«АҲЛИ ҲАДИС» ВА «АҲЛИ РАЙ»ЛАР
Muallif: . .
Sana: 04.03.2024
224

(Тобеин ва табаъа тобеинлар даврида) турли-туман фиқҳий саволлар пайдо бўла бошлагач, катта уламолар жамоаси шаръий манбалардан бор куч-ғайратларини сарфлаб фиқҳий ҳукмлар чиқаришга, халққа таълим бериш ва китоблар ёзишга киришиб кетдилар. Жараёнда уламолар икки қисмга бўлинди. Бир қисмки, уларнинг бош мақсади ҳадис ва хабарларни, ундан қатъий ҳукм чиқаришга киришмасдан, ёки қисман ундан ижтиҳод қилиб чиқарилган ҳукмларни ҳам зикр қилиб фақат ривоят қилиш билан шуғулланди. Булар “Аҳли ҳадислар” деб номланди. Яна бир қисмки, улар ҳадис ривоятига киришмади, балки ўзларини шаръий манбалардан ижтиҳод ила ҳукм чиқаришга бағишлашди. Ҳадис ривоятига эса фақат зарурат юзасидан, бирор фиқҳий масалага далил исташ вақтларидагина юзланишар эди. Булар “Аҳли рай” деб номланди.

Ўша давр уламоларининг машғулотларидан келиб чиқиб берилган бу номларга баъзи инсонлар алданиб қолишди ва “аҳли ҳадислар” қиёсни шаръий ҳужжат ўрнида қабул қилишмайди, “аҳли рай” эса ўз рай (фикр)ларини шаръий ҳужжатлардан олдинга қўйишади, деб ўйлашар эди. Аслида эса ҳақиқат бошқача бўлган. Уламоларнинг бу икки ном остида икки қисмга ажралишлари уларнинг мутахасислиги, асосий машғулотлари юзасидан эди холос. Ҳа, уларнинг ҳаммаси, фақат ҳадис ривояти билан шуғулланган аҳли ҳадислари ҳам, фақат ижтиҳод билан шуғулланган аҳли райлари ҳам китоб ва суннат матнларини қиёс ва ижтиҳоддан устун кўришар эди.

Жуда кўпчилик эса “Аҳли рай” исмидаги “рай” (фикр) сўзини нотўғри тушуниб, бу ердаги “рай” сўзи фақат мантиққа асосланган шахсий қарашлар деб ўйлашди. Ҳақиқат эса бошқача эди. Бу номдаги “рай” сўзи ижтиҳодда энг асосий ҳужжат саналмиш ҳадисдан, яъни, Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги “اجتهد برأيى” (ўз райим билан ижтиҳод қиламан) деган иборадан олинган эди. Ҳазрати Муознинг бу сўзидан Қуръон ва суннатда далили келмаган масалани далили келган бошқа масалага таққослаб ҳукм чиқариш кўзда тутилади. Зотан, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ёзган мактубидан шу маъно маълум бўлади. Унда Умар розияллоҳу анҳу “Муоз ибн Жабал” ҳадисини зикр қилгач, шундай ёзган: “Қуръон ва суннатда сенга етиб келмаган масалалар ечимида фаҳмингни ишга сол. Дастлаб бир-бирига ўхшаш масалаларни яхшилаб билиб ол. (Китоб ва суннатдан далили бор ва далили йўқ, бир-бирига ўхшаш масалаларни билиб ол). Кейин бирини иккинчисига таққослаб қиёс йўли ила ечим бер. Бунда Аллоҳ ва Расулига муҳбуброқ деб билганингни танла”. (Имом Байҳақий Идрис ал-Авдийдан ривоят қилган).

Ҳа, аҳли рай уламолари ўз қарашларини китоб ва суннатдан асло устун қўйишмаган. Биласизми, аҳли рай ичида энг донгдори имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мана бу сўзини Вакиъ раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган: “Баъзи қиёсларидан кўра масжидга бавл қилган яхшироқ”. (Бу гапда имомимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Kитоб ва ё суннатдан далили бор масалага бу иккиси қолиб рай билан қиёслаб ечим топганларни назарда тутган. Тарж).

Ҳофиз ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ Ҳасан ибн Солиҳдан қуйидагича ривоят қилган: “Нўмон ибн Собит илмда жуда пухта эди. Агар унинг наздида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламдан бирор ҳадис ишончли деб топилса, буни қўйиб бошқа далилга асло юзланмас эди”.

Яна шуни ҳам яхши билиш лозимки, баъзилар “Аҳли рай” деганда фақатгина ҳанафийларни тушунади. Бу нотўғри. Бу ном ўзларини шаръий манбалардан ҳукм чиқаришга баҳшида этган барча фақиҳларга нисбатан айтилган. Масалан бу номни Моликийларга нисбатан қўлланганини ҳам кўриш мумкин. Моликий мазҳабининг йирик олимларидан ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муватто”га ёзган шарҳини “ал-Истизкар лима тадаманнаҳу ал-Муватто мин маъони ар-рай вал-асор” (Муватто асари ўз ичига олган ҳадис ва рай маъноларини ёдга олмоқ) деб номлаган.

