Бошқаларга тақлид қиладиган миллат ҳаргиз юксакликка эришмайди. Бошқаларнинг йўлига эргашиб, уларга тобе бўлган ва ўзининг мустақил йўли-асосларига эга бўлмаган халқ ҳеч қачон пешқадам бўлмайди. Халқ учун азизлик ва пешқадамликни шу элдан чиққан инсонларгина пайдо қилади. Агар биз ҳам улуғ аждодларимиз билан фақат фахр ва ифтихор қилиш эмас, уларнинг тутган йўллари, улуғлик ва пешқадамликка етказган ишларини яна бир бор амалда қўлласак, халқимиз аввалгидек дунё халқлари орасида энг юксак мақомга кўтарилади. Ота-боболаримиз бутун инсониятга устоз бўлган инсонлардир. Уларнинг томирларида оққан қон бизнинг томирларимизда оқмоқда. Фақат буни парваришлаш, тарбия қилиш ва йўлини очиш зарур. Бир марта бундай улуғ инсонларни тарбиялаган халқ яна бир бор шу ишни амалга ошира олишига ишонамиз. Ана шундай улуғ зотлар мендан ва менинг фарзандларимдан ҳам чиқсин, деб ният қилган инсон нима қилиш керак?! Болаларнинг тарбиясида қандай йўл тутиши керак? Тарихимизда яшаб ўтган улуғ инсонларни танисак, шу каби саволларга жавоб топамиз. Шунчаки тарихий воқеликни ўрганиш эмас, балки, юксак ва аниқ мақсадлар қўйишимиз лозим. Жумладан: ибратни пайдо қилиш (хусусан, биз ёшлар учун); қаноатни кучайтириш; эътиборни нимага қаратиш ва шу каби ҳолатлардан қандай хулосалар олиш.
Улуғ инсонлар ўз-ўзидан ёки тасодифан дунёга келиб қолмайдилар. Уларнинг юксакликка эришишларидаги сабаблар бор. Бу сабабларни улуғлик ва буюклик сирлари, деб номлашимиз мумкин. Аллоҳ таоло бу борлиқни сабаблар олами қилди. Сабабларни қўллаб, натижаси хайрли бўлишини Аллоҳ таолодан умид қилиш ана шу сабабларни яратган Зотга айни одобдир.
Ушбу сатрларда ана шу улуғликка етаклайдиган сабабларни аллома Саъдуддин Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ ҳаётлари мисолида ўрганамиз. У зотнинг ҳаётига ибрат-намуна олиш учун назар солиб, улуғлик сирларига асосий эътиборимизни қаратамиз...
1. Бошланишдаги учқун (одатда, бу нарсаларда инсоннинг ихтиёри йўқ. Яъни, уларни инсон ўзи танлай олмайди):
- хос шарт-шароит (масалан, хос оила яъни, илм уйи ва хос таълим-тарбия).
Аллома Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ ҳам “илм хонадони“да таваллуд топган. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг энг катта неъматидир. Ибн Манда, Убайдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳафс Кабир, Имом Ғаззолий (роҳимаҳумуллоҳ) ва бошқа кўплаб улуғ олимлар илм хонадонида дунёга келишган. (Бир хонадондан икки, уч ёки ундан кўпроқ авлод улуғ олим сифатида етишиб чиқса, ана шундай уй илм хонадони, дейилган). Бундай хонанда ўсиб улғайган фарзанд, улуғлик сари илк қадамни босган бўлади.
Иқтидор ва ўткир зеҳн ёки ихлос ва ҳимматнинг мукофоти...
