АЛЛОҲ ТАОЛО ХАРОМ ҚИЛГАН ЎНТА НАРСА (1-қисм)
Muallif: . .
Sana: 20.12.2019
1331

Аллоҳ таоло бутун инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун Қурьони каримни нозил қилди. Нозил қилинган ушбу китобда инсонларнинг дунёда фаровон ҳаёт кечиришлари ва охиратда нажот топишларига сабаб бўлгувчи оятларни баён қилди. Қуйида сизларга зикир қилмоқчи бўлаётган оятларда ҳам Аллоҳ таоло бандаларига харом қилган ўнта нарсанинг баёни келгандир.

Ибн Масьуд розияллоҳу анҳу: “Ким Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига назар солмоқчи бўлса, ушбу оятларни ўқисин” деганлар.

قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلَّا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ مِنْ إِمْلَاقٍ نَحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ وَلَا تَقْرَبُوا الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُون. وَلَا تَقْرَبُوا مَالَ الْيَتِيمِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّى يَبْلُغَ أَشُدَّهُ وَأَوْفُوا الْكَيْلَ وَالْمِيزَانَ بِالْقِسْطِ لَا نُكَلِّفُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا وَإِذَا قُلْتُمْ فَاعْدِلُوا وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَى وَبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ. وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ.

Айтинг: «Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир. То вояга етгунича* етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (яқинлашишингиз мумкин). Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолатли бўлинг! Аллоҳнинг (олган) аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир. Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир». (Аньом сураси 151-152-153-оятлар.)

Шу ўринда юқорида баёни келган оятларни тафсирига бир назар солсак. Аллоҳ таоло бандаларига қуйдаги ўнта нарсани харом қилган.

Биринчи: Аллоҳга ширк келтирмаслик. Маьлумки Аллоҳ таолога бирор нарсани ширк келтириш гуноҳларнинг энг каттаси бўлиб у сабабидан киши иймонидан айрилади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди.” (Нисо сураси 48-оят) дея марҳамат қилган.

Иккинчи: Ота-онага яхшилик қилиш. Зеро ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳга ибодатқилишдан кейинги энг муҳим амаллардандир. Бунга далил ўлароқ Нисо сурасининг 23-оятида шундай келади, “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”

“Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушиниш керак.

Ривоят қилинишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилишни вақтида адо этилган намоздан кейинги энг афзал амал эканлигини баён қилганлар.

Учинчи: Қашшоқликдан қўрқиб болаларни ўлдирмаслик. Бу иш кишилик жамиятидаги энг разил ишлардан саналади. Бу ишнинг Қурьони карим орқали қайтарилишлигининг ўзиёқ катта гуноҳлигидан далолат қилиб турибди. Зеро жоҳилият даврида инсонлар фақирлиги учун, фарзандини боқа олмаслигидан қўрқиб боласиниўз қўли билан ўлдирар, ҳатто оилада қиз фарзанд туғилса ор билиб ота-она ўз жигарбандини тириклайин кўмиб ташлар эди. Ушбу оят гарчи жоҳилият араблари ичида авж олган разил одатни фош қилиб уни муолажа қилиш борасида нозил қилинган бўлсада, унинг ҳукми ом бўлиб, то қиёматгача келадиган инсонларга тааллуқлидир. Жоҳилия арабларидан гўдакни тириклай кўмиш иши қайтарилган бўлса, бизни замонамиздаги вақти етмай туриб беузур хомилани олдириб ташлаш, шунингдек қандайдир сабабларни рўкач қилиб, ҳеч қандай узурларсиз хомиланинг олдини олувчи дориларни истеьмол қилишлик ҳам юқоридаги оятнинг ҳукмига дохилдир. Аммо аёл кишининг бирор бир касалликка чалингани туфайли, мутахасислар томонидан фақат ва фақат ўша аёлнинг туғушлиги мумкин эмаслиги таькидланган ҳолдагина хомилани олдириб ташлашликка ижозат этилади. Ривоят қилинишича, Ибн Масьуд р.а Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан: Гуноҳларнинг энг каттаси қайси?- деб сўраганларида , Ул зот “Аллоҳга бирор нарсани тенг тутмоқлигинг, хлбуки у сени яратган”, деб жавоб берганлар. Ундан кейинги катта гуноҳ қайси?-деганларида: “Ўз фарзандингни сен билан бирга таом емоқлигидан қўрқиб ўлдирмоғинг”, дедилар. Сўнгра қайси деб сўраганларида: “Қўшнининг аёли билан зино қилмоғинг”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Тўртинчи: Ошкора ва махфий тарздаги фахш ишларга яқин йўламаслик. Аллоҳ таоло фахш ишларнинг каттасини ҳам, кичигини ҳам, ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам харом қилди. Зеро Аллоҳ таоло ўз бандаларини фахш ишларга яқин келишларини ёқтирмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларини гуноҳ ишлардан қизғанишини баён қилиб, шундай мархамат қилганлар: “Ҳеч кимнинг рашки Аллоҳникидан кўра кучли эмас. Шунинг учун ҳам У ошкора ва махфий тарздаги фахш ишларни харом қилди” (Муттафақун алайҳ).

Бешинчи: Аллоҳ храом қилган жонни ўлдирмаслик. Маьлумки, нохақдан одам ўлдириш, бегуноҳ оамларнинг қонини тўкиш нафақат Ислом динида, балки барчи самовий динларда ҳам харом қилингандир. Соғлом фикирли, соф виждонли ҳар қандай инсон буни инкор этмайди. Гапимизнинг тасдиғи ўлароқ Аллоҳ таоло Қурьони каримда Моида сурасининг 32-оятида шундай марҳамат қилади: «...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзлари борки: “Мўмин кишига мўмин кишининг уч нарсаси харом: моли, қони ва обрўси”, - деганлар.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Саидов Иброҳимжон

. .