БОЯЗИД БИСТОМИЙ РОҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ ОНАСИ
Muallif: . .
Sana: 12.01.2024
276

Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ борасида Жунайд Бағдодий шундай фикрларни билдирганлар: “Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга фаришталар ичида улуғ обрў-эътибор берган бўлса, авлиёлар ичида бундай мартабага Боязид Бистомий сазовор бўлган”.

Жунайд Бағдодий сўзида давом этиб, Боязид Бистомий ҳақидаги қуйидаги воқеани сўзлаб берди: “Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлигида етим қолиб, онаси қўлида тарбия топдилар. Мадраса ёшига етганларида оналари бир устоз қўлига олиб бориб топширдилар ва шундай дедилар: “Устоз, болани олдингизга олинг. Кўп уйга рухсат берманг. Зеро, уйга борса, фикри чалғиб, илмдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Бир куни бола қалбида онасини бориб кўриш истаги туғилиб, устоздан рухсат сўради. Устоз кўп дарс бериб, дарсни ёдлаб топшириб, кейин кетасан, деган шарт қўйди. Бола тезлик билан берилган топшириқни ёдлаб бериб, уйига борди ва дарвозани тақиллатди. Боязид Бистомийнинг оналари бу вақтда таҳорат қилаётган эдилар. Эшикнинг тақиллаши овозидан ўғли келганини тушунди. Дарвоза олдига бориб: “Ким?” деди. У: “Боязид Бистомийман” деб жавоб берди. Она: “Менинг ҳам Боязид Бистомий деган ўғлим бор эди. Уни Аллоҳ таоло йўлида мадрасага бердим. Эшигимни келиб тақиллатаётган қайси Боязид?” дедилар.

Боязид Бистомий онасининг бу сўзларидан қуйидагиларни тушунди: “Онам менга эшикни тақиллатиш ўрнига мадрасага бориб Аллоҳ таоло эшигини тақиллатгин. Аллоҳ билан боғланишни барча нарсадан устун деб билгин, демоқчилар“ деб орқаларига қайтиб кетдилар ва олим бўлганларидан кейин мадрасадан чиқдилар.

“Тақво аҳлининг гўзал қиссалари” китобидан.

Манба muslim.uz.umi

. .