РАҲБАРЛАР УЧУН «МАҲОРАТ МАКТАБИ»
Muallif: . .
Sana: 26.01.2024
100

Суфён Саврий ва Имом Шофеий раҳимаҳумаллоҳ шундай деганлар:

«Рошид халифалар бешта:

1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.

2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.

3. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.

4. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

5. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ».

Рошид халифаларнинг аввалги тўртталари саҳобаи киромлар бўлиб, уларнинг тўғри йўлдаги халифалар эканликларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари баён қилганлар. Қолаверса, бу зотлар тириклигидаёқ Жаннатга киришини эшитган бахтли инсонларнинг аввалги тўртталаридир.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ каби улуғ имомлар забардаст тобеинлардан саналган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳни ҳам рошид халифалар қаторига қўшишган. Чунки, Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг халифалик даврлари ҳам саҳобалар замонига ўхшаган эди. У кишининг тақвоси, адолати, раҳбарлик масъулиятини ҳис этишлари юксак даражада бўлиб, раҳбарлик фаолиятлари ҳақида Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беришларини доим ўйлаганлари учун кўп кўз ёши тўкар ва халққа зулм қилиб қўймаслик чорасини кўрардилар.

Устозларимиздан бирлари Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ҳақларида гапира туриб, «Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ халифалик даврларида жунубликдан ғусл қилмаган эканлар» деганлар.

Жунубликдан ғусл қилиш дегани аёли билан қўшилишдан сўнг ғусл қилиш деганидир. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ уммат ташвиши билан банд бўлганлари ва охиратда раҳбарликдан сўроққа тутилишларини ўйлаганлари учун аёллари билан кўнгилхушлик қилиш кўнгилларига сиғмаган экан.

Маслама ибн Абдулмалик айтади: “Умар ибн Абдулазиз бемор бўлиб ётганда, уни кўргани кирдим. Устидаги кўйлаги бироз кирланиб қолибди. Аёли Фотимага қараб: “Эй Фотима, мўминлар амирининг кўйлагини ювиб бер!” дедим. У “Инша Аллоҳ, бажарамиз” деди. Кейин беморни кўргани яна кирдим. Қарасам, кўйлак ҳалиям ювилмаган ҳолда турибди. “Эй Фотима, сенга мўминлар амирининг кўйлагини ювиб бергин деб буюрмаганмидим? Ахир одамлар бу кишини кўргани киришади-ку!” дедим. Шунда синглим: “Аллоҳга қасамки, у кишининг бундан бошқа кўйлаги йўқ” деб жавоб берди”.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ вафот этганларида Византия императори Лев III қаттиқ йиғлади. Буни кўрган аъёнлар ва епископлар бу йиғининг сабабини сўради. Шунда император: “Адолатли подшоҳ вафот этди. Мен бир роҳиб уйига кириб, ичидан беркитиб олиб, таркидунё қилиб, умрини ибодатда ўтказса ажабланмайман. Лекин дунё оёқлари остида бўлган бир инсоннинг дунёдан юз ўгириб, зоҳидона ҳаёт кечирганидан ажабланаман” деди.

Хуллас, у киши ҳозирги раҳбарлар учун «мастер класс» бўладиган раҳбарликни амалга оширганлар.

Аллоҳ таоло барча рошид халифалардан, содиқ саҳобалардан ва Умар ибн Абдулазиздан рози бўлсин!

Роббимиз юртимизда турли соҳаларда раҳбарлик курсисида ўтирганларни тақводор раҳбарлардан ўрнак олиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай раҳбарлик қилганларидан, халққа нима яхшилик, хизмат тақдим этганларидан сўралишларини доим ҳис қилиб ишлашларини, ўзларини раҳбар деб эмас, халқ хизматчиси деб билишларини насиб этсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

. .