Саъдуддин Тафтазоний ёшлигида зеҳни паст бўлишига қарамасдан илмга чанқоқ ва ўта тиришқоқлиги билан тенгқурлари орасида ажралиб турган. «Шарҳу ақоид» асари ҳошиясида «Шазаротуз заҳаб» (олтин зарралари) асаридан қуйидаги ривоят нақл қилинган: “Саъдуддин Тафтазоний дастлаб Аздуддин Ийжийнинг қўлида таълим олган. Таълим олишни бошлаган вақтда ниҳоятда зеҳни паст бўлиб, Аздуддин Ийжийнинг шогирдлари орасида ундан кўра ўзлаштириши қийин, зеҳни паст талаба бўлмаган. Ҳатто Аздуддин Ийжий талабаларга бефаҳмликда уни мисол қилиб келтирадиган бўлган. Аммо Саъдуддин бундан умидсизликка тушмасдан қаттиқ тиришиб, ўқишда бардавом бўлган. Бир куни ёлғиз дарс қилиб ўтирганида бир нотаниш киши келиб: «Тур эй Саъдуддин, сайр қиламиз», дебди. У: «мен асло сайр қила олмайман, шунча ўқиб, ҳеч нарсани тушунмаяпманку, ўқимасдан сайр қилишга кетсам нима бўлади», деб жавоб берибди. Ҳалиги киши кетибди ва яна қайтиб келиб: «Тур, биз билан сайр қиласан», дебди. У яна аввалгидай жавоб бериб у киши билан бирга бормабди. Ҳалиги киши кетибди ва бир оздан сўнг қайтиб келиб, яна аввалги гапини айтибди. Шунда Саъдуддин: “Сиздан кўра гапни тушунмайдиганроқ одамни кўрмаганман, мен сизга асло сайрга бора олмайман, демадимми?”, дебди. Шунда ҳалиги киши: «сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақираяпдилар», дебди. Бу гапни эшитиши билан у сакраб ўрнидан туриб кетибди ва оёқ кийимларини кийишга ҳам сабри чидамай яланг оёқ чопиб кетибди. Шаҳар ташқарисидаги дарахтзор бир жойга етиб борибди ва у ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир гуруҳ саҳобалари билан турганларини кўрибди. У зот алайҳиссалом унга табассум қилиб: «сизга бир неча бор одам юбордик, келмадингиз», дебдилар. У шоша-пиша: « Ё Расулаллоҳ, сиз юборганингизни билмабман, фаҳмим ёмонлиги ва ҳифзим пастлигини узр қилиб сизга айтадиган шикоятим бор», дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Оғзингизни очинг», дебдилар ва оғзига туфлаб, ҳақига дуо қилибдилар. Сўнгра унга муваффақият ёр бўлишини айтибдилар ва манзилига қайтишга буюрибдилар. У илм ва нурга лиммо-лим бўлиб манзилига қайтибди. Эртаси куни одатдагидай устози Аздуддин Ийжийнинг дарс халқасига бориб, ўз жойига ўтириб дарс тинглабди. Дарс асносида шундай илмий гапларни айтибдики, толиби илмлар уни одатдагидай ҳеч нарсани тушунмасдан гапираяпди, деб ўйлашиб, у айтган нарсаларнинг маъносини англаб етолмабдилар. Аммо, бу гапларни эшитган устоз Аздуддин Ийжий йиғлаб юборибди ва: «сизнинг ишингиз менинг зиммамдадир, сиз бугун биз билган олдинги Масъуд эмассиз», дебди. Сўнгра ўрнидан туриб, уни ўз ўрнига ўтирғизибди. Шу кундан унга муваффақият ёр бўлибди”.
Ушбу ривоятни Саъдуддин Тафтазонийга берилган каромат деб тушуниш мумкин.
Иқтидор ва ўткир зеҳн Аллоҳ таоло тарафидан бериладиган неъматдир. Ҳар бир боланинг нимагадир иқтидори бўлади. Уни ота-оналар ва устозлар кўра билишлари ва шунга муносиб йўлни кўрсатишлари зарур.
Илм сари...
Ёшлигидан ўз қишлоғи Тафтазонни тарк қилиб, илм олиш учун ўша даврдаги илм марказларидан бири бўлган - Нисо шаҳрига равона бўлди. У ерда дастлабки диний илмларни ўрганди ва Қуръони Каримни ёд олди.
Сўнгра ўспирин Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтда машҳур бўлган юқори савиядаги имлардан баҳраманд бўлиш ниятида турли илмларнинг маркази бўлган Самарқанд томон юзланди. У ерда ўша вақтнинг машҳур алломаларидан бўлган Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳига шогирд тушди. Ўша вақтнинг пешқадам толиби илмлари Самарқанднинг масжидларидан бирида мана шу олимнинг қўлида таҳсил олар эдилар.
Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳам шавқу завқ билан, илмга бўлган чексиз ҳиммат билан улуғ олим Азудуддин Ийжийнинг шогирдлари қаторига қўшилди.
Азудуддин Ийжийнинг дарслари мантиқ, калом, баён, бадийъ, усул каби олиймақом ва қийин илмлардан юқори савияда ўтар эди. Янги шогирд Тафтазонийнинг бу илмлардан ҳали хабари йўқ эди. Шунинг учун у шериклари ичида билимсизроқ, зеҳни паст, ақли суст ва қалби моғор бўлиб кўринар эди. Аммо шунга қарамай, у ҳаммадан кўра кўп ҳаракат қиларди. Шерикларидан ортда қолганлиги Саъдуддиннинг илмга бўлган ҳимматини пастлата олмас, у тинмай ҳаракат қилар, илмдан бошқа нарсаларга аҳамият бермас эди.
Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ дастлабки билимни Хуросоннинг йирик илмий марказлари Хирот, Шероз, Балх, Сарахс каби шаҳарларида олади.
Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ ҳаётининг аксар қисми Хуросоннинг ушбу шаҳарлари билан бир қаторда Мовароуннаҳрда – Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Ғиждувон каби шаҳарларда ўтганлиги ҳақида ҳам ёзма манбаларда аниқ қайд этилган.
Илмга эътибор...
Соҳибқирон Амир Темурнинг мақсади IХ—Х асрларда бўлгани каби ислом дунёсининг илмий марказлари сифатида танилган Хоразм, Бухоро ва Бағдоддаги «Байт ул-ҳикма» илмий мактаблари анъаналарини Самарқандда тиклаш бўлган. Пойтахтда Самарқандга келган барча олимларга ижод қилишлари учун барча қулайликлар яратилган. Саройда — Амир Темур хузурида эркин илмий баҳслар бўлиб, ғолиб чиққан олим ва шоирлар рағбатлантирилган, синовдан ўтган йирик олимлар янги қурилган мадрасаларга мударрисликка юборилган. Илм-фанга, маърифатга эътибор баландлиги боис ўша замоннинг кўпгина олимлари Самарқандга боришни ўзлари учун шараф, деб билишган.
Устозлари...
Саъдуддин Тафтазоний ўз даврининг йирик олимларидан таълим олган бўлиб, улар орасида Азудуддин Ийжий, Зиёуддин Қазвиний, Қутбиддин Розий Таҳтоний ва Насиймуддин Абу Абдуллоҳ Найсабурий каби уламолар энг машҳурлари ҳисобланади.
Етукликка интилиш...
Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби илмларда етук олим бўлган.
Бу зот ўн олти ёшлик ўспиринлик чоғидаёқ дастлабки асарини ёзган.
Шогирдлари...
Аллома ислом оламида кўплаб машҳур шогирдларни тарбиялаб, вояга етказган. Жумладан, Ҳисомиддин ибн Ҳасан ибн Али ибн Ҳасан Абивардий Хатибий (1360-1413), Ҳайдар ибн Аҳмад ибн Иброҳим Румий Ҳанафий (Шоҳу тож номи билан танилган) (1379-1450), Муҳаммад ибн Аҳмад Хазарий Коший (ваф. 1522 й.), Алоуддин Али ибн Мусо ибн Иброҳим Румий Ҳанафий (1355-1438), буюк қози Муҳаммад ибн Атоуллоҳ ибн Муҳаммад Розий (1366-1426), Шамсуддин Муҳаммад ибн Фазлуллоҳ ибн Муждуддин Каримий (1372-1457), Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Ҳанафий (1369-1438), Мулло Жалолиддин Юсуф ибн Рукнуддин Авбаҳий Хуросоний Самарқандий, Лутфуллоҳ Камол Самарқандий, Ҳасан ибн Али ибн Муҳаммад ҳам унинг шогирдлари сирасига киради.
Ажойиб китоблар соҳиби...
Унинг биринчи илмий асари эса Сарахс олимлари орасида машҳур бўлиб, шу асари орқали Мадраса мударриси ҳуқуқини қўлга киритган. Шу даврдан бошлаб у қарийб 30 йил давомида Мовароуннаҳр ва Хуросон бўйлаб кўчиб юриб, турли мадрасаларда дарс берган.
Тафтазоний қирқдан ортиқ асар ёзган бўлиб, бизгача «Таҳзиб ал-мантиқ ва-л-калом» («Мантиқ ва каломга сайқал бериш»), «Ас-Саъдия» (Котибийнинг мантиққа оид «Аш-Шамсия» рисоласига ёзилган шарҳ), «Ал-мутав-вол» («Кенг талқин»), «Мухтасар ал-маоний» («қисқача маънолар»), “Ал-иршод ал-ҳодий («Йўл бошловчи раҳбар»), «Ал-мақосид ат-толи-бин» («Толиби илмларнинг мақсадлари»), «Рисола фи завое ал-мусал-лас» («Учбурчакнинг бурчаклари ҳақида рисола») каби асарларидан ташқари ўзидан олдин ўтган мутафаккирлар асарларига ёзган шарҳ ва ҳошиялари етиб келган.
