ИМОМ САККОКИЙ ВА УНИНГ «МИФТАҲУЛ УЛУМ» («ИЛМЛАР КАЛИТИ») АСАРИ (3-МАҚОЛА)
Muallif: . .
Sana: 04.05.2020
75

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Имом Саккокий ва унинг «Мифтаҳул улум» («Илмлар калити») асари (3-мақола)

(1-мақолани ўқиш)

(2-мақолани ўқиш)

«Мифтаҳул-улум» қандай китоб?

Айтиб ўтганимиздек «Мифтаҳул-улум» асари араб тилига оид ўн иккита илмни жамлагандир. Аллома ушбу асарни уч қисмга тақсимлаган:

Биринчи қисм - сарф илми. Унда ҳарфларнинг махражлари, иштиқоқ( уни учта тур - кичик иштиқоқ, катта ва энг катта иштиқоқларга бўлган)дан бошлаган. Саккокий роҳимаҳуллоҳ иштиқоқ мавзусида ўзининг энг улуғ устози Ҳотимийнинг ўзига хос тадқиқотлари маҳсулини келтириб ўтган. Бу билан Ҳотимий роҳимаҳуллоҳнинг қимматли фикрларини бизларгача етиб келишини таъминлайди. Чунки, Ҳотимий ҳақида айтилган фикрларга кўра у киши араб тили борасида Имом Халил ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳ даражасидаги аллома бўлган. Сўнгра, сарф илми ва унинг турли хил мавзулари ҳақида айтган.

Иккинчи қисм - наҳв илми ҳақида бўлиб, уни икки бобга ажратган: аввалгиси - наҳв илмининг таърифи ва маъноси; иккинчиси - унинг мавзулари; бу бобда наҳв илмининг мавзулари ҳақида ёритиб, айримларида баҳс қилган. Баъзи фикрларни баъзиларидан устун қўйган. Лекин, уларни имкон қадар қисқа тарзда келтирган. Саккокий роҳимаҳуллоҳ наҳв борасида Басралик олимлар мазҳабида бўлган. Шу боис ҳам «Асҳобларимиз Басраликлар наздида», «Асҳобларимиз роҳимаҳумуллоҳ наздида Куфаликларга хилофан» ва шу каби сўзларни келтиради. Сарф ва наҳв борасида Имом Сибавайҳ роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабидан бошқа ҳеч кимнинг сўзини устун қўймаган. Лекин, шу билан бирга баъзи ўринларда Куфаликлар фикрини «Менинг наздимда устунроқ, инсофли киши тааммул қилсин», деб устун қўяди. Бу нарсадан Имом Саккокий роҳимаҳуллоҳ муқаллид ёки бир томонга мутассиблик қиливчи бўлмагани ҳам маълум бўлади. Ақл ва далил қувватлаган фикрни олиб, бошқасини рад этган.

Учинчи қисм эса баён ва маъоний илмлари ҳақидадир. Уни муқаддима ва икки бобга бўлган. Муқаддимада ушбу икки илмга таъриф беради. Аввалги бобда маъоний илми ва мавзулари ҳақида, иккинчи бобда эса баён илми ва унинг мавзулари борасида баён қилади. Ушбу икки бобга лафз ва маънога безак бериш услублари ҳақидаги мўъжаз иловани қўшган. Булардан сўнг далил келтиришда сўзлар таркибларининг хусусиятларини ўрганиш ҳақида айтади. Бу мантиқ илмидир. Бу билан балоғат илмини мантиқ илмига боғлайди. Ниҳояда баён ва маъоний илмларининг мақсадини зикр қилиб, иккита жиҳат борасида сўз бошлаган. Аввалгисида - шеърнинг маъноси ва ундан кўзланган мақсад, шеърнинг баҳр ва вазнлари, қофиялар ва унга тааллуқли масалаларни ёзган.

Иккинчиси у - «Роббул иззанинг каломига қилган таъналарини даф қилиш ила залолатдагиларни тўғри йўлга бошлаш» дея сарлавҳа остида бўлиб, уни ўзининг «Мифтаҳул-улум» асарига хотима қилган. Унда динсиз ва кофирларнинг Қуръон Каримга қилган таъналарини келтириб, уларни ботил эканини исботлаб, бирма-бир йўққа чиқарган.

Асарда танланган тартиб ҳам ўзига хос бир дастурни ифода этади. Унда араб тилини ўрганишдаги кетма-кетлик ўз ифодасини топган. Ҳақиқатда ушбу илмий дастур асосида ўрганилса, бошқа барча илмларга энг яхши «калит» вазифасини бажаради. Яна бир муҳим жиҳат ҳақида айтиб ўтиш ўринли, барча илмлар ё нақлий ёки ақлий бўлади.

Нақлий илмдан мурод - уни фақат нақл йўли билан билинадиган илмлардир.

Маъсум зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг нақллари билан Қуръон, Суннат ёки буларга тобе бўлган илмлардан хабардор бўлинади.

Бундан бошқалари ақлийдир. Илмларнинг айримлари масалан, усулул фиқҳ каби бир қисми ақлий ва бир қисми нақлий бўлганлари бор. Китоб, Суннат ва Ижмо баҳсларининг аксари нақлийдир. Қиёс баҳслари ва баҳс-мунозара одоби илмининг аксари ақлийдир. Фиқҳ илмининг барчаси нақлий. Лекин, ижтиҳод қилиш ақлга муҳтож бўлади. Ижтиҳод қилиш ақлий қоидаларни билишни тақазо этади. Сарф, наҳв ва балоғат илми нақлийдир. Зеро, улар араблардан нақл қилинган. Аммо, уларнинг асосчиси бўлган Абдулқоҳир, Саккокий ва Қазвиний роҳимаҳумуллоҳлар каби араб тили уламолари ушбу илмларни ақлий қоидалар ва тамойиллар билан тартиблашган. Шаръий илмларнинг барчасининг ғояси эса - Қуръон ва Ҳадисни тўғри тушунишдир. Китоб ва Суннатни фаҳмлаш лафзларни фаҳмлашга боғлиқ. Лафзларни тушуниш луғат илми, сарф, наҳв ва балоғатни ўрганишга муҳтож. Ҳеч бир толиби илм ушбу илмларни ўрганмай Китоб ва Суннатни тушунаман, деб айта олмайди. Бу вақтни зоэ қилишдир.

Имом Саккокий роҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу асарда таъриф бериш, тартиблаш, тақсимот, ўзаро боғликлар ва таркибдаги ўзига хос хусусиятларни ифодалашда ақлий қоида ва мезонларни яъни, мантиқ қоидаларини асос қилган. Ўша даврда мантиқ илми қай даражада ривожлангани ҳақида ҳам бироз тўхталган эдик. «Илмлар калити»ни яхшироқ тушуниб, уни қўлга киритиш учун мантиқ илмининг ўрни каттадир. Чунки, маълум нарсалар(маълумот)дан фойдаланиб номаълум нарсаларни билиш қоида ва асослари мантиқ илмининг мавзуси ҳисобланади.

Саккокий роҳимаҳуллоҳ яшаган даврда ҳам мантиқ илми барча илмларни ўрганишга энг биринчи восита қилиб олинган эди. Бу муболаға ёки таассуб эмас. Маълум нарсалардан фойдаланиб номаълум бўлганларини чиқариб олиш қоида ва асослари мантиқ илмида ўрганилган.

Давоми бор...

Мир Араб олий мадрасаси 3- курс талабаси

Солихов Дилшод Усмон ўғли

. .