ЎЛГАНЛАРГА ДУО ҚИЛИШ ВА УЛАРГА САВОБ АТАШ
Muallif: . .
Sana: 31.08.2023
263

“Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”.

Шарҳ: Аҳли сунна ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилишган.

Мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг номидан қилган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир.

Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган.

Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

1. Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) “Баданий ибодат савоби ўлганга етади”, деганлар.

2. Шофеъий ва Молик “Етмайди”, дейдилар.

Ўлганга ўзидан бошқанинг савоби етишига далил Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бордир:

ҚУРЪОНДАН ДАЛИЛ:

وَٱلَّذِينَ جَآءُو مِنۢ بَعۡدِهِمۡ يَقُولُونَ رَبَّنَا ٱغۡفِرۡ لَنَا وَلِإِخۡوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلۡإِيمَٰنِ

“Улардан кейин келганлар: “Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин”, дерлар”.

(Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ тало ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ этмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

СУННАТДАН ДАЛИЛ:

Имом Абу Довуднинг “Сунан” китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлингандан кейин устида туриб“ Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади”, дер эдилар”.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида келган ҳадис бунга мисол:

“Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

“Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?” деб сўрадилар.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ассалому алайкум, эй, мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳим қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз”. жавоб берганлар.

ИЖМОЪДАН ДАЛИЛ:

Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, ўлганга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, ўлган тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Улар ўз аҳли биландир. Ўлган эркак, аёл ва гўдаклар учун алоҳида дуолар мавжудлигининг ўзи бу дуолардан ўзи бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.

ҚИЁСДАН ДАЛИЛ:

Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат берганидан кейин рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

САДАҚАНИНГ САВОБИ ЕТИШИГА ДАЛИЛ:

1. Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

“Эй, Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажри-савоб бўладими ?” — деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”—деб жавоб бердилар”.

Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

2. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

"Эй, Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?” деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”,— деб жавоб бердилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “ Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа",—деди”.

Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган.

РЎЗАНИНГ САВОБИ ЕТИШИГА ДАЛИЛ:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким вафот этса-ю, зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади”, деганлар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

"Сунний Ақидалар" китобидан.

. .