Ибн Қутайба раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Маориф” номли китобида бир боб ажратиб унда аҳли рай олимларни қатор санаб ўтган. Уларнинг ичида Ибн Абу Лайло, Имом Абу Ҳанифа, Рабиъа ар-Рай, Зуфар, Авзаъий, Суфёни Саврий, Молик ибн Анас, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумуллоҳларни келтириб ўтган (Ибн Қутайба. ал-Маориф. Б: 494-500).

Ҳофиз Абулвалид ал-Фарозий раҳимаҳуллоҳ баъзи моликий фақиҳларни шу ном билан тилга олган. Масалан у Аҳмад ибн Ҳилол ибн Зайд Аттор ҳақида шундай деган: “Моликий мазҳабида шартлар ҳофизи ва райда даҳо эди” (Тарихи уламои Андалус. Боб Аҳмад. 1/59).

Юқоридагилардан ойдинлашадики, “Аҳли рай” номи илгари ҳанафийлардан бошқа мазҳаб фақиҳларига ҳам қўлланган. Лекин ҳанафий фуқаҳолари ичида жузъий масалалар кенг ўрганилганидан бу лақаб худди ҳанафийларга хосдек тус олган холос. Ундан ташқари, ҳанафий мазҳабини чуқур ўрганмаган айримлар назарида баъзи ҳанафий мазҳабидаги масалалар ҳадислар зоҳирига мухолиф деб кўрилган. Ҳолбуки уларнинг ўзлари айни ўша масалаларда ҳанафийлар суянган ҳадисларни билишмайди ва ҳанафийларни шу масалаларда фақат райга асосланган, ҳадис уларга етиб бормаган деб ҳаёл қилишади. Худди шундай фикрловчилар орасида ҳам ҳанафийлар “аҳли рай” деб машҳур бўлган. Табиийки улардан кимлардир таъсирланган ва ўша хато фикрни қабул қилиб олишган. Булар ҳам ҳанафийларни “аҳли рай” деб танқид остига олишади.

Бу мавзуда энг ҳақ гапни ҳанбалий мазҳабига мансуб Сулаймон ибн Абдулқавий Тувфий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Мухтасару равда”да айтган: “Шуни яхши билингки, “Рай соҳиблари” атамаси изофий нуқтаи назардан шаръий аҳкомларда ақлни ишга солган ҳар бир кишига айтилади. Бу атама жамики ислом уламоларини ўз ичига олади. Чунки мужтаҳидлар ўз ижтиҳодида ақл ва мантиқни ишга солмай иложлари йўқ. Гарчи сиҳҳатида низо бўлмаган бирор манбани таҳқиқ қилишда бўлса ҳам. Аммо атоқ нуқтаи назаридан олсак бу атама салафи солиҳлар урфида хусусан ироқликларнинг номи бўлган. Яъни, Куфа аҳлидан Абу Ҳанифа ва унинг асҳобларига”.

Сулаймон ибн Абдулқавий шу гапдан кейин ҳанафийлар баъзи ҳадисларнинг зоҳирини нега олмаганлари ва уларга кимлар тарафдан таъна тошлари отилганини зикр қилиб ўтган. Кейин айтганки. “Баъзи салафлар Абу Ҳанифага жуда қаттиқ таъна қилишди, уларни бу ерда зикр қилиш ҳам тўғри келмайди. Аллоҳ таоло Абу Ҳанифани улар айтган айблардан пок қилган. Бу мавзуда гапнинг қисқаси шуки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бирорта ҳам суннатга қасддан ва қатъан хилоф қилмаган. Хилоф қилган жойларида ҳам очиқ-равшан ҳужжат ва кучли далиллар асосида ижтиҳод билан хилоф қилган холос. Унинг ҳужжатлари эса одамлар орасида йўқолиб кетгани йўқ. Ҳаммаси турибди. Унинг мухолифлари инсофсизлик қилишган. Имом Абу Ҳанифа хато қилган тақдирда битта, тўғри топганда эса иккита ажр олади. Унаг таъна тоши отганлар эса ё ҳасадчи ё ижтиҳод нималигини билмайдиган саводсизлардир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан Имом Абу Ҳанифа ҳақида билдирилган охирги саҳиҳ фикр ижобий бўлган. Уни мақтаб гапирган. Бу ҳақда ҳанбалий биродарларимиздан Абулварад “Усули дин” китобида эслаб ўтган. Валоҳу аълам биссавоб”. (Шарҳу Мухтасару ровда. 3/289)


©️ Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ.
“Усул ал-ифта ва адабуҳ”. Б: 68-72.


Таржимон: Ботиржон ТОЖИБОЕВ.

манба

. .