Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтишнинг фазилати
Muallif: . .
Sana: 12.03.2020
1694

Бир аёл Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига келиб: "Эй Шайх! Менинг бир қизим вафот этган, уни тушимда кўришни хоҳлайман"-деди.

—Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Тўрт ракат намоз ўқинг, ҳар ракатида бир марта "Фотиҳа" сурасини ва бир марта "Такасур" сурасини ўқинг. Бу намозни эса ҳуфтон намозини адо этганингиздан сўнг ўқинг ва ётиб, ухлагунингизгача Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтинг"-дедилар.

Аёл Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтган вазифаларни адо этди. Тушида қизининг азобланаётган, эгнига қотирон (нефт қолдиғидан иборат қора симоласимон модда) кийимини кийган, қўллари боғланган ва оёқлари оловли занжирлар билан кишанланган ҳолда кўрди. Уйқудан тургач, Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб, бўлиб ўтган воқеъани сўзлаб берди. Шунда Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Унинг номидан садақа қилинг! Шояд Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечирса"-дедилар.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ мана шу кечада туш кўрдилар. Тушларида ўзлари Жаннат боғларидан бир боғда эканлар ва у ерга қўйилган бир сўри (хотахта)ни кўрдилар. Унинг устида бошига нурли тож кийган гўзал қиз ўтирар эди. Шу пайтда қиз Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳга қараб: "Эй Ҳасан! Мени танимадингизми?"-деди.

—Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Йўқ"-дедилар.

—Қиз: "Сиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтишга буюрган ўша аёлнинг қизиман"-деди.

—Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Онангиз менга сизнинг ҳолатингизни бошқача васфлаган эди"-дедилар.

—Қиз: "Ҳолатим онам айтганларидек эди"-деди.

—Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: "Нима сабаб? Бундай даражага етдингиз?"-дедилар.

Қиз: "Биз етмиш минг киши, онам сизга айтганидек азоб-уқубатда эдик. Бир пайт қабрларимиз ёнидан бир солиҳ инсон ўтди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир марта саловат айтиб савобини бизга бағишлади. Аллоҳ ундан қабул этиб, бизнинг барчамизни солиҳ кишининг баракасидан азоблардан халос қилди. Ва менинг ўрним сиз гувоҳ бўлиб турган ергача етди"-деди.

Эслатма! Бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилган бир дона саловатнинг фазилати! Агар ўнта саловат бўлсачи? ёки, юзта ёки, мингта, ёки, ўн мингта бўлсачи? Унда фазилати қандай бўлади?

Оғизларингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтиш ила хушбўйланглар!

"Ад-дуррул манзуд фис солати вас салами аъла соҳибил мақомил маҳмуд" китобидан.

"Мир Араб" олий мадраса мударриси Темиров Иброҳимжон таржимаси.

. .