​ЁТ ҒОЯЛАР ТАҲДИДИ
Muallif: . .
Sana: 23.11.2022
26

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Бугунги кунимиз ёшларида яхши ва ёмон хабарларни ажратиб олиш, яъни ахборот истеъмоли маданиятини юксак даражага кӯтариш учун ёш йигит – қизларда соғлом эътиқод ва зийраклик қобилиятларини шакллантириш муҳим.

Маънавий ва маърифий тарбия орқали ёшларда яхши ахлоқ, шижоат раҳмдиллик ва меҳнатсеварлик сифатлари шаклланади. Ислом динида ҳам фарзанднинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки фарзанд нозик бир ниҳолга ӯхшайди, қай томонга эгса шу томонга мойил бўлиб ўсади, зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир фарзанд фитратда дунёга келади»-деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисдан маълум бўладики бола покиза табиатда туғилгани боис унинг шаклланиши айнан ота - онанинг тарбиясига боғлиқ бўлади .

Демак фарзанднинг эътиқодини мустаҳкам қилиш ота- онанинг энг асосий вазифаси бўлиб ҳисобланади. Буни Қуръони карим оятлари мазмун-моҳиятидан ҳам кўриш мумкин, жумладан: «Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…» (Таҳрим сураси, 6-оят). Мазкур ояти карима шарҳида инсон аҳли аёли ва фарзандларини ҳам доимо эътиборда тутиши, бунда фақат моддий таъминот билан чекланиб қолмасдан уларнинг иймон эътиқоди ҳам мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилиши лозим, деб алоҳида таъкидланади.

Хусусан ғоялар кураши авж олган бугунги кунда фарзандлар эътиқодига тажовуз қилаётган таҳдидлар қаторида динни ниқоб қилиб қадриятларни оёқ ости қилишга уринаётган бузғунчи ҳаракатларнинг фаолияти жиддий ташвиш солмоқда. Бундай кучлар фарзандлар онгини забт этиш мақсадида хар қандай йуллардан фойдаланишга уринмоқдалар. Лекин айрим ёшлар орасида бузғунчи ғоялар тузоғига илиниб ота –онасини норози қилиб, оиласини ташлаб кўйиб, ҳалокат тузоғига тушиб қолаётган ёшларнинг учраб туриши ачинарли ҳолдир.

Шунинг учун ёшларни тажовузкор ғоялар тузоғига тушиб, қурбон бўлишдан асраш, баркамол авлодда мафкуравий хуружларга қарши иммунитет ҳосил килиш ва динни ниқоб қилиб олган ҳар – хил таҳдидлардан ҳимоялаш ҳар бир мураббий, ота – она, ўкитувчиларнинг вазифасидир. Аллоҳ таъоло ҳаммамизни ҳидоятидан бенасиб қилмасин.

Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” масжид
имом-хатиби Равшан домла Камолов

. .