Туркиянинг 4 та нуфузли университети ва Мир Араб олий мадрасаси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
Muallif: . .
Sana: 03.06.2018
2309

2018 йил 3 июнь куни Бухорога Туркия Республикасининг бир қатор университетларидан 30 нафар дин соҳаси олимлари ташриф буюрди.

Ташриф давомида Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси раҳбарлари ва ўқитувчилари ҳамда Туркия Республикаси университетларидан ташриф буюрган олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги барча соҳалардаги алоқалар янада ривожлантирилгани, Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам ислом цивилизациясига ўзининг муносиб ҳиссасининг қўшган буюк алломалар етишиб чиққан диёр экани, иккала давлатдаги таълим тизими, жумладан, диний таълимни ривожлантиришга берилаётган эътибор, Мир Араб олий мадрасаси ва Туркия Республикаси университетларида таълим жараёнига оид масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда иккала давлатдаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилиб, Мир Араб олий мадрасаси ва Туркия Республикасининг қуйидаги 4 та нуфузли университети ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандумлар имзоланди:

1) Ибн Ҳалдун университети;

2) Истанбул Сабаҳаттин Заим университети;

3) Истанбул университети;

4) Кастамону университети.

Меморандумларда таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, талабаларни ўқитиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва бошқа ходимларни стажировкага юбориш, малакасини ошириш, ахборот ҳамда илмий маълумотлар алмашиш, илмий конференциялар ва бош тадбирларда иштирок этиш масалалари белгиланди.

Тадбир якунида меҳмонларга ташриф ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирилиб, Туркия Республикасининг университетлари раҳбарларига эсдалик совғалари топширилди.


Олий мадраса ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев

. .