АБДУЛҲАМИД МАХДУМ ЧУСТИЙ (1877-1953)
Абдулҳамид махдум Чустий 1877 йилда Наманган вилоятининг Чуст тумани Тепақўрғон қишлоғида таваллуд топган. Дастлаб ўз қишлоғидаги бошланғич мактабда, сўнгра Дўзанда маҳалласидаги Қозикалон масжидида, 12 ёшдан бошлаб Қўқондаги мадрасалардан бирида таълим олган. Кейинроқ Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўн йилга яқин таълим олиб, тегишли дарсларни ўқиб тамомлайди ва Чустда қози бўлиб иш фаолиятини бошлайди.
У тўқмоқлик Олимхонтўра, Тошкентлик мулла Исохон аълам, Муҳаммад Ализода, авлиёоталик Мулла Мубашширхон Тарозий кабилар билан ҳамнафас маслакдош бўлган, Ватан, дин ва жамият қайғусида умр ўтказган уламолардандир. 1914 ва 1916 йилларда Туркистон Уламолари ташаббуслари билан нашр этилган “Ал-Ислоҳ” журналида мақолалар билан мунтазам қатнашиб турган. Кейинчалик уламолар учраган қатағондан қочиб, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига боради ва ўша ерда бир неча йил яшаб қолади. Диндорликда айбланиб, 1930 ва 1937 йилларда қамоққа олинади. Қамоқдан чиққач Тошкентнинг Октябрь ҳозирги Олмазор тумани Жарариқ маҳалласига кўчиб келади. Диний назорат ташкил этилгач, дўстларининг таклифи билан шу ерга ишга киради. 1946 йили Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин масжидига имом-хатиб этиб тайинланади.
1947 йилда Мир Араб мадрасаси мудири Ҳожи Акбар Муҳиддинов вафот этгач, унинг ўрнига Абдулҳамид махдум тайинланади. Мадрасанинг ўқув ишлари бўйича мудири Ғуломжон Изомий билан биргаликда ўқув дарслари, дарс жадваллари, ўқув режаси каби услубий ишларни йўлга қўйишда бош бўлади. 1950 йили ўз хоҳишига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
Мир Араб мадрасасининг 1951 йилги битирувчилари орасида энг пешқадами бўлган Исҳоқ махдум Соттиев ўзининг “Мажмуат ал-ахлоқ” китобида мадрасага ўқишга боргани ва у ерда устозлар Абдулҳамид махдум Чустий ва Муҳаммадхон махдум Ўшийдан дарс олганини ёзади. “1978 йили меҳнат таътилига чиқиб, аввал Тошкентга, кейин Душанбега самолётда бориб, Хожа Яъқуб Чархий масжидларига тушдик, - деб хотиралайди у. – Масжидда бир кеча ётиб, пайшанба куни мавлоно Яъқуб Чархий зиёратларига чиқиб, пешин намозини ўша масжидда ўқидик... Ундан кейин Хожа Яъқуб масжидларида ётиб, эртаси Абдулҳамид махдум Чустий домламизнинг ўғиллари Абдулжабборхоннинг уйларида нонушта қилдик”. Демак, Абдулҳамид махдумнинг фарзандларидан баъзилари Душанбе шаҳрида муқим яшаб қолган. Чустдаги хонадонида ҳозирда Абдулҳамид махдумнинг набираси истиқомат қилади. Мир Араб мадрасасида таҳсил олган яна бир ўғли Темурхон Чустда тикувчилик қилиб умр кечирган.
Абдулҳамид махдум 1952 йили қамоққа олинган (сабаби номаълум) ва бир йил ўтиб, 1953 йилда Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманидаги қамоқхонада оламдан ўтган.