АЛЛОҲ ТАОЛО ХАРОМ ҚИЛГАН ЎНТА НАРСА (2-қисм)
Muallif: . .
Sana: 20.12.2019
1445

Бешинчи: Аллоҳ храом қилган жонни ўлдирмаслик. Маьлумки, нохақдан одам ўлдириш, бегуноҳ оамларнинг қонини тўкиш нафақат Ислом динида, балки барчи самовий динларда ҳам харом қилингандир. Соғлом фикирли, соф виждонли ҳар қандай инсон буни инкор этмайди. Гапимизнинг тасдиғи ўлароқ Аллоҳ таоло Қурьони каримда Моида сурасининг 32-оятида шундай марҳамат қилади: «...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзлари борки: “Мўмин кишига мўмин кишининг уч нарсаси харом: моли, қони ва обрўси”, - деганлар.

Олтинчи: Етиминг молига хиёнат қилмаслик ва яқин йўламаслик. Сир эмаски етимлар жамиятдаги энг ожиз ва химоясиз тоифадир. Шунинг учун ҳам Ислом динида уларни парвариш қилишга тарғиб қилинган. Етимга тегишли бўлган мол-мулкни сақлаб турган киши уни асраб авайлаши, исроф қилмай, тежаб-тергаб тасарруф қилиши лозим. Етимларнинг ожиз ва химоясизлигидан фойдаланиб, мол-мулкини ўзлаштириб олиш, ёки уни сақлаб турганлигини писанд қилиб керагидан ортиғича сарф харажат қилиши оғир гуноҳ эканлиги Қурьони каримнинг Нисо сураси 10-оятида қуйдагича баён қилинган. “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар”.

Еттинчи: Ўлчов ва тарозини адолат билан тўғри қўйиш. Ушбу оят ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка чақиради. Зотан, ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилишлик кўпинча савдо-сотиқ вақтида содир бўлгани учун ҳам оятда ўлчов ва тарози алоҳида таькидланиб келмоқда. Ушбу сўзимизни қувватловчи Мутоффифин сурасининг 1-3-оятларини далил қилиб келтирамиз. “(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!. Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир.”

Саккизинчи: Сўзлаганда адолат билан сўзлашлик. Ростгўйлик гўзал фазилат бўлиб,инсонни жаннатга етаклайди. Ёлғончилик эса мўмин-мусулмонга ёт иллат бўлиб, унинг оқибати жаҳаннам билан якун топиши ҳадиси муборакларда келтирилган. Хусусан, гувоҳлик вақтида ёлғон гувоҳлик бериш, кабира гуноҳлардандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳи кабираларни зикир қила туриб, шулар жумласида ёлғон гувоҳлик беришни бир неча маротаба такрорлаганлар.

Тўққизинчи: Аллоҳга берилган аҳдга вафо қилиш. Аллоҳга иймон келтириш У билан аҳдлашиш демакдир. Ислом дини таьлимотига кўра Қурьони карим гўёки, Аллоҳ таоло билан мусулмон банда ўртасидаги аҳдномадир. Демак, Қурьондаги аҳкомларга амал қилиб яшаш аҳдга афо қилиш демакдир.

Ўнинчи: Тўғри йўлга эргашиш. Юқорида зикри келган ҳукумлар Аллоҳ таолонинг тўғри йўлини ифодаловчи ҳукумлар жумласидандир. Ана ўша ҳукумларга амал қилиб яшаган инсон шу дунёда бахту саодатга, охиратда эса улкан даражотларга эришади. Аксинча бўлса айни залолат бўлиб, унинг оқибати бу дунёда ҳақдан ажралишликка, охиратда эса хасрату надоматга сабаб бўлади. Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам узун бир чизиқ чиздилар ва: “Бу Аллоҳнинг тўғри йўли”, - дедилар. Кейин унинг атрофига бир неча майда чизиқлар тортдилар ва : “Бу залолат йўлларидир, бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида шайтон турибди”, - дедилар ва бу “Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир”. (Аньом сураси 153-оят)ни ўқидилар (Имом Аҳмад ривояти)

Азиз юртдошим, маьлумингизким Аллоҳ таоло бандаларининг қилаётган ҳар бир ишидан бохабар зотдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиларининг бирида: “Қиёмат кунида амалларингиз ҳисоб-китоб қилинишидан олдин ўзингиз ўзингизга ҳисоб беринг”, - деб марҳамат қилганлар. Маьлумки, ҳар бир иш ниҳоясига етганда унинг хисоботи берилганидек, инсоннинг умри тугаб, поёнига етганда, у ўтказган ҳаёти давомида қилган ишларидан одил ҳакам бўлмиш Аллоҳ таоло хузурида ҳисоб беришга шак-шубҳа йўқлигини эсдан чиқармайлик.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Саидов Иброҳимжон

. .