Илм аҳлига ўзига хос ҳурмат-эҳтиром…
Амир Темур Кўрагоний Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳини жуда ҳам ҳурмат қилар эди. Бунинг далили сифатида машҳур олим ва тарихчи Ибн Арабшоҳнинг қуйидаги ҳикоясини келтирамиз:
“Амир Темур ўта аҳамиятли ва фойдали ишларидан бири бўйича чопар юборди. Чопарга: «Агар йўлда отга ҳожат тушиб қолса, кимни кўрсанг ҳам отини ол, агар ўғлим Шоҳруҳ бўлса ҳам», деди. Чопар у амр қилган тарафга тезлаб жўнади. Йўлда Аллома Тафтазонийга дуч келди. У дам олиш учун бир жойга тушган, отлари чодирининг олдига боғланган экан. Чопар ўша отлардан бирини олди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний чодирдан чиқиб, уни ушлаб олди. Отни чопардан қайтариб олди ва уни роса калтаклади.
Чопар Амир Темурнинг олдига қайтиб борганида бўлган гапни унга айтди. Шунда Амир Темур қаттиқ ғазабланди. Аммо бир оздан сўнг: «Агар унинг ўрнида ўғлим бўлганида, уни қатл қилардим. Лекин қайси жойга борсам, китоблари у ерга менинг қиличимдан олдин кириб борган одамни қандай қилиб қатл қиламан», деди”.
Тотли илм булоғининг тарқалиши...
«Аш-шарҳ ал-мутаввал ала талхис ал-мифтаҳ». “Мутаввал“, деб ном қозонган бу асар Қазвинийнинг «Талхис ал-мифтаҳ» асарига ёзилган шарҳ бўлиб, Талхиснинг ўзи эса Хоразмлик аллома Юсуф Саккокийнинг «Мифтоҳ ал-улум» асарининг учинчи қисмига ёзилган шарҳ ҳисобланади. Кейинчалик Тафтазоний Саккокийнинг ушбу асарининг учинчи қисмига ўзи ҳам тўғридан-тўғри шарҳ битади. Ушбу учинчи қисм араб тилининг балоғат илмига оид бўлиб, Саъдуддин «Мутаввал»ини йигирма ёшларида Хоразмда бошлаб, 6 йилдан сўнг Ҳиротда ёзиб тугатади. Айтилишича, Амир Темур ушбу асарни Ҳирот қалъасининг дарвозига остириб қўйган. Китоб машҳур бўлиб, қўлёзма нусхалари кўпайиб, тошбосма шаклида ҳам кўп бора нашр қилинади.
Тафтазонийнинг «Шарҳ ал-ақоид ан-Насафийя» асари Умар Насафийнинг «Ақоид» асарига ёзилган шарҳлардан энг машҳуридир. У ўзиниг шарҳини Хоразмда 768/1367 йил апрель ойида тамомлаган. «Шарҳ ал-ақоид ан-Насафий» асари дарслик сифатида ўқитилмайдиган исломий билим юрт бўлмаган. Бугунги кунимизда ҳам ушбу асар ислом билим юртларида ақоид фанидан асосий дарслик ҳисобланади.
Улкан хизматлардан яна бири...
Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ Амир Темур давридаги Самарқанд илмий муҳитида ўша замон олимлари билан биргаликда самарали ижод этиб, кейинчалик жаҳоншумул аҳамият касб эттан Улуғбек мактабининг вужудга келишига ҳам замин ҳозирлаган мутафаккирлардан бири эди.
Аллома Тафтазоний роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётларидан ўрганадиган айрим хулоса ва йўлланмаларни тақдим этиш билан сўзимизга якун ясаймиз. Улуғликка эришишдаги “сир“ (сабаб)ларга эътибор берайлик:
Биринчи босқич:
- ғайриоддий заковат ва ўткир ақл;
- иқтидор;
- хос шарт-шароит (илм хонадони, хос таълим-тарбия);
- хос кўмак.
Иккинчи босқич, йўналишни кўрсатиш:
- рағбатни аниқлаш;
- ўзи учун йўлни белгилаш;
- танлаган нарсасига бутун фикрини қаратиш;
- мақсадни аниқлаш (олий ҳимматли бўлиш).
Ҳар бир боланинг ўзига хос иқтидори бўлади. Уни ўзига муносиб йўлга бошлаш зарур. Бу ҳам ҳикматдир.
Учинчи босқич, ўрганиш (илм олиш):
- илмни талаб қилиш;
- танлаган соҳасидаги энг кучли кишининг ҳузурига бориш;
- қатъий ирода;
- давомийлик.
Тўртинчи босқич, ўргатиш:
- доимий изланиш;
- қатъиятли бўлиш;
- шогирд чиқариш;
- тавозун (тана, оила ва жамиятнинг ҳақларини ўрнига қўйиш).
Аллоҳ таоло халқимиздан яна шундай улуғ алломалар етишиб чиқишини насиб қилсин! Омин!
Интернет маълумотлари асосида Мир Араб Олий мадрасасининг талабаси Солихов Дилшод тайёрлади.
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
