Ўзбекистоннинг биринчи қозиси Муродхўжа Солиҳхўжаев (МуродхўжаСолиҳий) 1873 йилда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасидаги Тарновбоши маҳалласида Муҳаммад Солиҳхўжа Эшон (т.й.1830) оиласида туғилган. Унингота-боболари ХVIII-ХIХ асрларда Тошкент ижтимоий-маънавий ҳаётида ўзларининг донолиги ва фаоллиги билан маъмурий ва диний амалларни эгаллаганлар.
Муродхўжа Солиҳий аввал эски мактабда, сўнг Бухородаги мадрасада таҳсил олади. У шарқ тиллари, ислом тарихи, калом ва фиқҳ илмларининг чуқур билимдони бўлиб етишади. Шундан кейин Шайхонтоҳурдаги Эшонқул Додхоҳ мадрасасида мударрислик қилади.
1917 йил май ойида Тошкентда Мусулмон ўқитувчилар қурултойи бўлиб ўтади. Қурултойда Мусулмон ўқитувчилар кенгаши тузилади ва унга Муродхўжа Солиҳий раис қилиб сайланади. Бунда янги усулдаги мактаблар учта: қуйи, ўрта ва юқори босқичга бўлиниши ҳақида қарор қабул қилиниб, ислом дини асослари, она тили, рус тили, арифметика, табиатшунослик, тарих ва география мактабларда ўқитиладиган асосий фанлар қилиб белгиланади.
20-йилларнинг бошларидан Муродхўжа Солиҳий Тошкентнинг Хадра мавзесида жойлашган Навоий номидаги таълим-тарбия техникумида ишлайди. Кейин бир муддат Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги мактаблардан бирида дарс беради.Шогирдларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, профессор Асқар Зуннунов Муродхўжа Солиҳийни тил қоидаларини, уни ўқитиш усулларини мукаммал билган устоз сифатида хотирлайди. Шўролар тузумининг қатағон сиёсати авж олган даврда бу илм фидойиси Бўстонлиқда беркиниб яшайди. Бу пайтда кўнгил таскини учун ижод билан шуғулланади.
1943 йилнинг октябрида, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг биринчи таъсис қурултойида Муродхўжа Солиҳий раис муовини этиб сайланади.
1945 йилда собиқ Иттифоқдан исломнинг асосий фарзларидан бири ҳажамалларини адо этишмақсадида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага сафар қилган ўзбекистонлик гуруҳга Шайх Эшон Бобохон билан Муродхўжа Солиҳий бошчилик қиладилар. Сафар чоғида у ўлкамизда ислом анъаналарининг тикланиши ва ривож топиши ҳақида форс ва араб тилларида ажойиб маърузалар қилади.
Шайх Муродхўжа Солиҳий Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг раҳбарларидан бири сифатида тарихийёдгорликларни тиклашда ва таъмирлашда, Мир Араб мадрасасининг очилишида, мусулмон давлатлари вакиллари, ҳамда Ғарб мамлакатлари дин, илм ва маданият арбобларини қабул қилиш, улар билан расмий учрашувлар ва музокаралар ўтказишда масъул бўлган.Унинг ташаббуси ва бошчилигида Тошкентда диний-қамарий календарь ва диний назоратнинг журнали чоп этилган. Унинг араб ва форс тилларини пухта ўзлаштиргани бу ишларни муваффақиятли амалга оширишда қўл келди.
Муродхўжа Солиҳийдан бой ижодий мерос қолган. У форс мутафаккири Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”ини маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, 1909 йилда “Шавқи Гулистон” номи билан нашр эттиради. Таржима сўзбошисида “Гулистон”халқимиз маънавиятини янада бойитиш йўлидаги яхши ишлардан бири бўлиб қолишига умид билдиради. 1929 йили Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи босилиб чиқиши муносабати билан шеърий мадҳия ҳам ёзган. 1910 йилда босилган “Мифтоҳ ул-адаб” номли арабча китобнинг интиҳосида Муродхўжа Солиҳийнинг шеърларидан намуналар берилган. Яна бир маълумотга кўра Муродхўжа Солиҳий 1905 йилда “Шархи ақоид” асарини, 1917 йилда эса араб тилида яна бир асарни Бухорода нашр қилган. Кексалик нафақасига чиққач (1951 й.) отаси МуҳаммадСолиҳхўжанинг “Тарихи жадидаи Тошқанд” асарига тақриз ва илова ёзган.
Муродхўжа Солиҳхўжаев 1953 йил 10 ноябрда вафот этган. Тошкентдаги Жўрабек қабристонида дафн этилган.