Имом Саккокий ва унинг «Мифтаҳул улум» («Илмлар калити») асари (1-мақола)
Muallif: . .
Sana: 04.05.2020
1270

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Имом Саккокий ва унинг «Мифтаҳул улум» («Илмлар калити») асари

Тўлиқ исми: Сирожиддин Юсуф ибн Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Саккокий Хоразмий Ҳанафий (тах. ҳижрий 555-626-йиллар)

Куняси: Абу Яқуб

Юсуф ибн Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Саккокий роҳимаҳуллоҳ ХII асрда яшаб, араб тили илмлари бўйича ўчмас из қолдирган олимлардан биридир. Юсуф Саккокий ҳақида тарих китобларида кўп маълумотлар ёзилмаган. У кишининг туғилган ва вафот этган вақти, устоз ва шогирдлари ҳақида деярли аниқ ва тўлиқ маълумот учрамайди. Бир инсоннинг келажакда ким бўлиши олдиндан маълум бўлмайди. Ўша даврда ҳам Саккокий роҳимаҳуллоҳ араб тили ва баён илмида нафақат ўз асрининг балки барча асрлардаги етук олим бўлиб етишишини ҳеч ким таҳмин ҳам қилмаган бўлса керак. Шу боис ҳам у кишининг туғилган ва вафот этган вақти ҳақида маълумотлар аниқ эмас.

Юсуф Саккокий роҳимаҳуллоҳ яшаган муҳит.

Хоразм диёри Ислом билан мушарраф бўлганидан сўнг, мусулмонлар ўзларига нозил қилинган Китобнинг тили бўлган араб тилини ўрганиш учун мустаҳкам бел боғладилар. Аббосийлар даврида исломга доир бошқа илмлар қатори араб тили ва унга тааллуқли сарф, наҳв ва балоғат каби фанларда кўплаб асарлар битилди. Хоразм аҳли ҳам бу юксалишлардан орта қолмаган илмий марказлардан бири бўлган. Мақдисий ўзининг «Аҳсанут тақосим» асарида Хоразм аҳли ҳақида: Фаҳм, илм, фиқҳ, истеъдод ва одоб аҳли», деган. Ушбу гўзал муҳит мусулмонлар ва ҳаттоки араблар фахр қиладиган уламоларни тақдим этди. Абдулқоҳир Журжоний, Маҳмуд Замахшарий, Фахриддин Розий, Саккокий каби уламоларнинг ёзган асарлари юксак илмий савия ва Хоразмнинг илмий марказлардан бири бўлганига ёрқин далилдир. Бу даврда араб тилининг сарф, наҳв ва луғат илмига доир кўплаб китоблар ёзилгани билан бир қаторда балоғат илмига ҳам катта аҳамият қаратилар, бу борада учта катта мазҳаб шаклланиб улгурган эди. Улар:

1. Машриқ (яъни, Эрон ва Мовароуннаҳр аҳли) мазҳаби;

2. Миср, Ироқ ва Шом аҳлининг мазҳаби;

3. Андалус(Испания) ва мағриб шаҳарларининг мазҳаби;

Ушбу йўналишларнинг ҳар бирида ўзига хос услуб ва ўзларининг машҳур ва забардаст олимлари бор бўлган.

Бу йўналишларни умумий тарзда иккига - каломий ва адабий мадрасага бўлиш мумкин. Каломий мадрасадан мурод ажамлар бўлса, адабий мадрасадан арабларнинг услублари назарда тутилган.

Каломий мадрасанинг Замахшарий, Розий ва Саккокий каби аксар уламолари Хоразмдан етишиб чиқди. Ўша вақтдаги фалсафий ва мантиқий қарашлар балоғат илмига доир асарларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Бу диёрдан чиққан кўплаб уламолар ўзлари ажам бўлишларига қарамай араб адабий тили, грамматик қоидалари, тафсир, фиқҳ, калом ва балоғат каби илмларда араблар учун ҳам асос бўлиб хизмат қиладиган асарлар ёзишди. Бу Аллоҳ таолонинг мўъжизасидир, дейишимиз мумкин.

