ТАМҲИЙС ВАҚТИ
Muallif: . .
Sana: 19.11.2022
22

Мусулмонлар орасида бўлаётган кўп ихтилоф ва тортишувларнинг сабаби динни тўғри йўл билан ўрганмаслик боисидандир. Бир масалада битта ёки бир неча саҳиҳ ҳадисни кўриб, "ҳукм шу экан, бошқаси хато" деб хулоса чиқариш ва бу масалада ФУҚАҲОларнинг қарашларини ўрганмаслик айни хато ишдир. Мансух бўлиб ҳукми ўчирилган ҳадис бўлса ҳам "шу ҳадисга бир марта бўлса ҳам амал қилиш керак" дея гап сотувчилар кўпаймоқда. Азизлар, оят ва ҳадислар дорихонадаги дориларга ўхшайди. Ҳаммаси фойдали ва инсонни даволаш учун ишлатилади. Аммо, уларни қандай ишлатишни ҳақиқий моҳир табиб билади ва тавсия қилади. Ҳар ким ўзича ишлатаверса ҳалок бўлади. Шариатдаги табиблар эса забардаст фақиҳлардир. Ояту ҳадисларни улар тушунишади ва ҳаётимизга қандай татбиқ қилишни уларгина энг тўғри тарзда тавсия қила олишади.

Бунга бир мисол келтирайлик:

Имом Бухорийнинг саҳиҳларида, киши азонни эшитганда қандай дуо қилиши ҳақидаги ҳадис келган. Бу, бизга машҳур бўлган азон дуоси. Баъзилар шу ҳадисни маҳкам тутиб "Азондан кейин фақат шу лафзлар билан дуо қилиш керак. Бошқа сўзларни қўшиш бидъат ёки жоиз эмас" дея бонг уришади. Лекин фақиҳлар назари билар қаралса, азоннинг дуоси бошқа ҳадисларда бошқачароқ лафзлар билан ҳам келган. Аммо, маъно бир-бирига яқин. Шундан келиб чиқиб, бу борада келган ҳадисларни ва умумий дуо ҳақида келган далилларни жамлаган ҳолда фуқаҳолар: "Азондан кейин ҳадисларда келган дуолардан бирини айтса кифоя қилади. Дуода Аллоҳга юзланиш, азоннинг буюк ибодат бўлмиш намоз учун айтилганига эътибор қаратиш ва унда Расулуллоҳга энг олий мақом бўлмиш «васийла» мақомини сўраш бўлса бўлди, кейин хоҳласа шу билан чеклансин, хоҳласа унга бошқа дуолар ва салавотлар қўшсин, бу унинг ихтиёри", дейишади. Чунки, ҳар бир ҳукмнинг иллати (сабаби) бор. Ҳукм ўша иллатига мувофиқ тушунилади.

Демак, шариатни фақиҳларнинг қарашлари билан тушунишимиз керак, фуқаҳоларимиздан сўраб ҳар бир ишимизни бажаришимиз керак. Бизнинг аждодларимиз фақиҳ бўлишган, олим бўлишган. Уларнинг ортидан юришимиз биз учун энг бехатар йўл. Буюк муҳаддисларнинг барчаси ёки мужтаҳид бўлган, ёки бўлмаса, қайсидир фақиҳ мужтаҳиднинг мазҳабига эргашишган.

Бу ҳақда ёзсак, гапирсак гап чўзилиб кетади. Йўлингизни белгиланг, аниқланг. "Ҳадис эканку, оят эканку" дея ҳар кимга эргашаверманг. Агарда ҳамма ҳам ҳадис ва оятдан ҳукм олиб кетавериши тўғри бўлганда ҳозир мусулмонлар бунчалик хорликка тушмасди. Чунки, шундай фикрлар ривожланган охирги юз йилликда энг хор ҳолга тушдик. Аллоҳ ҳолимизни ислоҳ қилсин. Вассаламу алайкум!

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Устоз Улуғбек БУХОРИЙ

. .