1. Овқатланаётганда оёқ кийимни ечиб ўтириш.
2. Овқат ейиш олдидан икки қўлни бўғимгача уч марта ювиш.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Овқатланишдан олдин қўлни ювишда бир савоб бўлса, таомланиб бўлиб, ювишда икки ҳисса савоб бор”(Имом Ҳоким ривояти).
Инсоният овқатдан олдин икки қўлини ювишни ҳозирга келиб бирмунча ўзлаштириб олди. Шу билан бирга, бу ишни шахсий озодалик, гигиена, маданият ё шунга ўхшаш сифатлар билан васф қилишга уринмоқда. Демак, биз бу ишларни суннатга мувофиқ амал қиламан деб бажарсак, савоб оламиз.
3. Овқат билан бирга дастурхонда сирка ва кўкат бўлиши.
4. Одоб билан, камтарин ҳолда ўтириш.Яъни, овқат ейиш вақтида чап оёқ устига ўтириб, ўнг тиззани тик ҳолда тутмоқ лозим. Дастурхон атрофида қулай ўтириб олиб, то туриб кетгунга қадар бир маромда туриш, яъни ётиб олмаслик ва ёнбошламаслик лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишларни қатъиян ман қилганлар.
Абу Жуҳайфа розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ёнбошлаган ҳолимда таом емайман”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
5. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” дейиш.
Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси бирингиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида зикр қилишни унутиб қўйса, “Бисмиллаҳи аввалуҳу ва ахироҳу” десин», дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
6. Ўнг қўл билан ейиш.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз таом еса, ўнг қўли билан есин. Сув ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
7. Туз билан бошлаш.
8. Туз билан тугатиш.
9. Нонни икки қўл билан синдириш.
10. Қўл билан ейиладиган таомни уч бармоқ билан, яъни бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқлар билан ейиш.
11. Таомни ўз олдидан ейиш.
12. Таом юқини бармоғи билан олиб ялаш.
13. Таомланиб бўлгандан сўнг “Алҳамдулиллаҳ”, дейиш.
14. Қўлни артишдан олдин ялаш. Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, шайтон ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади. Қачонки бирингиздан овқатланиш пайтида луқма тушса, ундаги нолойиқ нарсани кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлганида эса бармоқларини яласин. Чунки у таомнинг қаерида барака бўлишини билмайди”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).
15. Дастурхондаги нон ушоқларини одоб ва эҳтиром билан териб ейиш.
16.Таомдан сўнг тишларни тозалаб ювиш. Тишларни ювишни одат қилмаганларда кўплаб муаммолар юзага келади. Масалан, овқат қолдиқларини тишларда анча вақтгача туриб қолиши натижасида тишлар жиддий касалликларга чалинади. Ҳамда ошқозон-ичак тизимида иккиламчи касалликлар ҳам келиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, тиш коваклари организмдаги инфекция ўчоқлари ҳисобланади. Натижада ревматизм, бўғим ва буйрак касалликлари ҳамда бошқа кўплаб касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
17. Овқатдан сўнг оғизни уч марта ғарғара қилиш.
18. Овқатланиш асносида ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан ва У зотнинг неъматлари шукронасидан ғофил бўлмаслик.
Манба hidoyat.uz