Мўғул-татар босқини бу ерларга ҳам ўзининг таназзул қадамини қўйди. Илм масканлари вайрон қилиниб, ҳаробалар ортди. Уламолар ва уларнинг асарлари босқинчилар учун қадрсиз эди. Шундай қатлиом ва истибдоддан кейин ҳам илмнинг айрим соф булоқлари сақланиб қолган эди. Аллома Тафтазоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Мутаввал» асари муқаддимасида: Хоразм диёри Татар босқинидан кейин ҳам унга кўч кўриб бориладиган илм маркази бўлиб қолди, дея айтган.

Юсуф Саккокий роҳимаҳуллоҳ

Ёқут Ҳамавий роҳимаҳуллоҳ Юсуф Саккокийга ҳамаср олим бўлиб, ўзининг «Мўъжамул удабо» асарида: «Бугунги кунда у (Саккокий) Хоразмдадир», деган. У Саккокий роҳимаҳуллоҳни 554-ҳижрий санада таваллуд топган, деб айтган.

Ёқут Ҳамавий роҳимаҳуллоҳ унга ҳамаср бўлишига қарамай, Саккокий ҳақида қисқагина сатрларни ёзиб қолдирган холос. Саккокий роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ҳақида аниқ-равшан ва тўлиқ маълумот учрамайди. Фақатгина турли хил манбаларда бироз сўз юритилган.

Саккокий ким?

У Сирожиддин Юсуф ибн Абу Бакр Муҳаммад ибн Али, Абу Яқуб Хоразмий Саккокий роҳимаҳуллоҳдир.

«Саккокий» нисбати ҳақида турли маълумотлар айтилган бўлиб, улардан энг қувватлироғи темирчиликка оид касб, дейилганидир. У киши шу касб билан шуғулланган. Илм сари қадам қўйишига сабаб бўлган воқеа ҳам буни қувватлайди. Унда айтилишича Саккокий жудаям бежирим ва кичкина сиёҳдон ва унга мос жажжи қулф ясайди. Бу «санъат асари»ни амирга совға қилиш учун саройга боради. Амир ва унинг аъёнлари унинг ишини кўриб, унча аҳамият бермайдилар. Саккокий роҳимаҳуллоҳ бундан хафа бўлади. Шу пайт саройга бир киши кириб келади. Амир уни ўрнидан туриб қарши олади ва ўз жойига ўтқизади. Унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, саволларини сўраб билиб олади. Кетгач, Саккокий унинг кимлигини сўрайди. Шунда: «У инсон «фалончи олим», деб айтишади. Ана шу лаҳзадан бошлаб Саккокий бор ҳиммати ва ғайратини илмга қаратишни мақсад қилиб, илм ҳалқаси томон йўл олди. Ўша вақтда унинг ёши ўттиздан ошган эди. Бу ҳар биримиз учун катта ибрат-намунадир, албатта.

Абу Яқуб шу лақаб билан машҳур бўлди. Саккокий номи айтилса, зеҳнларга фақат ана шу зот келарди. Ҳолбуки, бу ном Темурийлар даврида яшаган туркий шоир ва Али Мирзо Абу Туроб Ҳусайнийга ҳам ишлатилган.

«Равдатул-жаннат» муаллифи Ризо Муҳаммад Боқир: «Юсуф Саккокий 30 ёшидан кейин илм олишни бошлаган, унгача темирчилик билан шуғулланган.» Юсуф Саккокий 30 ёшидан кейин ўз даврининг барча илмларини олишга ҳаракат қилди. Хоннинг вазири Саъд Амид фитнаси билан Юсуф Саккокий умрининг охирги уч йилини қамоқда ўтказиб, шу қамоқхонада вафот этади.

Мустафо ибн Абдуллоҳ (Ҳожа Ҳалифа таҳаллуси билан машҳур) «Юсуф Саккокий ҳижрий 626-йилда вафот этган» деб ёзади.

У кишини ҳижрий 623 ёки 627-йилда вафот этган, деган ривоят ҳам бор. Гувоҳи бўлганимиздек, у кишининг таваллуд топган вақтлари борасида ихтилоф бўлганидек вафот этган саналари ҳақида ҳам ихтилофлар бор экан.

Давоми бор...


Мир Араб олий мадрасаси 3- курс талабаси

Солихов Дилшод Усмон ўғли

. .