Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаш зарурлигини таъкидлади
Muallif: . .
Sana: 16.09.2022
237


ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши тор доирада мажлис ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

16 сентябр куни Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари тор доирадаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Хитой раиси Си Жинпинг, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этди.

Самарқанд саммитида имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатлари ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.

Ўзбекистон президенти ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини, очиқлик ва кенг ҳамкорликка қаратилган руҳини сақлаш, муроса, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларига амал қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шуларни ҳисобга олиб ҳамда ШҲТ доирасидаги кўп қиррали шериклик самарали тажрибасига таяниб, давлат раҳбари яқин йилларда ҳамкорлик асосий йўналишларидаги устувор вазифаларни ҳал этишга доир таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

ШҲТ фаолиятини бугунги воқеликка мослаштириш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, экология масалалари, маданий-гуманитар алоқаларга тўхталиб ўтилди. Хавфсизлик муаммолари ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сўзи якунида президент ШҲТ келажаги ва мамлакатлар ривожи кўп жиҳатдан баҳамжиҳат ва самарали ишлашга боғлиқ эканини таъкидлади. «Биз биргаликда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида, мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз», – дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Аъзо давлатлар етакчилари ўз чиқишларида ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш долзарб масалаларига, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммоларига тўхталиб ўтди.

. .