан ўртоқлашаётганимизга жиддий эътибор қаратиш ҳозирги замон талаби бўлиб ҳисобланади.

Тўхтасинов Рўзимуҳаммад

Мир Араб Олий мадрасаси мударриси

. .